“Урушни биз кўрдик, бошқа ҳеч ким кўрмасин”

10:30 - 20.12.2021

20

Ўттиз уч йил мобайнида прокуратура органларида халқимизга хизмат қилиб келаётган Ўктамжон Абдурасуловни ўзи ўқиган Олтиариқ туманидаги 7-мактабга таклиф қилишди. У прокуратура органларининг қонунийликни таъминлаш борасидаги фаолияти қатори уруш қатнашчиси сифатида Афғонистондаги жанглар ҳақида сўзлаб берди.

«Урушни биз кўрдик, бошқа ҳеч ким кўрмасин» дея энг бебаҳо неъмат – тинчликнинг қадрига етиш ва асраб-авайлаш ҳам қарз, ҳам фарзлигини таъкидлади. «Урушнинг уқубатини бошидан кечирганлар қаторида ҳозирги дориломон кунлар учун худога шукур қиламан», – деди  ўқувчиларга.

Ҳарбий хизматдан эсон-омон қайтган Ўктамжон Абдурасулов Тошкент давлат университетининг ҳуқуқшунослик факультетида таълим олди. Сўнг Олтиариқ тумани прокурорининг жамоатчи ёрдамчиси вазифасида ишлай бошлади. 1994–2008-йилларда Қиргули тумани прокурорининг катта ёрдамчиси, Фарғона вилояти прокуратурасида бўлим прокурори, Бош прокуратуранинг бошқарма прокурори, Фарғона вилояти прокуратураси бўлим бошлиғи лавозимларида ишлаб, билим ва тажриба орттирди.

Фарғона вилояти прокурорининг вояга етмаганлар ишлари бўйича катта ёрдамчиси лавозимида ўқувчиларнинг бесабаб дарс қолдиришининг олдини олиш, дарсдан кейин бўш вақтини мазмунли ўтказишини ташкил этиш бўйича эътиборга молик ташаббуслар билан чиқди. Унинг таклифи билан вилоят прокуратураси, ИИБ, халқ таълими бошқармаси ҳамкорлигида коллеж ва мактабларда ўқувчиларнинг ўқишга келиб-кетиши устидан электрон назорат йўлга қўйилди. Регистраторларни ўрнатиб берган корхона томонидан ўқувчилар жетонлар билан таъминланди. Аппаратлар ота-оналарнинг телефонлари билан боғланган, дарсларга қатнашган-қатнашмагани ҳақида маълумот етказиб турган. Муҳими, мактаб ва коллежларда давомат яхшиланди.

Ўктамжон Абдурасулов 2008 йили Қўштепа тумани прокурори вазифасига тайинланди. Туман аҳолиси асосан қишлоқ хўжалиги билан машғул, тадбиркорлик оқсаётган эди. Пахта ва буғдой етиштириш шартномасини бажаришлари учун фермер хўжаликларининг муаммоларини ҳал этишга эътибор қаратилди. Экин майдонларидан ноқонуний фойдаланишнинг олдини олиш чоралари кўрилди.

– Туман прокуратурасининг ташаббуси, туман ҳокимлигининг қўллови билан Солижонобод маҳалласида бўш турган бинода Тадбиркорлар уйи ташкил қилинган, – дейди суҳбатимиз давомида Ўктамжон Абдурасулов. – Тадбиркорликни ривожлантириш дастури ишлаб чиқилиб, ҳар икки ойда бир марта тумандаги ташкилот ва корхоналарнинг вакиллари иштирокида ўтказилган учрашувларда уларнинг муаммолари ҳал этиб борилган.

Ўктамжон Абдурасулов Мажбурий ижро бюроси ташкил этилган пайтдан буён шу тизимда ишлаб келмоқда. Тошлоқ ва Қўштепа туманида бўлим бошлиғи лавозимида ишлади. Айни пайтда вилоят бошқармасида катта инспектор лавозимида меҳнат қиляпти. МДҲ давлатлари ҳукуматлари раҳбарлари кенгаши қошидаги байналмилалчи жангчилар қўмитаси таклифи билан ҳарбий хизматни Афғонистонда ўтаган ўн нафар фахрий қатори Ўктамжон Абдурасулов Россия пойтахти ва шаҳарларида жанговор ҳаракатлар ниҳоясига етганининг 31 йиллигини нишонлаш тадбирларида қатнашди. 2021 йил январь ойида қўмита томонидан «Жанговар ҳаракатлар фахрийси» медали билан тақдирланди.