Айбдорлар қамоқда, аммо жиноят давом этарди…

12:30 - 20.12.2021

21

Прокуратура тизимидаги ходимларнинг аксарияти прокурор ёрдамчиси бўлиб иш бошлайди. Саидамир ака эса фаолиятини терговчиликдан бошлаган экан. У бу ҳақда суҳбатимиз бошида айтиб ўтар экан, 1969–1971-йилларда Калинин (ҳозирги Зангиота) тумани прокуратурасида иш бошлагани-ю, прокуратура терговчиси Қўчқор Юсуповдан касб сирларини ўргангани, шундан кейин 11 йил давомида терговчи лавозимида ишлаганини сўзлаб берди.

«Терговчилик нафақат мураккаб, балки ўзига хос қизиқ соҳалардан бири, – дея гапида давом этади Саидамир ака. – Ишни бир варақ қоғоздан бошлайсиз. Жиноятни фош этгунча эса томлар пайдо бўлади. Ишни тугатгач, енгил нафас оласизу навбатдагиси билан шуғулланишга киришасиз…».

Салкам 40 йил прокуратура тизимида самарали фаолият юритган, туман прокуратураси терговчилигидан вилоят прокурорлигигача бўлган йўлни босиб ўтиш баробарида ўнлаб шогирдларга устозлик қилган, «Ўзбекистон Республикаси прокуратурасининг фахрий ходими» кўкрак нишони соҳиби Саидамир Мухторов бугун ҳам бўш ўтиришни ўзига эп кўрмайди. – Набираларим билан овунаман.

«Бекорчидан худо безор» деган гап бор-ку?! – дейди Саидамир ака. – Уларни мактабга, боғчага олиб бориб, олиб келаман. Бўш қолсам китоб варақлайман, ҳовлида ҳам юмуш топилади…


Жиноятнинг катта-кичиги бўлмайди. Аммо гоҳида шундай жиноятлар ҳам учраб турадики, улар ҳақида нафақат ёзишга, балки бировга гапириб беришга ҳам тил бормайди. Бундан 45 йил аввал Тошкент вилоятида содир этилган жиноят ана шундайлар тоифасидан эди.

У пайтлар интернет, ижтимоий тармоқ деган гап-сўзлар йўқ, шу боис хориждаги янгиликлар у ёқда турсин, қўшни маҳаллада юз берган ҳодисаларни ҳам биров билса, бошқаси эшитмай қоларди. Аммо 1976 йилда Бекобод шаҳрида рўй берган мудҳиш жиноят зумда оғизданоғизга ўтиб, эшитганларни саросимага солиб қўйди. Ахир боғча боласининг жинсий зўравонлик қурбони бўлиши ҳазилакам воқеами?! Ҳодиса юзасидан Бекобод шаҳри прокуратураси томонидан жиноят иши қўзғатилиб, тергов бошланади. Кўп ўтмай Павлов фамилияли шахсга нисбатан айблов эълон қилиниб, у эҳтиёт чораси сифатида қамоққа олинади.

Бироқ орадан кўп ўтмай мазкур ҳудудда худди шундай яна бир жиноят – бу сафар ҳам ёшгина қизалоққа нисбатан жинсий зўравонлик содир этилади. Тергов гуруҳининг боши қотади. Ахир гумонланувчи Павлов қамоқда бўлса…

Ёки унинг шериклари бормикан?! Бу тахмин ҳақиқатга унчалик тўғри келмайди. Чунки, биринчидан, ҳар икки ҳолатда ҳам жиноятчи бир усулни қўллаган, қизчаларни ширинлик билан алдаб, тузоққа туширган. Иккинчидан эса жабрланувчилар зўрлик ишлатган шахс бир киши бўлганини айтиш баробарида, гумонланувчини кўриб, ўша одам дея бош ирғашган. Устига-устак гумонланувчи ҳам айбини бўйнига олган бўлса…

Шундан кейин Тошкент вилояти прокурори алоҳида муҳим ишлар бўйича терговчи лавозимида ишлаётган Саидамир Мухторовни ҳузурига чақиртиради ва мазкур жиноят иши билан шахсан шуғулланиши ҳақида топшириқ беради.

Саидамир ака шу куниёқ сафарга отланади. Бекободга етиб боргач, ишни тафсилотларни ўрганишдан бошлаб, кечани кундузга улайди. Ўша кезларда Москвадан юборилган десантчилардан бири бўлмиш Волков вилоят ИИБ бошлиғининг ўринбосари лавозимини эгаллаган бўлиб, айнан унинг талаби билан Павлов қамоққа олинган экан. Саидамир ака илгари шу турдаги жиноятни содир этиб жазони ўтаган собиқ маҳкумларнинг юриштуриши билан қизиқади, тергов билан бир вақтда оператив ишларни ҳам бир-бирига боғлиқ ҳолда олиб боради. Шунингдек, айбланувчининг кўрсатмалари билан танишади, жабрланувчи қизалоқлар билан оналарининг иштирокида суҳбатлашади.

– Қизчалар билан гаплашиш жуда қийин кечган, – дея эслайди Саидамир ака. – Улар ҳар бир саволга жавоб беришдан олдин онасига бир қараб олар, ҳам жисмоний, ҳам руҳий жароҳатнинг ўчиб улгурмаган излари жовдираб турган кўзларидан билиниб турарди. Ўз навбатида онанинг биргина ишораси билан ҳозиргина берилган «ҳа» деган жавоб шу заҳоти «йўқ»қа айланарди. Шундан кейин уларнинг ёнида педагог ҳамда тарбиячиларни олиб қолиб, оналарини чиқариб юборишга тўғри келган…

Буни қарангки, айнан ўша кезда боғча ёшидаги яна бир қизалоқнинг номусига тажовуз қилингани ҳақида ахборот олинади. Шу куниёқ учала жабрланувчи ёрдамида гумонланувчининг фотороботи тайёрланиб, тарқатилади. Шунингдек, қидирув ҳудудини кенгайтиришга қарор қилинади ва қўшни туманлар ҳамда вилоятларга сўров жўнатилади. Кўп ўтмай Олмалиқ шаҳридан шу каби жиноят содир этилгани, гумонланувчининг айби исботланиб, 8 йилга озодликдан маҳрум қилингани ҳақида хабар олинади.

Саидамир ака Олмалиққа йўл олади, маҳкум билан учрашади. Маҳкумнинг кўрсатмаларидан ташқари, юз тузилиши ҳам фотороботдан фарқ қилиши у кишининг эътиборини тортади. Бироқ хулоса чиқаришга ҳали эрта эди.

У Бекободга қайтиб келиши билан қўшни Ленинобод вилоятининг Ғафуров, Чкалов ҳамда Ленинобод шаҳарларида шу турдаги жиноятлар содир этилгани ҳақида маълумот келади ва Саидамир ака яна сафарга отланади. Айтмоқчи, мазкур хабарда гумонланувчи шахс қўлга олингани ҳам айтилган эди. Аммо у киши Ленинободга етиб борганида айб эълон қилинган шахс судгача етиб бормагани, тергов изоляторида вафот этгани ҳақидаги хабарни эшитади.

Шундан кейин яна тинимсиз суриштирувлар бошланади. Тезкор ходимлар ишга жалб қилиниб, бир неча ўнлаб шахслар терговга чақирилади. Ва ниҳоят машаққатли меҳнатнинг самараси кўриниб, калаванинг учи топилгандек бўлади. Фотороботдаги тасвирга жуда ўхшаш шахс гумонланувчи сифатида терговга жалб қилинади. 28-30 ёшлардаги Степанов ўзини жуда хотиржам тутади.

Айрим гумонланувчилар бир-икки саволдаёқ қўл-оёқлари титраб, гапидан тутилиб қолса, у жиноят билан боғлиқ саволларни бир туки ҳам қилт этмай, бемалол эшитади. Гапни айлантириб, ҳеч нарсани тан олмайди. Аксарият пайтда эса без бўлиб ўтираверади. Охири Степановнинг шахси, оилавий аҳволи билан танишиб чиққан Саидамир аканинг биргина саволи унинг барча қаршиликларини зумда парчалаб ташлайди.

– Унинг олти-етти ёшлардаги қизчаси борлигини эсладим-да, таваккал қилиб, «Тасаввур қилгин, агар сенинг қизинг билан ҳам шу ишни қилишганда нима қилар эдинг? Қизчангни ҳам қийнашса-ю у сени ёрдамга чақирса… Сен эса ёрдам беролмасанг, нима қилардинг?» деб савол бердим. Степанов ўтирган жойида қотиб қолди, – дея ўша кунларни хотирлайди Саидамир ака. – Ранги оқариб, бўйин томирлари бўртиб чиқди. «Ҳа, “Танаси бошқа дард билмас” деб бежиз айтилмаган экан-да?! Ўзинг қизалоқларни зўрлаганингда қизинг кўз олдингга келмаганмиди?! Ахир улар ҳам деярли қизингнинг ёшида бўлган-ку?!». Шуларни хаёлимдан ўтказар эканман, секин уни кузата бошладим. Степанов анчагача жим ўтирди. Кейин тўсатдан менга тик қараб, қилмишларини бир бошидан айтиб бера бошлади…

Айтмоқчи, мазкур жиноят фош бўлиши билан десантчи Волков хайр-маъзурни насия қилиб юртига жуфтакни ростлайди. Маълум бўлишича, айнан унинг талаби билан қилинган таҳдидлар туфайли Павлов жиноятни бўйнига олиб, айбсиз айбдорга айланган экан. Шундан кейин Павлов қамоқдан озод қилиниб, жиноят иши бекор қилинади. Олмалиқдаги ноҳақлик қурбони ҳам озодликка чиқарилади. Степанов эса суд томонидан ўлим жазосига ҳукм қилинади…

Саидамир Мухторовнинг фаолиятидан бу каби мисолларни яна кўплаб келтириш мумкин. Бунга эса аввало ҳалоллик, касбга садоқат, инсон тақдирига бефарқ бўлмаслик ҳамда тинимсиз меҳнат орқали эришилади.

Ғофуржон АЛИМОВ,
«Huquq»