Жиноят — боланинг шўхлиги эмас

18:00 - 17.12.2021

16

Бола ҳуқуқларини ҳимоя қилиш доимо давлатимизнинг бирламчи вазифаларидан бири бўлиб, мазкур соҳага оид қонунчилик базаси такомиллаштириб борилмоқда. Бола ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенциянинг 1-моддасида 18 ёшга тўлмаган ҳар бир инсон, агар болага нисбатан қўлланадиган қонун бўйича у эртароқ балоғатга етган деб топилмаган бўлса, бола ҳисобланади дейилади. 6-моддасида эса ҳар бир бола яшаш учун ажралмас ҳуқуққа эга ҳамда боланинг омон яшаши ва соғлом ривожланиши учун мумкин қадар юқори даражада имконият яратиб берилиши керак деб қайд этилган.

Мамлакатимизда юздан ортиқ миллат яшайди. Улар ирқи, ранги, жинси, тили, эътиқодидан қатъи назар, бирдай ижтимоий ҳимоя қилинади. Соғлом боланинг туғилиши биринчи навбатда онанинг соғлиғига боғлиқ. Оилада соғлом муҳитни яратиш, унинг иқтисодий, маънавий асосларини мустаҳкамлаш жамиятнинг мустаҳкамлиги билан боғлиқ. 18 ёшгача инсоннинг онги, ахлоқи, маънавий қиёфаси шаклланади.

Криминологларнинг тадқиқотларига кўра ўсмирлар ҳуқуқбузарлигига ҳамда уларнинг жабрланувчи бўлиб қолишига 200 га яқин омил таъсир қилади. Буларнинг энг асосийси бола яшаётган оиланинг таъсиридир. Демак, бугун жамият манфаати нуқтаи назардан фуқаролик жамияти институтлари, жамоат ташкилотлари оилалар билан ишлаш бўйича махсус режа ишлаб чиқиши ва амалга ошириши лозим. Болалар жиноят содир этаётган ҳолатлар учраб турибди.

Кузатишларга кўра атрофдагилар кўпинча уларнинг жиноятини ёши билан боғлиқ бўлган шўхлик деб ҳисоблайди ва бу ҳақида ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига хабар бермайди. Мактабларда узрли сабабларсиз дарсга бормай юрган ўқувчиларни ўқиш жойларига қайтариш, улар содир этиши мумкин бўлган жиноятларнинг олдини олиш мақсадида тегишли ташкилотлар таълим муассасалари билан ҳамкорликда «Ўқувчи», «Давомат», «Ўсмир» ва «Тун» тадбирларини ўтказиб келмоқда. Шундай тадбирларда назоратсиз юрган ёшлар аниқланиб, уларнинг ота-оналари ва ўқитувчилари иштирокида профилактик суҳбатлар ўтказилаяпти. Шунингдек, болаларнинг дарсга боришига ота-оналари ёки уларнинг ўрнини босувчи шахслар тўсқинлик қилган ҳолатлар ҳам аниқланиб, уларга нисбатан маъмурий жавобгарликка доир ишлар қўзғатилмоқда.

Ҳар бир фарзанд халқимизнинг эртанги ҳаётига дахлдор шахсдир. Уларнинг нафақат моддий эҳтиёжларини қондиришимиз, шу билан бирга ҳуқуқ ва манфаатларини ҳам ҳимоя қилишимиз, бўш вақтини мазмунли ўтказишига кўмаклашишимиз давр талабидир.

«Бола ҳуқуқларининг кафолатларини таъминлаш тизими янада такомил­лаштирилиши муносабати билан айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қонун 7 декабрь куни президент томонидан имзоланди. Киритилган ўзгартиришларга кўра, 13 ёшга тўлган шахсларнинг жиноий жавобгарликка тортилиши бекор қилинди. Шунга кўра, жиноий жавобгарликка тортиш 14 ёшдан бошланади.