Кредит ғалваси

16:30 - 17.12.2021

15

Мамлакатимизда шартномавий муносабатларни ривожлантириш, тадбиркорларга имтиёзли кредит ажратиш ва уларни қўллаб-қувватлашга оид бир қатор қонун ҳужжатлари қабул қилинган. Аммо айрим ҳолатларда юридик ва жисмоний шахслар шартнома интизомига риоя қилмай, қонун ҳужжатлари талабларини бузишмоқда.

Хусусан, 2018 йил 8 июнда «Ипотека» банки ва «Алпомиш» хусусий корхонаси ўртасида тузилган кредит шартномасига асосан банк хусусий корхонага 36 ой муддатга йиллик 18 фоиз устама тўлаш шарти билан «Қиш лоққурилишбанк»нинг Шўрчи филиалидан 2018 йил 5 июндаги 79/02-кредитни ён бериш шартномасига асосан кредит қарзини сотиб олиши, корхонага тегишли 2416 квадрат метрлик 2 та сунъий қопламали спорт майдони қуриш ва корхонага тегишли меҳмонхонани таъмирлаш учун 700 млн. сўм кредит ажратиши белгиланган.

Шунингдек, кредит шартномасига 2019 йил 4 сентябрда 216/1-ўзгартиш ва қўшимчалар киритилиб, кредит шартноманинг 2.2-банди кредитнинг асосий қарзига қўлланган 24 ойлик имтиёзли давр тугаганидан кейин ушбу шартноманинг 1-иловасига мувофиқ 25-ойдан бошлаб ҳар ойнинг 10-санасида кредит бўйича асосий қарз 60 ой мобайнида қайтариб борилиши кўрсатилган.

Кредит таъминоти сифатида Шўрчи шаҳри, Наврўз маҳалласи, А.Бўтаев кўчаси 51-уйда жойлашган «Алпомиш» хусусий корхонасига тегишли бинолар 875 млн. сўмга баҳоланиб, гаровга олинган. Хусусий корхона кредит шартномасида белгиланган шартларни бажармасдан, кредит ва унга ҳисобланган фоизларни ўз вақтида тўламагани сабабли тарафлар ўртасида низо келиб чиққан. Шундан сўнг Савдо-саноат палатасининг Сурхондарё вилояти бошқармаси «Ипотека» банкининг Сурхондарё вилояти филиалининг манфаатини кўзлаб судга ариза билан мурожаат қилиб, «Алпомиш» хусусий корхонасидан 606 млн. 600 минг сўм асосий қарз, тўлов жадвали бўйича муддати ўтган 88 млн. 400 минг сўм кредит қарзи, 44 млн. сўм кредит фоизи, жами 739 млн. сўм қарзини ундиришни сўраган.

Денов туманлараро иқтисодий судининг 2019 йил 3 июндаги қарори билан мазкур даъво қаноатлантирилган. Ушбу суд қарори чиқарилганидан сўнг «Алпомиш» хусусий корхонаси тўлов жадвали бўйича муддати ўтган кредит қарзи ва фоизини тўлагани сабабли тарафлар ўртасида келишув битими тузилган.

Кейинчалик ушбу кредит шартномаси юзасидан тўлов жадвалига нисбатан яна юзага келган 22 млн. 857 минг 205 сўм 73 тийин муддати ўтган асосий кредит қарзи, 84 млн. 594 минг 818 сўм 57 тийин муддати ўтган кредит фоизи жавобгар томонидан ўз вақтида тўланмагани оқибатида тарафлар ўртасида янги низо пайдо бўлади.

Шундан сўнг Савдо-саноат палатасининг Сурхондарё вилояти бошқармаси «Ипотека» банкининг вилоят филиалининг манфаатини кўзлаб судга мурожаат қилиб, «Алпомиш» хусусий корхонасидан 634 млн. 196 минг 347 сўм 5 тийин муддатли кредит қарзи, 22 млн. 857 минг 205 сўм 73 тийин муддати ўтган асосий кредит қарзи, 84 млн. 594 минг 818 сўм 57 тийин муддати ўтган фоиз тўлови, жами 741 млн. 648 минг 371 сўм 35 тийин қарзни ундириб бериш, ундирувни кредит таъминоти сифатида гаровга қўйилган бинога қаратишни ҳамда ушбу бинонинг бош ланғич баҳосини 875 млн. сўм этиб белгилашни сўраган.

Денов туманлараро иқтисодий судининг 2021 йил 28 июндаги ажрими билан суднинг мазкур низо юзасидан қонуний кучга кирган ҳал қилув қарори мавжудлиги боис ушбу даъво аризаси юзасидан иш юритиш тугатилган.

Савдо-саноат палатасининг вилоят бошқармаси томонидан Денов туманлараро иқтисодий судининг 2021 йил 28 июндаги ажримига нисбатан келтирилган апелляция шикояти Сурхондарё вилояти суди иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъатининг 2021 йил 13 августдаги ажрими билан апелляция шикояти палата давлат божини тўламагани сабабли қайтарилган.

Шундан сўнг суднинг мазкур ажримига нисбатан вилоят прокуратураси томонидан 2021 йил 28 августда апелляция протести келтирилган. Сурхондарё вилояти суди иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъатининг 2021 йил 9 сентябрдаги ажрими билан протестни иш юритувига қабул қилиш рад этилган. Бунга асос сифатида ИПКда шикоят қилиш (протест келтириш) учун белгиланган муддат ўтказиб юборилгани кўрсатилган.

ИПКнинг 262-моддасига кўра агар қонунчиликда бошқача муддат белгиланмаган бўлса, апелляция шикояти биринчи инстанция суди томонидан шикоят қилинаётган ҳал қилув қарори қабул қилинган кундан эътиборан бир ой ичида берилиши мумкин.

Апелляция шикоятини беришнинг ўтказиб юборилган муддати шикоят берган шахснинг илтимосномаси бўйича апелляция инстанцияси суди томонидан, агар илтимоснома ҳал қилув қарори қабул қилинган кундан эътиборан икки ойдан кечиктирмасдан берилган ва апелляция шикоятини бериш муддати ўтказиб юборилишининг сабаблари суд томонидан узрли деб топилган бўлса, тикланиши мумкин.

Ўзбекистон Олий хўжалик суди пленумининг 2015 йил 19 июндаги «Иқтисодий судлар томонидан процессуал муддатларга оид қонун нормаларини қўллашнинг айрим масалалари тўғрисида»ги 283-қарорининг 5-бандига кўра процессуал муддатнинг тугаш куни ИПКнинг 120-моддасига мувофиқ аниқланади. Процессуал муддатнинг тугаш куни деганда ушбу муддатнинг охирги куни, агар охирги куни иш куни бўлмаган кунга тўғри келган бўлса, ундан кейин келадиган биринчи иш куни тушунилади.

Бироқ Сурхондарё вилояти судининг иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъати даъвогар прокуратурага мурожаат қилишдан олдин апелляция муддатида апелляция шикояти берганини, апелляция шикояти қайтарилгандан сўнг прокуратурага мурожаат қилганини, суд қарори вилоят прокуратурасига келиб тушмаганини, биринчи инстанция судида прокурор иштирок этмаганини ва ушбу асосларга кўра ҳал қилув қарори қабул қилинган кундан эътиборан икки ойдан кечиктирмасдан протест келтириш муддатини тиклаш ҳақида асослантирилган илтимоснома билан апелляция протести келтирилганини инобатга олмасдан апелляция протестини асоссиз равишда иш юритишга қабул қилишни рад этган. Сурхондарё вилояти прокуратураси томонидан мазкур иқтисодий иш суддан чақиртирилиб ўрганилиши натижасида вилоят судининг ажримига нисбатан кассация протести келтирилган.

Протест 2021 йил 27 октябрда Олий судда кўрилиб, Сурхондарё вилояти суди иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъатининг 2021 йил 9 сентябрдаги ажрими тўлиқ бекор қилиниб, вилоят прокуратурасининг апелляция протести Сурхондарё вилояти суди иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъатига мазмунан кўриш учун юборилди.

Шу каби Савдо-саноат палатаси вилоят бошқармасининг «Ипотека» банкининг Сурхондарё вилояти филиали манфаатини кўзлаб «Алпомиш» хусусий корхонасидан 960 млн. сўм муддатли кредит қарзи, 45 млн. сўм муддати ўтган асосий қарз, 313 млн. 784 минг 616 сўм 82 тийин муддати ўтган фоиз – жами 1 млрд. 318 млн. 784 минг 616 сўм 82 тийин қарзни ундириш ҳақидаги даъвоси Денов туманлараро иқтисодий судининг 2021 йил 28 июндаги ажрими билан иш юритишдан тугатилган.

Сурхондарё вилояти суди иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъатининг 2021 йил 9 сентябрдаги ажрими билан вилоят прокуратураси томонидан биринчи инстанция судининг ажримини бекор қилиш юзасидан келтирилган апелляция протестини иш юритишга қабул қилиш рад этилган. Сурхондарё вилояти прокуратураси томонидан иқтисодий иш суддан чақиртирилиб ўрганилиши натижасида вилоят судининг ажримига нисбатан кассация протести келтирилган.

Мазкур протест ҳам 2021 йил 25 октябрда Олий судда кўрилиб, вилоят суди иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъатининг 2021 йил 9 сентябрдаги ажрими тўлиқ бекор қилинди.

Мохира ҚУРБОНОВА,
Бош прокуратура бошқарма катта
прокурори