Инсон ҳуқуқлари декларацияси: дунёдаги жамики одамлар тенг ҳуқуқлидир

10:30 - 17.12.2021

12

Жаҳонда инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича 400 га яқин халқаро ҳуқуқий ҳужжат мавжуд. Аммо улар орасида Бирлашган Миллатлар Ташкилоти томонидан 1948 йил 10 декабрда қабул қилинган Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси алоҳида аҳамият касб этади. Бу сана инсон ҳуқуқлари халқаро куни сифатида ўшандан буён кенг нишонлаб келинади.

Инсон ҳуқуқлари нима? Бу аввало ҳар бир инсоннинг миллати, яшаш жойи, жинсидан қатъи назар унга тааллуқли бўлган ҳуқуқлар мажмуидир. Дунёдаги жамики одамлар тенг ҳуқуқлидир.

Иккинчи жаҳон урушида фашизмнинг инсоният бошига қанчалар кулфат ёғдиргани тарихдан маълум. Шу уруш туфайли дунёнинг кўпгина мамлакатларида фашистлар амалга оширган хунрезликлар, ўн миллионлаб бегуноҳ одамларнинг қирилиб кетиши урушнинг қандай офатлигини яққол кўрсатиб берди. Натижада дунё аҳли таҳқирланган, камситилган, қурбон бўлган инсонлар тақдиридан сабоқ чиқаришга мажбур бўлди. Шу сабабли 1948 йил 10 декабрда БМТнинг Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси қабул қилинди. Мазкур декларация эълон қилинганидан буён БМТ томонидан инсон ҳуқуқ ва эркинликларига оид ўнлаб ҳужжат ишлаб чиқилди. Декларациядаги қоидалар ушбу ҳужжатни ратификация қилган давлатларда инсон ҳуқуқларига доир нормаларнинг ҳаётга изчил татбиқ этилишига туртки бўлмоқда.

Мамлакатимиз истиқлолга эришгач, Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларациясига алоҳида аҳамият бериб, уни биринчи халқаро шартнома сифатида ратификация қилди. Бу билан инсон ҳуқуқлари ҳамда эркинликларига доир халқаро нормаларга бўлган ҳурматини ва уларга риоя этишини намоён этди.

Ўзбекистоннинг халқаро ҳамжамиятдаги иштироки, айниқса Европада хавфсизлик ва ҳамкорликни таъминлашда фаоллик кўрсатиши, инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини ҳимоя қилиш бўйича анжуманларда қатнашиши ҳам муҳим сиёсий воқеалар бўлиб, бу ватанимизнинг халқаро миқёсда обрўси ортиб бораётганидан далолатдир. Қолаверса, Конституциямизда ҳам инсон ҳуқуқлари ва эркинликларининг устуворлиги мустаҳкамлаб қўйилди. Масалан, Асосий қонунимизда жаҳон тан олган халқаро ҳуқуқ меъёрларининг устуворлиги акс этган. Декларациянинг 1-моддасидаги қоида Конституциямизнинг 18-моддасида ўз ифодасини топган.

Бундан ташқари, шахснинг дахлсизлиги, озодлиги ва яшаш ҳуқуқлари, унинг қадр-қимматини ерга урувчи ёки ноинсоний, шафқатсиз қийноқлар ман этилиши декларация ва Асосий қонунимизда уйғун ҳолда ифодаланган. Ушбу қиёслар Конституциямизда инсоннинг умумэътироф этилган барча асосий ҳуқуқ ва эркинлик­лари ҳуқуқий жиҳатдан ифодаланганини яққол кўрсатиб турибди. Зеро, бугунги кунда башарият олдига инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини ҳимоя қилишнинг самарали механизмини таъминлашдек долзарб вазифа қўйилган. Инсон ҳуқуқлари ва унинг ҳимояси борасида дунё мамлакатлари бугунги кунда ўзаро ҳамкорлик қилишга, бир-бирлари билан тажриба алмашишга ҳаракат қилмоқда. Бу борада юртимизда олиб борилаётган ишларни эса дунё сиёсатчилари ва мутахассислари ҳам эътироф этишмоқда.