Судлар жиддий қонунбузилишларга йўл қўйган

18:00 - 16.12.2021

10

Иқтисодий суд тизимининг замон талаблари ва халқаро стандартларга мувофиқ ислоҳ қилиниши фуқаролар ва юридик шахсларнинг, инвесторларнинг ҳуқуқ ва манфаатлари ишончли ҳимоя қилинишини кафолатлади. Прокуратура органлари томонидан коммунал қарзларни ундириш ҳақидаги низоларнинг судларда кўрилиши таҳлил этилганда, бу соҳада жиддий қонун бузилишларига йўл қўйилгани аниқланди.

2018-2020 йиллар иқтисодий судларда жами 7,1 трлн. сўмлик 18898 та даъво аризаси кўрилган бўлиб, улардан жами 4,4 трлн. сўм ёки 61,9 фоизи ундирилмаган. Шундан 360 млрд. сўм қарз коммунал корхоналарнинг мансабдорлари масъулиятсизлик қилгани, хизмат вазифаларини лозим даражада ёки умуман бажармагани оқибатида ундирилмаган. Масалан, коммунал корхоналар вакиллари суд мажлисига сабабсиз келмагани, аризаларни ваколатсиз шахс имзолагани ва низони судгача ҳал қилиш тартибига риоя этилмагани сабабли жами 23,1 млрд. сўмлик даъво аризалари кўрмасдан қолдирилган. Коммунал корхоналар томонидан суд қарори билан илгари ундирилган жами 357,4 млн. сўмлик қарзларни такроран ундириш ҳақида ноқонуний даъволар ҳам киритилган.

Электр ва газ таъминоти корхоналари томонидан жами 4,6 млрд. сўм қарзни ўз вақтида ундириш чоралари кўрилмагани натижасида ҳозир қарздорлар тугатилиб, давлат реестридан чиқарилган. Шу каби газ таъминоти корхоналарининг жами 3,4 млрд. сўм қарзни ундириш талаби даъво муддати ўтгани ва шартномалар давлат рўйхатидан ўтказилмагани учун рад этилган.

Таъкидлаш лозимки, коммунал корхоналар томонидан қарзларни ўз вақтида суд орқали ундириш чоралари кўрилмагани оқибатида қайд этилган қарз ва пеняларнинг 8 млрд. сўмдан ошиғини ундириш имкони йўқолган.  Коммунал корхоналарнинг айби билан ундирилмаган қарзлар бўйича 2 млрд. сўмдан ортиқ бож ундирилиши эвазига давлат корхоналарига жуда кўп миқдорда зарар етказилган. Шунингдек, судлар ушбу тоифадаги низолар бўйича ноқонуний қарор қабул қилиши оқибатида 206,3 млрд. сўмлик қарзларнинг ундирилиши таъминланмаган.

Прокуратура органлари томонидан қайд этилган қонунбузилишларни бартараф этиш юзасидан коммунал корхоналарга 34 та тақдимнома киритилиб, 424 млн. сўм зарар ихтиёрий ундирилган. Қонун бузилишига йўл қўйган мансабдорларнинг 78 нафари интизомий ва 17 нафари маъмурий жавобгарликка тортилган. 10,3 млрд. сўмлик қарзларни ундириш ҳақида судларга 123 та даъво аризаси киритилиши таъминланган. Жиддий қонунбузилишлар юзасидан 2 та жиноят иши қўзғатилиб, ҳозир дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.  Таъкидлаш лозимки, 2017–2020 йилларда судларнинг 215 млрд. сўм коммунал қарзни ундиришни рад этган қарорлари прокурорларнинг протестларига асосан бекор қилиниб, давлат манфаати ҳимоя қилинган.