«Заковат» — тингловчилар қобилиятини баҳолади

16:30 - 16.12.2021

16

Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси академияси томонидан  Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳамда Ёшлар ишлари агентлиги билан ҳамкорликда Талабалар медиа ижтимоий ва маданият маcканида «Заковат» интеллектуал ўйини ташкил этилди.

Унда Бош прокуратура вакиллари, aкадемия раҳбарияти ва профессор-ўқитувчилари, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳамда Ёшлар ишлари агентлиги вакиллари, «Заковат» интеллектуал ўйини асосчиси Aбдурасул Aбдуллаев, шунингдек оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди. Интеллектуал ўйинда академия магистратурасининг «Прокурорлик фаолияти», «Тергов фаолияти», «Коррупцияга қарши курашиш», «Инсон ҳуқуқларига оид халқаро ҳуқуқ» йўналишларида таҳсил олаётган тингловчилардан иборат 4 та жамоа беллашди.

Тадбир академия тингловчиларининг миллий қонунчилик ҳамда прокуратура ва бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар фаолиятидан хабардорлик даражаси, шу билан бирга тингловчиларнинг тезкор ва мантиқий фикрлаш қобилиятини яна бир бор баҳолаш имконини берди. Саволларга жамоалар ёзма жавоблар тақдим этди. Иштирокчиларнинг билимини баҳолашда жавобларнинг тезкорлиги, мантиқий асосланганлиги, фикрнинг қисқа ва ихчам тарзда баён этилганлигига алоҳида эътибор қаратилди. Тадбир якунида ўйин ғолиблари ва фаол қатнашчилар Бош прокурорнинг махсус совғаси ҳамда бир қатор номинациялар бўйича фахрий ёрлиқлар билан тақдирланди.