Мунтазам ўқиш нима беради?

12:30 - 16.12.2021

25

Олимлар бутун умр мобайнида кучли ва ёрқин хотирани сақлаш сирларини аллақачон кашф этишган. Шулардан бири бирор-бир асарни мунтазам ва эринмасдан, чуқур ўйлаб мутолаа қилишдир. Бугунги кунга келиб одамлар ҳафсала билан ўқишга вақтини қизғанадиган бўлиб қолди. Ахир керакли китобни ўқий деса, бу ёқда муҳим ишлари қолиб кетаяпти-да. Ундан кўра пультни олиб, ёнбошлаб, чойни ҳўплаб телевизор кўргани яхши. Ёки бўлмаса, ноутбукни очиб, компьютер ўйинларининг виртуал оламига шўнғиш қандай мазза! Лекин… китобми-газетами ўқийдиган одамнинг ҳаёт пиллапояларидан юқорилаш имконияти ошиб бораверади. Улар узоқ яшашади ҳамда ёш кўринишади. Илмда исботланган бу ҳақиқатни унутмаслик керак. Энди китоб ўқиш фойдали эканлигини исботловчи 10 та сабабга мурожаат қиламиз.

Китоб ўқиш луғат бойлигини оширади

Турли жанрлардаги китоблар мутолаасида кундалик нутқда ишлатилмайдиган номаълум сўзларга дуч келасиз. Агар бу сўз сизга нотаниш бўлса, унинг маъносини луғатдан излаб юрманг. Асар мазмунидан атама нимани англатишини тушуниб олиш мумкин. Ўқишнинг яна бир фойдаси –бора-бора умумий саводхонлигингиз ошаётганини сезасиз.

Мулоқотга киришиш калити

Муттасил ўқиш ҳисобига нафақат саводингиз ортади, балки нутқ сўзлаш қобилиятингиз ҳам кучаяди. Ўз фикрларингизни бинойидек аниқ, лўнда ва тушунарли ифода эта бошлайсиз. Бир қатор мумтоз асарларни мутолаа қилганингиздан сўнг ҳикоя қилишга чечанлик иқтидорингиз ошиб боради. Қарабсизки, сизни зериктириб қўймайдиган суҳбатдош сифатида ҳурмат қила бошлашади. Айниқса умуман қўлига китоб ушламайдиган одамларда катта таассурот қолдирасиз.

Ўзингизга ишончни оширади

Китоб ўқиш ўзингизга бўлган ишончни оширади. Мулоқотда сухандонлигимизни ва билимдонлигимизни намоён қила олсак, беихтиёр ўзимизга ишончимиз ортиб, дадиллашиб кетамиз. Атрофдаги суҳбатдошлар бунақа қобилиятингизга тан берса, баҳонгиз беш!

Стрессни камайтиради

Бу дунёда стресс деган дарду балодан қутулишга интилиш жуда кўпчиликнинг ташвишига айланиб қолди. Китоб матнига шўнғиб кетишнинг шунақа хусусияти борки, у руҳиятингизга ором бағишлайди ва танадаги стерссни бартараф этади. Бу усул айниқса уйқу олдидан китоб ўқишда жуда қўл келади.

Хотира ва фикрлашни ривожлантириш

Асар мутолаасининг энг афзал жиҳатларидан бири фикрлаш қобилиятингизга ижобий таъсир кўрсатишидир. Ўқиш жараёнида асарнинг у ё бу ғоясини тушуниш учун қизғин муҳокамага киришиб кетамиз. Одатда ундаги кўплаб деталларни: образлар қиёфасини, кийимларини, атрофидаги нарсаларни тасаввур қила оламиз. Бундан ташқари, асарни тушуниш учун яна кўплаб майда-чуйда тасвирларни эсда сақлаб қолиш керак бўлади. Хотира ва мантиқий фикрлашни ўстиришда бунинг фойдаси катта.

Альцгеймер касаллигидан ҳимоя

Илмий тадқиқотларга кўра ўқиш чиндан ҳам мия касалликларига чалинишдан асрайди. Берилиб китоб ўқиётганда мия фаоллашади, доим ҳаракатда бўлади, бу эса унинг ҳолатини яхшилайди.

Доимо ёш кўринай десангиз

Бунинг учун китоб ўқишни канда қилмаслик керак. Чунки мия қариса одам танаси ҳам тезроқ қариб бориши аллақачон исботини топган. Ўқиш миянгизни тинч туришга қўймайди, муттасил ҳаракатда бўлишга ундайди, бунинг натижасида қарилик чекинаверади. Мияни ишлатиш керак деб бекорга айтишмайди-ку.

Ижодкор бўлишни орзу қилсангиз

Иқтидорли кишилар бирйўла бир нечта зўр ғоялар устида ишлашни билади. Хўш, бу ғояларни улар қаердан олади? Албатта китобдан. Асарни мутолаа қилар экансиз, ундан ғиж-ғиж ғояларни топишингиз мумкин. Кейин бу ғояларни ҳаётга татбиқ этиш ўзингизнинг қўлингизда.

Мириқиб ухлаш сири

Юқорида китоб ўқиш ухлашга ёрдам беришини айтган эдик. Агар сиз уйқу олдидан ўқишга одатлансангиз, танада бунга кўникма ҳосил бўлади, яъни ўқиш унга ўзига хос сигнал юборади – уйқуни чақира бошлайди. Мириқиб ухлаш эса эрталаб яхши кайфиятда уйғониш ва бардам юриш кафолатидир.

Диққатни жамлаш

Ўқиш чоғида асар мазмунини англаш учун диққатни бир жойга тўплашга тўғри келади. Агар бошқа нарсаларга чалғисангиз, мазмунни уқиб ололмайсиз. Фаолиятнинг ҳар қандай турида бу кўникма жуда муҳим ўрин тутади. Бунга қўшимча равишда китоб ўқиш сизни холис фикрлашга, оқилона қарор чиқаришга қодир инсон сифатида тарбиялашини айтиш мумкин.

Интернет хабарлари асосида Бахтиёр НАЗАРОВ таржимаси