Дорихона наркотиклари

10:30 - 16.12.2021

36

— Бир йил аввал ўғлимда асабийлашиш туфайли руҳий ҳолатида ўзгаришлар пайдо бўла бошлади, — дейди Дилдора Мамарасулова.

— Уни кучли неврологга кўрсатдик. Шифокор бу руҳият билан
боғлиқлигини, сабр қилса, ўтиб кетишини айтганди. Бошқа невролог шифокор тавсия қилган дори воситалари билан уни даволадик. Афсуски, бу хато иш бўлган экан. Ҳозиргача ўғлим ўша дорилардан қутила олмаяпти. Шифокор энди у дориларни ёзиб бермаса-да, қаерлардандир топиб уни ичишда давом этяпти.

Айни пайтда жамоатчиликни айрим ҳамюртлар, айниқса, ёшлар ўртасида кучли таъсир этувчи моддаларнинг истеъмоли кўпайгани ташвишга солаяпти. Бунга барҳам бериш учун Президентимиз томонидан 2019 йил 6 сентябрда “Дори воситалари ноқонуний айланишининг олдини олиш чораларини кучайтириш тўғрисида”ги қарор қабул қилинди. Айнан мазкур қарор бугун жамоатчиликни хавотирга солаётган дориларнинг ноқонуний айланишига йўл қўймаслик, кучли таъсир қилувчи моддалар айланишини тартибга солишни такомиллаштириш, шунингдек, аҳолининг соғлиғини сақлашда муҳим аҳамият касб этади.

— Бундай дорилар таркибида опий гуруҳига мансуб наркотиклар бор ва албатта тиббий мақсадда қўлланиши лозим, – дейди невролог шифокор Аслиддин Полвонов. – Бундай дорилар тутқаноққа қарши ишлатилади, гамма-аминомой кислотаси ҳосиласи. Улар оғриқни қолдиргани учун невралгияга чалинган беморларга буюрилади. Шифокор назоратисиз, ўзбошимчалик билан истеъмол қилинса, қарамликни келтириб чиқаради. Вақт ўтган сайин улар гиёҳвандга айланади. Қарамликнинг ҳам икки тури бор: жисмоний ва руҳий. Жисмоний қарамликда дори ичмаган пайтда бўғимларда оғриқ туради, иштаҳа йўқолиши, кўнгил айниши, сурункали ич кетиш, юрак оғриғи кузатилади.

Руҳий қарамликда эса дори ичмаган пайтда уйқусизлик, қўзғалувчанлик, жаҳлдорлик, агрессивлик, қўли ишга бормаслик ҳолатлари авж олади. Бу бора-бора юқори асаб тизимини ишдан чиқаради. Инсоннинг руҳий ва жисмоний саломатлигига путур етади. Саломатлигини йўқотгандан сўнг эса мушаклар оғрийди, тортишади, бош қаттиқ оғрий бошлайди. Оғриқдан қутулиш учун эса истеъмол қилиб юрган дорисининг дозасини ошириб бораверади. Охири инсоннинг ўлими билан якунланади.

Афсуски, ўрганишлар шуни кўрсатмоқдаки, баъзи дорихоналарда шахсий манфаат инсон саломатлигидек бебаҳо неъматдан устун қўйилаётган ҳолатлар учраб турибди. Айниқса, психотроп дориларнинг ноқонуний савдоси вилоятимизда ҳам бирмунча кўпайган.

– Департаментнинг Фарғона вилояти бошқармаси томонидан психотроп дориларни қонунга хилоф равишда муомалага киритиш ва уларнинг ноқонуний савдосига чек қўйиш мақсадида мунтазам равишда тезкор тадбир ўтказилиб келинмоқда, – дейди бошқарма катта инс пектори Дониёр Аъзамов. – Шу йилнинг ўн ойи мобайнида 8 та жиноят иши қўзғатилиб, қонунбузарлар тегишли тартибда жавобгарликка тортилди. Бешариқ, Данғара тумани ҳамда Марғилон ва Фарғона шаҳрида ноқонуний равишда психотроп дори воситаларини сақлаган ва уни сотган шахслар ушланди. Департаментнинг Бешариқ тумани бўлими ходимлари ўтказган тадбирда Учкўприк туманида яшовчи А.Нурматов Бешариқ туманида Б.Ортиғалиевга 30 касетадаги “Трамадол Santo 50 мг” дорисининг ҳар бир касетасини 110 минг сўмдан сотаётган пайтда қўлга тушди.

Бундай ҳаракатларни айрим тиббиёт ходимлари ҳам амалга ошираётгани ачинарли ҳолат. Данғара тумани кўп тармоқли поликлиникасида ишловчи психиатр шифокор М.Асқаровнинг яшаш хонадони масъул ходимлар томонидан кўздан кечирилганида турли хилдаги дори воситалари сақланаётгани маълум бўлди. Улар орасида 59 дона “Фенобарбитал 100 мг” ва 8 дона “Сибазон 5 мг” дорилари мавжуд бўлиб, уларнинг таркибида психотроп воситаси борлиги аниқланган. Бу икки ҳолат юзасидан жиноий иш очилди.

Шубҳасиз, суд айбдорларга жазо белгилади. Бизни эса масаланинг бошқа жиҳати кўпроқ ташвишга солади. Соғлиқни сақлаш вазирлигидан олинган маълумотга кўра, ҳозир гиёҳвандлик моддаларини истеъмол қилувчиларнинг кўпи ёшлар. Уларнинг аксарияти айнан “дорихона наркотиклари”га ружу қўйгани аниқланган.

Вилоятимизга ноқонуний равишда гиёҳвандлик воситалари, психотроп моддалар ва кучли таъсир қилувчи дори воситаларининг олиб кирилиши, сақланиши ва айланишига қарши Фарғона вилояти божхона бошқармаси ходимлари томонидан тизимли равишда тезкор тадбирлар ўтказилмоқда.

— 2021 йилнинг ўтган даврида 19 та ҳолатда умумий оғирлиги 2,6 кг опий, марихуанна, гашиш ва кўкнори каби гиёҳвандлик воситаларининг ноқонуний олиб ўтилиши, сақланиши ҳамда айланишига чек қўйилди, — дейди вилоят божхона бошқармаси Суриштирув ва маъмурий амалиёт бўлими суриштирувчиси Муроджон Қўлдошев. — Ўтказилган тезкор тадбирлар давомида 10 та ҳолатда умумий қиймати 650 миллион сўмдан зиёд бўлган 1008 дона “Трамадол” ва 15652 дона “Регапен” каби таркибида гиёҳвандлик моддалари бўлган, “Сомнол”, “Бензонал” ва “Андипал” каби 135 дона психотроп, шунингдек 152 дона “Трапикамид” номли кучли таъсир қилувчи дори воситаларининг ҳам ноқонуний равишда муомалага киритилишининг олди олинди.

Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар бундай қонунбузарликларга қарши мунтазам равишда курашади. Лекин ўз соғлиғимизга ўзимиз масъул бўлганимиз каби, баъзи истеъмолчилар ҳам соғлиғига дахлдор масалаларга нисбатан лоқайдлик қилмаган тақдирда бундай камчиликлар, қонунбузарликлар барҳам топиши мумкин.

Шоҳсанам ЭШМАТОВА,
журналист