Ҳамкорликда олиб борилган ишлар самараси

19:00 - 15.12.2021

17

БМТ Бош Ассамблеяси томонидан эълон қилинган 25 ноябрь Хотин-қизларга нисбатан зўравонликка барҳам бериш халқаро куни муносабати билан жорий йилнинг 15 декабрь куни Ўзбекистон Республикаси Адвокатлар палатаси, Бош прокуратураси, “Минтақавий мулоқот” Халқаро нодавлат ташкилоти, Тошкент шаҳар Аёлларни реабилитация қилиш ва мослаштириш маркази ҳамкорлигида “Адвокатлар зўравонликка қарши” мавзусида давра суҳбати ўтказилди.

Унда Бош прокурор ўринбосари Светлана Артикова, Америка Қўшма Штатларининг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва Мухтор элчиси Дэниел Розенблюм, ЕХҲТнинг Ўзбекистондаги лойиҳалар координатори Элчи доктор Пьер фон Аркс, “Минтақавий мулоқот” Халқаро нодавлат ташкилоти директори Мьюша Север, Ўзбекистон Республикаси Адвокатлар палатаси раиси Алим Эрназаров, палата адвокатлари ҳамда соҳа мутахассислари иштирок этди.

Тадбирда Давлатимиз Раҳбари ташаббуси билан кейинги йилларда мамлакатимизда хотин – қизлар муаммоларини ҳал этиш ва ижтимоий қўллаб – қувватлаш, уларнинг ҳуқуқларини таъминлашда давлат органлари масъулиятини кучайтириш, фуқаролик жамияти институтларининг ролини ошириш, аёлларга нисбатан зўравонлик ва тазйиқнинг ҳар қандай кўринишига барҳам бериш борасида адвокатуранинг ўрни муҳокама қилинди.

Америка Қўшма Штатларининг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва Мухтор элчиси Дэниел Розенблюм ўз сўзида аёлларга нисбатан зўравонлик ва тазйиққа барҳам бериш борасида Ўзбекистонда кейинги йилларда амалга оширилаётган ишлар тақсинга сазовар эканлигини таъкидлади.

Шунингдек, ЕХҲТнинг Ўзбекистондаги лойиҳалар координатори Элчи доктор Пьер фон Аркс Ўзбекистонда ушбу йўналишда амалга оширилаётган ишларда ҳамкорлик қилишга тайёрлигини билдириб, Ўзбекистон амалиётини бошқа давлатларга ҳам тарғиб қилиш кераклигини қайд этди.

Хотин – қизлар муаммоларини ҳал этиш ва ижтимоий қўллаб – қувватлаш борасида Бош прокуратура томонидан давлат органлари билан бир қаторда халқаро ташкилотлар, фуқаролик жамияти институтлари, адвокатлар палатаси билан ҳамкорлик ишлари давом этмоқда.