Тузини еб, тузлиғига…

16:00 - 15.12.2021

2

Бунёд фарзандининг хасталигини даволатиш харажатлари туфайли вақтида уй-жой қила олмади. У оиласи билан хотинининг тоғаси Б.Саиповнинг уйида вақтинча яшаб келар эди.

2021 йил февраль ойи бошларида Қутчи қишлоғида яшовчи У.Мавлоновдан “ВАЗ-2101” русумли автомашинани 8 млн. 500 минг сўмга сотиб олишга келишиб, дастлаб 1 млн. 500 минг сўм берди. Қолганини бир йил ичида бўлиб-бўлиб беришга келишди.

Бунёд машинада “Чоршанбе-Камар” йўналиши бўйлаб кира қилишни бошлаб юборди. Март ойининг ўрталарида Б.Саипов дала ишларига ёрдам берса, иш ҳақи беришини айтгани сабабли Шаҳрисабз туманидаги Пастдектор қишлоғида жойлашган фермер хўжалиги дала майдонидаги шийпонга кўчиб келди. Ўзи далада ишлади, хотини ферма ишчиларига овқат тайёрлади. Ваъда қилган тўловини вақтида бера олмаганлиги сабабли эгаси машинани ундан қайтариб олди.

Кунига яраб турган уловидан айрилган Бунёд нима қилиб бўлса ҳам уни қайтариб олиш истагида ёна бошлади. Бунинг учун эса пул топиш керак эди. Машинага етадиган пулни бирдан топиш осон иш эмас эди. Шунда унинг кўнглига шум ният оралади… Йигит У.Мавлоновга қўнғироқ қилиб, таклифини айтди:
– Машинани қайтариб оламан. Эвазига қўй бераман…
– Қўйларингни кўришим керак, – деди машина эгаси. – Нархи тўғри келса, келишган пулимизга ҳисоблаб оламан…

Бунёд Чуқун қишлоғидаги мактаб олдида қўшниси Р.Тиркашовни кўриб, унга тоғдан қўй олиб келиш учун машина топиб беришини сўради. У орқали Бахтиёр исмли киракашни топиб, дардини айтди:
– Жўрам Россияда, лалмида 7 бош қўйи бор, далада ўт йўқ экан, шу қўйларни танишига олиб келиб беришимни илтимос қилди. Шунга бориб келайлик….

Йўлкирани келишиб, унинг “ВАЗ-2101” машинасида Пастдекторга қараб жўнашди. Қўшниси ва Бахтиёрни дала пастидаги ариқ бўйида қолдириб, ўзи қўйларни ҳайдаб келишга жўнади. Секин бориб, шийпон деразасидан қараса, хотинининг тоғаси турмуш ўртоғи ва чўпони билан овқатланиб ўтиришган экан. Бунёд қўйхонанинг тахта ва симлар билан ўралган панжара эшигини очиб, 8 бош қўйни ариқ олдига ҳайдаб борди. Қўйларни машинага ортаётганида бир қўзи дашт томонга қараб қочди. Ортидан қувлаб борган Бунёд қоронғу бўлгани учун уни тополмасдан изига қайтди.

Қўшниси унга қўйлар ичидаги бир бош қўзини сотса, 500 минг сўм беришини айтди. Бели оғримаганнинг нон ейишини кўр, дейдилар. Бунёд дарҳол рози бўлди.

Шундан сўнг Қутчига йўл олишди. Бунёд машина эгаси У.Мавлоновга қолган қарзи эвазига 6 бош қўйни топширди. Бироқ йигитнинг қувончи узоққа бормади. Хотинининг қариндоши ундан гумон қилиб, ички ишлар бўлимига ариза берди.

Бунёд жирканч қилмишини бўйнига олишга мажбур бўлди… Жиноят ишлари бўйича Шаҳрисабз тумани судида ўтказилган очиқ суд мажлисида судланувчи Бунёд Жўраевнинг жиноят иши кўрилди. Судда аниқланишича, Б.Жўраев Б.Саиповнинг ўғли Абдулла Саипов номида бўлган масъулияти чекланган жамиятга тегишли 8 бош қўйни ўғирлаб, унга 12 миллион сўмлик зарар етказган. Унинг жинояти гувоҳларнинг кўрсатувлари ва бошқа далиллар орқали ҳам ўз исботини топди.

Суд ҳукм қилди. Унга кўра Жиноят кодексининг тегишли моддасига асосан Бунёд Жўраевга 3 йил муддатга озодликни чеклаш жазоси тайинланди. Жабрланувчиларга етказилган зарар ҳам ундан ундириб олинадиган бўлди.

Вазиятга қонуний баҳо берилди. Аммо унинг маънавий жиҳати кишини жуда ўйга толдиради. Ишонч билдириб, мурувват кўрсатиб, ўзига, оиласига бошпана, иш бериб, ғамхўрлик қилган одамнинг молини ўғирлаш ҳеч бир қуюшқонга сиғадиган иш эмас. Бундай жирканч ишга жазм этган йигит наҳотки унинг охири вой бўлишини ўйламади экан?

Дилфуза КУЧКАРОВА,
Қашқадарё вилояти
прокурорининг катта ёрдамчиси