“Бола пулинининг бир ойлиги меники”

10:30 - 15.12.2021

22

Ғиждувон тумани Қорахони маҳалласи раиси Бахтиёр Дармонов (исм-фамилиялар ўзгартирилган) олий маълумотли, тўрт фарзанднинг отаси. Уни эл дардига дармон, ташвишига шерик бўлади деб маҳалла раислигига сайлашган эди. Бироқ мансаб курсисига ўтиргач, Бахтиёр Дармонов  айниди. Эшиги тақиллаб шу маҳаллада яшовчи Отабек Ҳамидов кириб келаркан, раис бобо ундан ҳам умидвор бўлди.

– Раис бобо, икки ёшга тўлмаган болам учун нафақага ариза бермоқчи эдим.

– Майли, майли. Сизга бермай нафақани кимга берамиз, ука…

Отабек хурсанд бўлиб кетди. Ҳарна рўзғорига ёрдам. Боланинг ўзи учун у-бу нарса харид қилишади. Раис айтган ҳужжатларни тайёрлаб олиб келди.

– Яхши, – деди Бахтиёр Дармонов. – Энди гап бундай ука, нафақа чиқаришнинг ўзи бўлмайди. Бунинг ҳам бироз харажати бор… – деди талмовсираб раис, гарчи нафақа тайинлаш унинг ваколатига кирмаслигини билса-да.

– Қанақа харажат?

– Бор-да энди. Кўп эмас, бир ойлик нафақа пули етади. 500 минг сўм.

2021 йил 23 апрель куни Отабекка қўнғироқ қилган раис иши битганини, айтилган 500 минг сўмни олиб келишини шипшитиб қўйди.

Орадан бир кун ўтиб, қурилиши тугалланмаган бино олдида 500 минг сўм пулни олган вақтида ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари ходимлари томонидан жиноят устида қўлга олинди. Пулдаги «Пора-2021» ёзувига кўзи тушган маҳалла раиси хато қилганини англади. Бироқ энди кеч эди. Суд ҳукми билан айбли деб топилган Б.Дармоновга базавий ҳисоблаш миқдорининг 50 баравари миқдорида жарима ҳамда иш ҳақининг 20 фоизини давлат ҳисобига ушлаб қолиш шарти билан 1 йилу 6 ой ахлоқ тузатиш ишлари жазоси тайинланди.