“Kundalik.com”дан ким манфаатдор?

10:30 - 14.12.2021

33

Бугун ишга кечроқ чиққаним сабабли жиянимнинг мактабга бормаётганини кўриб ҳайрон бўлдим. Ўзи яқиндагина 1-чоракни якунлаб, бир ҳафта дам олган бўлса, нега мактабга бормаётганига қизиқдим.

– Э хола, мактабга бормасам ҳам устозимиз интернет орқали баҳо қўйиб қўяверади. Мана ўзингиз ҳам кўринг, бугун биринчи соатдаги дарс учун ҳам баҳо қўйиб улгуришган. Ҳар куни мактабга боришим, яхши ўқишим шарт эмас. Фақат берилган пароллар орқали ҳар куни онамнинг ва ўзимнинг номимдан «Kundalik.com» сайтига кириб турсам бўлди. Қолаверса, бу йил битирувчи бўлсам, университетга кириш учун тайёргарлик кўришим керак.

– Э, бу нима деганинг? Сенинг асосий вазифанг мактабга бориш, ўқиш эмасми? Бу туришда фанларни ўзлаштиришда тенгдошларингдан орқада қолиб кетасан-ку. Мактабдан сўнг қўшимча дарсингга борсанг бўлади. Мактабга бормасанг, муаллиминг қандай қилиб баҳо қўяди?

Бу гапларинг ортиқча, қани тез бўл, ўзим сен билан мактабингга бораман. Ўзим бир суриштириб кўрай-чи!

Биз боргунча биринчи соат тугаб, танаффус бўлган экан. Жия ним синфдошларининг ёнига кетди. Мен эса раҳбарлар билан гаплашиш мақсадида маъмуриятга кирдим. Эшикни очиб, ичкарига кирар эканман, мактаб директорининг илмий ишлар бўйича ўринбосари ва информатика ўқитувчисининг суҳбатига гувоҳ бўлдим.

– Домлажон, хафа бўлманг, бугун ўзимнинг ҳам 8 соат дарсим бор. Дарсимдан ортиб сизга ёрдам беролмайман. Мактабдаги барча ўқитувчиларнинг интернетдаги ишини қиламан деб дарсимни мазмунли ўтолмаяпман.

Ўз вақтида яхши дарс ўтмаётганим сабабли фанимга қизиқаётган ўқувчилар сони ҳам камайиб кетаяпти. Уч ойдан буён ўргатаман, қунт қилсангиз ўзингиз ҳам ўрганиб олардингиз.

– Э, болам, қарилик қурсин. Шундай вақтда хотирам панд беради-да. Директор ҳам «Ўринбосар бўлсангиз вазифангизни бажариб қўйинг. Сизни деб раҳбарлардан гап эшитиш ҳам жонимга тегиб кетди. Мактабимизнинг фоизи сизни деб тушиб кетаяпти» деб ҳоли жонимга қўймайди. Бир иложини қилинг, ўқитувчиларга айтаман, ўтган галгидек хизмат ҳақингизни ортиғи билан беришади. Дарсингиз ҳам бир гап бўлар, мактабимизнинг фоизи тушиб кетмаслиги учун ҳаракат қилайлик. Қолаверса, ота-оналарнинг ўрнига ҳам ўзимиз кириб-чиқишимизга тўғри келаяпти. Ҳеч бир ота-она фарзандининг қандай ўқиётганига, олаётган баҳосига қизиқмайди.

– Сизнинг ҳурматингиз учун 3 ойдан буён ҳамма ўқитувчиларнинг ўрнига вазифаларини бажариб бераяпман. Ҳаммасининг қўлида замонавий телефони бўлса, нега ўзлари ўрганишга ҳаракат қилмайди? Ўрганса бўладиган иш-ку. Устига устак ўқувчиларга қандай баҳо қўйишни, дарсга ким келгани-ю ким келмаганини мен билмасам. Ўтган сафаргидек дарсга келмаган ўқувчига баҳо қўйиб юбориб, ҳаммага кулги бўлишни истамайман.

Қолаверса, ўқувчилар ҳам баҳоларни мен қўйиб бераётганимдан хабар топишибди. Душанба куни бир-иккитасининг отаонаси қўнғироқ қилиб, «Мактабга бормаса ҳам баҳо қўйиб берар экансизлар-ку. Энди бемалол ўғлимни савдо қилишга чиқарсам бўларкан. Сизга раҳмат» деса, бирининг отаси «Қизим чақалоқ укасига қараш учун мактаб га боролмаётганди. Тушунганингиз учун раҳмат. Бормаса ҳам аъло баҳо қўйибсиз. Баҳолари пасайиб кетмаслиги учун ҳаракат қилинг. Онаси ҳам, мен ҳам кун бўйи ишдамиз. Чақалоққа қарайдиган битта у» дейди. Тўғриси, мактабга келмаган ўқувчиларга баҳо қўйганим учун виждоним қийналаяпти. Ўқиган-ўқимаганни тенг кўрганимиз учун ўқувчилар орасида ҳам ўринли эътироз лар келиб чиқаётганини кўриб турибсиз-ку.

– Сиз хавотир олманг. Ҳар бир ўқитувчи ёнингизга навбати билан келади. Кимга нечи баҳо қўйишни ўзлари айтиб туради. Ҳа, айтганча, дарсингиздан хавотир олманг. Ўқувчиларингизга бошқа фан ўқитувчилари дарс ўтиб туришади. Сиз мактабимизнинг обрўси учун ҳаракат қилинг. Тушлигингизни ҳам шу ерда ташкиллаштириб бераман. Фақат раҳбарлардан гап эшитиб қолмасак бўлди. Ҳозир ўқитувчилар ҳам навбати билан айтган пулингизни олиб келишади. Фақат… Остонада турганимни кўриб, муаллимнинг гапи оғзида қолди. Минг бир хижолат билан ўзини оқлашга уринарди. Аммо фойдаси йўқлигини англагач, барини тан олди.

– Тўғриси, шу «Kundalik.com» қаердан чиқди? Ўқитувчиларимизни телефонга, интернетга боғлади-қўйди. Ҳеч бири дарсини мириқиб ўтолмайди. Ўқитувчиларимиз ўз устида ишлаш ҳақида умуман ўйламай қўйди.

Пенсия ёшидаги ўқитувчиларимиз интернетга, «Kundalik.com»-га қандай кириб-чиқиш, баҳо қўйишни эплолмаганидан информатика ўқитувчиларига илтимос қиламан. Келмаган болани келди қилишга, ҳар бирига баҳо қўйишга мажбурмиз. Баъзи ота- оналар баҳомиздан норози бўлса, зудлик билан ўзгартириб қўйиш ҳам вақтни олади. Тунов куни қўшнингиз Кимсанбой аканинг ўғлига берган жавобига қараб «4» баҳо қўйгандим, директорга жанжал қилиб келди. Баҳоларни ўзгартириб қўйишимиз мумкинлигини ота-оналар ҳам билиб қолган. Ўзи бизга шу ғалва етмай турганди.

…Жиянимнинг гапи рост экан. Ўша куни информатика ўқитувчиси дарсини ўтмасдан, бошқа ўқитувчиларнинг «Kundalik.com»даги саҳифасига кириб, ўқувчиларга ўзи истаган баҳони қўйиб берди. Эвазига хизмат ҳақини олишга ҳам улгурди. Тўғриси, бу ҳолатни кўриб юрагим эзилди. Наҳотки таълим сифати шу даражага келиб қолган бўлса?! Жияним эртаси куни, ундан кейин ҳам мактабга бориб, фанларни тенгдошлари қатори ўзлаштиришдан кўра репетиторга боришни афзал кўрди.

Нигина ШОЕВА,
журналист