Кемирувчиларга дорилар таъсир қилмади, чунки…

13:00 - 14.12.2021

6

Уйимизда турли зараркунанда ҳашорат ва кемирувчилар пайдо бўлса, табиийки, бозордан уларга қарши дори қидирамиз. Ҳозирги кунда бундай дориларни топиш муаммо эмас. Аммо сотиб олган дорингиз қалбаки бўлиб, ҳашорат ва кемирувчиларга таъсир қилмаслиги ҳам мумкин. Чунки орамизда бундай дориларни қалбакилаштираётган шахслар ҳам бор экан.

Карим Салимов (исм-фамилиялар ўзгартирилган) айни шу ишнинг жуда ҳадисини олган экан. У хонадонида ҳашорат ва кемирувчиларга қарши бир эмас, бир неча хил қалбаки дори ишлаб чиқариб келгани фош қилинди.

Департаментнинг Учтепа тумани бўлими ходимлари ўтказган тадбирда К.Салимовнинг уйи текширилди. Мазкур жараёнда унинг хонадонидан «Дохлокс», «Тигард», «Крисиная смерть», «Смерть гризунам», «Каспер» номлари билан ҳамда хитой ёзуви тушириб сотиш учун қадоқланган 20 минг қутидан ортиқ дори топилди.  Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизматининг хулосасига кўра мазкур дорилар белгиланган тартибда йўқ қилинди.

Биз бу дориларнинг номларини бежиз келтирмадик. Агар сиз ҳам савдо расталарида шу номдаги дорилар сотилаётганига гувоҳ бўлсангиз, унинг сифатини текшириб кўришни унутманг.