Қиз бола ўзганинг омонати

16:30 - 13.12.2021

22

Газетамизнинг 2021 йил 2 декабрь кунги 48-сонида “Вояга етмаган қиз кимдан ҳомиладор экани маълум бўлди” сарлавҳали мақола чоп этилди. Самарқандда юз берган ушбу аянчли воқеа юртдошларимизни ларзага солгани аниқ.

Аниқланишича, онасининг хуштори 13 ёшли қизни зўрлаган Ҳали гўдак қизга бундай ҳайвоний муносабат унинг ўз уйида содир бўлган. Қиз 2019 йил январь ойидан ҳозирги кунга қадар ўгай отаси уни мажбурлаб келаётганини, бу ҳақда онасига айтишдан қўрққанини баён этган.

Мазкур ҳолатда жабрдийдани зўрлаган шахсдан ҳар қанча нафратлансак шунча кам. Шу ишни қилиш учун инсон нақадар тубан ва пасткаш бўлиши керак, буни тасаввурига ҳам сиғдиролмайди киши. Аммо бир жиҳатни унутмаслик керак. Бундай ҳолатлар — аслида жамиятнинг оғриқли нуқталари — оилавий муҳит бузилиши, тарбиясизлик, оилавий ажралишларнинг ҳалокатли оқибатларидан. Таъкидлаш жоизки, оила инсон ҳаётига тўкислик бағишлайди, бахт келтиради. Оила тинчлиги маҳалла ва юрт тинчлигига дахл қилади. Фарзандлар тарбияси бевосита оиладан бошланиб, оиланинг мустаҳкам бўлиши, ундаги муҳитнинг соғлом бўлиши жуда муҳим. Инсонни улуғлайдиган фазилатлар энг авввало оилада камол
топади.

Фарзанд ўғил бўлсин, қиз бўлсин уни авайлаб-асраб вояга етказиш ота-онанинг бурчи. Аммо кейинги пайтларда оилалар орасидаги ажримлар минг асрлардан буён шаклланган анъаналаримизга путур етказмоқда. Ота-оналар ажрашиб кетаверади, аммо ҳамма жабру ситам болалар зиммасига тушади. Пароканда оилаларнинг аксариятида, назаримда, ажрашишдан сўнг фарзандларнинг болалиги ҳам тугайди

Энди ота ва она ўз йўлидан кетади, бошқа турмуш қуриб, фарзандли бўлишар ҳам. Бироқ ташлаб кетилмаса-да, бола барибир эътибор ва меҳрдан четда қолгандек сезади ўзини. Самарқандлик қиз уни дунёга келтирган ва асраб-авайлай олмаган ота-онасининг гуноҳлари қурбони. Ахир, “Бировнинг боласи бировга қолмасин” деб халқимиз бекорга айтмаган.

Фикримнинг исботини яқинда бир кўрсатувда кўрдим. 25-30 ёшлардаги ғамгин аёл — кўрсатув қаҳрамонининг ўтмиши ниҳоятда мудҳиш: “…Ўшанда 4 яшар қизча эдим, — дейди у. — Ота-онам ажрашганидан сўнг онам бошқа турмуш қуриб, мени ҳам янги оиласига олиб келди. Бир куни уйда ҳеч ким йўқлигида ўгай отам мени чақирди-да… Бировга чурқ этсам, омон қолдирмаслигини айтиб қўрқитди. Ўшандан буён йигирма йилдан зиёд вақт ўтди, аммо бу даҳшатни унутолмайман. Ҳаётим тугагандек гўё…”.

Кўрсатув қаҳрамонининг ушбу фикрларини шунчаки эшитиб бўлмайди. Психологларнинг айтишича, тўрт яшар бола улғайгач, кўп нарсани эслолмаслиги мумкин, аммо кучли стресс, азоб, қўрқув ҳиссини унутолмайди. Бу бечора қиз гўдакликдаёқ зўравонлик қурбони бўлган. Бировга дардини айтолмаса-да, турмушга чиқиш ҳақида ҳеч ўйламаган, чунки: “Бунга нолойиқман деб биламан ўзимни. Эсимни танибманки, меҳнат қиламан”, дейди у. Ақл бовар қилмайдиган жиҳати эса шунча вақтдан буён ҳолинг не деб сўрамаган ота энди пайдо бўлиб, қизи вояга етгач, ундан алимент талаб қилиб судга берибди. Одам бўлиш нақадар қийин…

Шарқ тарбиясида қиз боланинг номуси ўлимдан оғир. Қиз отаси, ака-укалари, қариндош-уруғларининг номусини ҳам елкасида ташийди. Бир пасткашнинг тажовузига учраб, номуси топталган қизларга барибир жамият “ола қарайди”. Гуноҳсиз, жабрдийда бўла туриб, номи булғанади, баъзан бунинг охири даҳшатли оқибатларга тақалади. Шу боис қиз болани эҳтиётлаш қанча зарур бўлса, зўравонликка учраганлар ҳақида эшитганда жим қараб турмаслик ҳам хотин-қизлар ҳимоясини шунча кучайтиради.

Яна бир мулоҳаза. Самарқандлик қиз “бу ҳақда” онасига айтолмагани — қиз бола ва она ўртасидаги оғриқли ва муаммоли жиҳат. Қиз болаларнинг аксарияти табиатан тортинчоқ. Айниқса, ўсмирлик пайтидаги жисмоний ва маънавий ўзгаришлар боис у жуда ҳассос ва таъсирчан, шу билан бирга қалбидаги кечинмаларини айтишдан орланадиган бўлиб қолади. Агар она ва қиз бола ўртасида самимийлик, дўстона муносабат ўрнатилса, у юрагини онасига айта олади. Қизларга энг яқин дўст, маслаҳатгўй онаси эканини, онадан сир яширмаслик кераклигини ҳам гўдакликдан сингдириб борган маъқул. Тегажоқлик, шилқимлик каби тажовузкорона ҳаракатлар олдида жим қолмасликни уқтириш жоиз.

Бир сўз билан айтганда, қиз болалар миллат эртаси, бировнинг омонати. Уларни оқ ювиб, оқ тараб, диёнатли, ўқимишли, ибо-ҳаёли этиб эгасига узатсак, унинг бахтиёрлигига ҳисса қўшган бўламиз. Қизлар тарбиясидаги битта хато жамият учун катта хатарга айланиши мумкинлигини асло ёддан чиқармаслигимиз керак.

Юлдуз ҲОЖИЕВА,
“Huquq”