Солиқ тўламаган мансабдорлар

18:00 - 13.12.2021

13

Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти Хўжаобод тумани бўлими томонидан «Convenient services» МЧЖ мансабдорлари содир этган жиноят аниқланган.

Жумладан, жамиятнинг ҳисобрақамига 2019 йилда жами 4 млрд. 186 млн.  924 минг 700 сўм келиб тушган. Жамиятнинг банкдаги ҳисобрақамига 2019 йилнинг апрель-май ойларида харидор ва буюртмачилардан 2 млрд. 228 млн. 791 минг 900 сўм пул келиб тушган бўлиб, ялпи тушумга нисбатан амалдаги 4 фоизлик ставкада 89 млн. 151 минг 676 сўм ягона солиқ тўлови ҳисобланиши лозим бўлса-да, жамият томонидан давлат бюджетига 49 млн. 151 минг 676 сўм кам солиқ ҳисобланган.        

Шунингдек, эски Солиқ кодексининг 2261-моддасига асосан қўшилган қиймат солиғини ҳисоблаб чиқариш ва тўлашнинг соддалаштирилган тартибига ўтишни танлагани тўғрисида ҳудудий солиқ органига хабар юбориши шартлиги белгиланган бўлса-да, МЧЖ мансабдорлари соддалаштирилган қўшилган қиймат солиғини танлагани тўғрисида солиқ органини хабардор қилмасдан, 220 млн. 890 минг 014 сўмлик солиқни тўлашдан бўйин товлагани аниқланган.      

Департаментнинг Хўжаобод тумани бўлими томонидан жамиятга 2020 йил 17 августда Жиноят кодексининг тегишли моддасига кўра хабар юборилиб, солиқ солиш объекти ҳисоботда камайтириб кўрсатилиши натижасида тўланмай қолган 220 млн. 890 минг 014 сўмлик қўшилган қиймат солиғини ўттиз кун ичида тўлаб қўйиши лозимлиги тушунтирилган. Бироқ туман солиқ инспекциясининг 2020 йил 16 ноябрдаги 17/11-маълумотномасига кўра «Convenient services» МЧЖ мансабдорлари солиқни тўламаган.

Мазкур ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилиб, жиноят ишлари бўйича Хўжаобод тумани суди томонидан жамият раҳбари М.Нишоновга 2  йил 11 ой 26 кун озодликни чеклаш жазоси тайинланди.