Ёшлар тадбиркорлик сирларини ўрганишди

14:30 - 10.12.2021

5

Фарғона вилояти прокурорининг ташаббуси билан Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 29 йиллигига бағишлаб ташкил этилган «Ғоядан ғалабагача ёш тадбиркорлар форуми»да 2-сектор ҳудудидаги туман ва шаҳарлардан келган йигит-қизлар иштирок этди.

Дастлаб ёшлар «Ўзмиллийбанк» АЖнинг Фарғона филиалида «Лойиҳалар фабрикаси» билан таништирилди. Улар «Ғоядан лойиҳага, лойиҳадан корхонага, корхонадан экспортчига» мавзусидаги семинарда тадбиркорлик лойиҳаларини ишлаб чиқиш жараёнларини ўрганишди. Шунингдек, бизнес марказига саёҳат ва семинар ташкил қилинди. Ёшларга мотивация бериш, уларни тадбиркорликка кенг жалб этиш мақсадида  ташкил этилган форум доирасида бир гуруҳ йигит-қизлар «Ёшлар – келажагимиз» жамғармаси қошидаги «Ёшлар бизнес маркази» фаолияти билан танишишди. Бизнес ва тадбиркорликни йўлга қўйиш мавзусидаги семинарларда билим ва малакалари оширилди, мотивация берилди.

Тадбир доирасида Савдо-саноат палатасининг вилоят бошқармасида ёшларга тадбиркорлик ва унинг турлари, тадбиркорликни ташкил этишнинг ҳуқуқий жиҳатлари, миллий ҳунармандчилик йўналишидаги имтиёзлар, бизнес режасини тузиш ва тижорат банкларидан кредит олиш тартиби ва соҳада билим ва малакаларини шакллантиришга йўналтирилган бошқа масалалар бўйича «Biznes start up» семинар-тренинги ташкил этилди. Иштирокчиларнинг саволларига мутахассислар жавоб беришди.

Тадбир иштирокчилари Фарғона туманининг Лоғон қишлоғидаги «Vodiy – Shoes» қўшма корхонасида бўлиб, эркаклар, аёллар ва болалар пойабзалларини ишлаб чиқариш жараёнлари билан танишди. Мутахассислар корхонанинг фаолияти ҳақида сўзлаб беришди. Корхона раҳбарияти  ёшларнинг ушбу фаолиятга тааллуқли янги лойиҳаларини ишлаб чиқиш ва жорий этишда ҳамкорлик қилишга тайёрлигини билдирди.

Фарғона шаҳридаги Ўзбекистон-Корея халқаро университетида бўлиб ўтган семинарда ёшларга бизнес ва тадбиркорликни йўлга қўйиш тартиби  батафсил тушунтириб берилди. 

Иккинчи сектор ёшлари Марғилон шаҳридаги «Рақамли технологиялар маркази»да ташкил этилган семинардан кейин «Golden Valley Fasteners» ва «Марғилон Умар текс» масъулияти чекланган жамиятларидаги ишлаб чиқариш жараёнлари билан танишди.

Фарғона шаҳридаги санъат саройида ўтказилган тадбирнинг асосий қисмида 2-сектордагилар билан бирга вилоятнинг бошқа ҳудудларидан келган ёшлар ҳам қатнашди. Форумни вилоят прокурори Бахтиёржон Исмоилов очиб берди. Кейин «Mfaktor» ва бошқа бизнес спикерлари, таниқли тадбиркорлар ўз муваффақияти сирлари билан ўртоқлашиб, ёшларга мотивация ва тавсиялар берди. Ёшлар ўзларини қизиқтирган саволларга батафсил жавоб олишди. Тадбир сўнгида фаол ёшларга вилоят прокурорининг совғалари топширилди. Санъаткорларнинг куй ва қўшиқлари тадбирга байрамона кайфият бағишлади.

Нодиржон Джалолов,

Фарғона вилояти прокурорининг катта ёрдамчиси