Камбағалликдан қутилишнинг йўллари бисёр

12:30 - 10.12.2021

6

Ишнинг кўзини билган киши томорқасидан самарали фойдаланиб яхшигина даромад олиши мумкинлигига кўплаб мисоллар келтириш мумкин. Ҳудудларнинг шароитларидан келиб чиққан ҳолда томорқаларда маҳсулот етиштириб, бозорга чиқаришни рағбатлантириш аҳоли даромадини ошириш, ишсизликни камайтириш, муҳтожларни камбағалликдан чиқаришнинг самарали йўлларидан.

Давлатимиз раҳбари раислигида жорий йилнинг 24 ноябрь куни мева-сабзавотчилик ва деҳқон хўжаликларини ривожлантириш чора-тадбирлари муҳокамаси юзасидан ўтказилган видеоселектор йиғилишида аҳоли даромад олишининг манбаларидан бўлган хонадонларда паррандачилик, чорвачилик, асаларичиликни кенг йўлга қўйиш зарурлиги алоҳида таъкидланди.

Ана шу мақсадда Фарғона вилояти прокурори Бахтиёржон Исмоилов Қўштепа тумани “Солижонобод” МФЙ ҳудудидаги “Водий наслли қуёнлари” агрофирмаси фаолияти ва имкониятлари билан танишди. Агрофирма томонидан хонадонларга кўпайтириб даромад олишлари учун қуён етказиб берилиб, уни парваришлаш жараёнида амалий ёрдам кўрсатиш йўлга қўйилган. Вилоят прокурори иккинчи сектордаги маҳаллаларда қуён, парранда, қўй-эчки, асалари парваришлаб фойда кўриш хоҳиш-истаги, имкони бўлган талабгорларни аниқлаш, уларнинг ташаббусларини рўёбга чиқаришга амалий ёрдам кўрсатиш орқали камбағалликни қисқартириш, ишсиз аҳолининг бандлигини таъминлаш тўғрисида масъулларга тегишли кўрсатмалар берди. Ўша куни тумандаги “Ғиштмон” МФЙда  қуён боқиб фойда олаётган хонадонларга борилиб, тажрибаларни кенг татбиқ этиш  йўл-йўриқлари белгилаб олинди.    

Вилоят прокурори Тошлоқ туманининг Янгийўл маҳалласидаги хонадонларда ҳам бўлди. Юқори даромад олиш манбаи бўлган кўчат ва мева етиштириш борасида омилкор боғбонлар билан суҳбатлашди. Уларнинг тажрибаларини бошқа ҳудудларда ҳам йўлга қўйиш вазифалари белгилаб олинди. Шунингдек, сектор кўмагида фаолиятини кенгайтирган “Incubator texno Group” МЧЖнинг инкубаторини бориб кўрди, сектордаги барча маҳаллаларда паррандачиликни йўлга қўйиш истагида бўлган фуқароларга парранда етказиб бериладиган бўлди.

Фарғона вилояти ҳокими Хайрулло Бозоров ва  вилоят прокурори Бахтиёржон Исмоилов Ёзёвон туманининг 2-сектори ҳудудидаги Мустаҳкам дўстлик маҳалласида янгидан қуриб битказилган, барча қулайликларга эга бўлган  35-сонли умумтаълим мактаби биносининг очилишида иштирок этишди. 2-сектор ташаббуси билан 60 ўринли эски бино ўрнида янги мактаб қурилишига киришилган эди. Бюджет ва ҳомийлик маблағлари ҳисобидан 1 млрд. 600 млн. сўм сарфланиб қуриб битказилган, 160 ўқувчига мўлжалланган янги мактабда ўқитувчиларга юқори савияда билим бериш учун барча шароитлар муҳайё этилган.  Ўқитувчилар ва маҳалла аҳли мактаб қайта қурилишига бош-қош бўлган прокуратура органларига миннатдорлигини изҳор этди.