Конституция ва ёшлар

18:00 - 10.12.2021

25

Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганлигининг 29 йиллигини нишонлаш ҳамда Конституциямизнинг мазмун-моҳиятини ўқувчилар онгига сингдириш, уларнинг ҳуқуқий маданиятини янада ошириш мақсадида жорий йилнинг 7 декабрь куни Андижон шаҳридаги 2-сонли умумтаълим мактабида “Конституция – бахтимиз қомуси” мавзусида тадбир бўлиб ўтди.

Тадбирда Мажбурий ижро бюросининг Андижон вилояти бошқармаси ходимлари ҳамда 2-сонли умумтаълим мактаби ўқитувчилари ва ўқувчи-ёшлари иштирок этди. Унда сўз олганлар мамлакатимиз Асосий қонунининг ўзига хос жиҳатлари, унга асосланган қонунларнинг моҳияти ва уларнинг аҳоли турмуш фаровонлигини оширишдаги аҳамияти ҳақида батафсил сўз юритди.

Шу билан бирга, ўқувчи-ёшлар ҳам Конституциямизда кўрсатилган мажбуриятларни қай даражада бажаришаётганлиги, ҳуқуқлардан қандай фойдаланаётганлигига ҳам алоҳида тўхталишди.

Тадбир давомида мактаб ўқувчилари Бош қомусимиз тараннумига бағишланган шеърлар, Ватан, дўстлик, бирдамликни мадҳ этувчи куй-қўшиқ ва рақсларни ижро этишди.

Шундан сўнг, ўқувчиларнинг Конституция ҳақидаги билимларини текшириш мақсадида гуруҳлар ўртасида билимдонлик синови бўлиб ўтди. Унда “Темурийлар” гуруҳи ғолибликни қўлга киритди ҳамда иштирокчилар фахрий ёрлиқ билан тақдирландилар.

Бюро ходимлари ҳам ўқувчиларнинг ҳуқуқий билимларига баҳо бериб, савол-жавобларда фаол қатнашган ўғил-қизларга бадиий адабиёт ва Конституция тўпламларини совға қилишди.

Байрам тантанаси  ўқувчилар  бадиий дастаси томонидан тайёрланган махсус байрам концерти билан якунланди.

Ойистахон Абдурахманова,

МИБ Андижон вилояти бошқармаси катта инспектори