Конституция — демократик ислоҳотлар таянчи

15:00 - 09.12.2021

7

Куни кеча мамлакатимизда улуғ байрам — Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 29 йиллиги кенг нишонланди. Барча ҳуқуқ ва эркинликларимиз пойдевори бўлган мазкур ҳужжат Президентимиз олиб бораётган сиёсатнинг таянчидир.

Жумладан, Конституциямизнинг 7-моддасидаги «Халқ давлат ҳокимиятининг бирдан бир манбаидир» деган норма асосида мамлакатимизда халқ давлат органларига эмас, давлат органлари халққа хизмат қиладиган, қонун устувор бўлган самарали ва барқарор тизим шаклланди.

Аввало ҳозирги коронавирус пандемиясига қарши кураш шароитида ҳар бир инсоннинг Асосий қонунимизда кафолатланган малакали тиббий хизматдан фойдаланиши ва кучли ижтимоий ҳимоя қилинишини таъминлаш бўйича барча имкониятлар ишга солинмоқда.

Жумладан, ижтимоий ёрдамнинг янги ва самарали механизми сифатида «темир дафтар», «аёллар дафтари», «ёшлар дафтари» жорий этилиб, ночорларнинг ҳолидан доимий тарзда хабар олиниб, ижтимоий аҳволи яхшиланишига эришилди.

Ҳуқуқий демократик давлатнинг энг асосий талабларидан бири қонуннинг устуворлиги, унга итоат этиш ва уни ҳурмат қилиш ҳисобланади. Шу билан бирга, давлат органлари, жамоат бирлашмалари ва жамоалар, мансабдорларнинг Конституция ва қонунларга мувофиқ фаолият юритиши муҳим аҳамиятга эга. Прокуратура айнан шу қоида ва талабларнинг бажарилиши, яъни мамлакатда қонунларнинг аниқ ва бир хил ижро этилишини назорат қилиши Конституциянинг 118-моддасида белгилаб қўйилган.