Тинчлик ва фаровонлигимиз кафолати

12:00 - 08.12.2021

16

Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганлигининг 29 йиллигига

Ҳар бир давлатнинг суверенитети, фуқаролар ҳаёти ва турмуш тарзининг ҳуқуқий асосларини белгилаб берадиган асосий қонуни – унинг Конституциясидир. Асосий қонунимиз ижтимоий адолат ҳамда халқаро ҳуқуқнинг умум эътироф этилган қоидаларига асосланган, инсон ҳуқуқ ва эркинликлари, қонун устуворлиги ва барча фуқароларнинг қонун олдида тенглиги таъминланадиган фуқаролик жамиятини қуришнинг ҳуқуқий пойдевори ҳисобланади.

Мамлакатимиз мустақилликка эришганидан сўнг давлатнинг моҳияти тубдан ўзгарди. Энди барча давлат учун эмас, аксинча, давлат инсон учун, унинг эрки, шаъни, қадр-қиммати, бир сўз билан айт ганда, инсон манфаатларини таъминлашга хизмат қилиши белгилаб қўйилди.

Бугун жамиятимиз қандай ютуқларни қўлга киритаётган бўлса, қандай марраларга эришаётган бўлса, буларнинг замирида халқимизнинг руҳияти, маънавияти ва орзу-интилишларига ҳамоҳанг тарзда яратилган Конституциямиз тургани ҳеч кимга сир эмас.

Конституциямизда давлат халқ иродасини ифода этиб, унинг манфаатларига хизмат қилиши, давлат органлари ва мансабдорлар жамият ва фуқаролар олдида масъул экани мустаҳкамланди. Давлат ўз фаолиятини инсон ва жамият фаровонлигини кўзлаб, ижтимоий адолат ва қонунийлик тамойиллари асосида амалга ошириши қатъий белгиланди.

Таъкидлаш жоизки, ҳуқуқий демократик давлатнинг ўзига яраша мезонлари бор. Улардан бири – инсоннинг дахлсиз ва ажралмас ҳуқуқлари таъминланишидир. Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларациясида эътироф этилган ушбу ғоялар Конституциямизда ривожлантирилиб, инсон, унинг ҳаёти, эркинлиги, шаъни, қадр-қиммати ва бошқа дахлсиз ҳуқуқлари олий қадрият сифатида эътироф этилган. Шу билан бирга, Асосий қонунимизда фуқаролар ўз ҳуқуқ ва эркинликларини амалга оширишда бошқа шахсларнинг, давлат ва жамиятнинг қонуний манфаатлари, ҳуқуқлари ва эркинликларига путур етказмаслиги шартлиги тўғрисидаги қоида ҳам ўз ифодасини топганки, бу мезонлар инсонпарварлик ғояларига ҳамоҳангдир.

Конституциямиз — давлатнинг ҳам, фуқароларнинг ҳам ҳуқуқ доирасида фаолият олиб боришини таъминлайдиган, мамлакатни башарият орзу қилган демократия ва инсонпарварлик принципларига асосланган ҳуқуқий давлат барпо этишга йўналтирадиган асосий қонунимиз. Унда белгилаб берилган принцип ва нормалар қонунлар ҳамда бошқа меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатларда аниқлаштирилиб, иқтисодий, сиёсий ва маданий соҳалардаги муносабатларни тартибга солди. Ишонч билан айтиш мумкинки, Ўзбекистон Конституцияси бугун барчамиз учун мўътабар ижтимоий-ҳуқуқий ҳужжатга айланди. Мустақилликнинг дастлабки кунлариданоқ Конституция лойиҳаси ишлаб чиқилиши, умумхалқ муҳокамасига қўйилиши ва қабул қилиниши миллий давлатчилигимиз тарихида катта сиёсий воқеа сифатида баҳоланади.

Давлатимиз раҳбари томонидан илгари сурилган тараққиёт стратегиясида адолат ва қонун устуворлиги – халқчил давлат қуриш, инсон қадр-қимматини таъминлашнинг энг асосий ва зарур шарти сифатида белгиланиб, одил судлов тизимининг чинакам мустақиллиги ва очиқлигини таъминлаш, ҳуқуқ-тартибот органлари фаолиятини такомиллаштириш, адвокатура институтини кучайтириш, ушбу соҳалар фаолиятини рақамлаштиришга алоҳида эътибор қаратиш лозимлигини таъкидланди.

Ўзбекистонда ҳуқуқий демократик давлат ва эркин фуқаролик жамиятини ривожлантиришнинг энг асосий омили халқимизнинг миллий ва умуминсоний қад риятларга содиқлиги десак, янглишмаймиз. Шу сабабли инсонпарварлик, бағрикенглик, биродарлик тамойилларининг фақат қонунларда эмас, ҳаётда ҳам ўз ифодасини топиши бизнинг ютуғимиздир. Конституциямиз инсон ҳуқуқларининг демократик хартияси бўлиб, инсонпарвар ҳуқуқий давлатни шакллантириш ва эркин фуқаролик жамиятини барпо этишнинг стратегик дастури вазифасини ўтаб келмоқда.

Бир сўз билан айтганда, Конституциямиз давлатимиз мустақиллигининг ҳуқуқий замини, халқимиз хоҳиш-иродасининг олий ифодаси сифатида майдонга чиқди. У энг ривожланган давлатларнинг конституциявий тажрибасини ҳамда тарихда синалган умуминсоний қадриятларни ўзида мужассам этган.

Шу боис Асосий қонунимиз айнан халқимиз асрлар оша ардоқлаб келаётган энг эзгу фазилатлар – тинчлик, тотувлик, каттага ҳурмат, кичикка иззат, жамоанинг фикрига бўйсуниш, оила муқаддаслиги, ота-оналарнинг фарзанди, фарзандларнинг эса ота-она олдидаги мажбуриятлари, бу борада жамият ва давлатнинг масъуллиги, маҳалла ва бошқа кўплаб қадриятларимизнинг ҳуқуқий ифодасидир. Таъкидлаш жоизки, Асосий қонунимиз мудофаа органлари тизимининг ҳам янгидан шаклланишига, самарали фаолият кўрсатишига оид давлатимизнинг ички ва ташқи сиёсати кўламини белгилаб, халқимиз манфаатлари, юртимиз фаровонлиги ҳамда хавфсизлигидан келиб чиққан ҳолда мамлакатимизнинг халқаро муносабатларда тенг ҳуқуқли субъект сифатидаги мақомини ҳуқуқий жиҳатдан асослаб берди.

Ўзбекистон Республикасини мудофаа қилиш, хавфсизлигини таъминлаш Конституция, қонунлар ва халқаро ҳуқуқнинг умум эътироф этилган нормалари ва принциплари асосида амалга оширилмоқда.

Жумладан, Асосий қонунимизда миллий армиямизга, Қуролли Кучларимизга бағиш ланган алоҳида ҳуқуқий нормалар мавжуд. Зеро, армиямиз юртимиз хавфсизлиги, ҳудудий яхлитлигининг ишончли кафолати ҳисобланса, Асосий қонунимиз ҳамда у асосда яратилган ҳарбий соҳага доир қонунлар халқимиз хавфсизлиги ҳамда давлатимиз мудофаасини таъминлашнинг мустаҳкам ҳуқуқий асосини ташкил этади.

Конституциямизнинг 26-боби «Мудофаа ва хавфсизлик» деб номланиб, 125-моддада Ўзбекистон Қуролли Кучлари Ўзбекистоннинг давлат суверенитетини ва ҳудудий яхлитлигини, аҳолининг тинч ҳаёти ва хавфсизлигини ҳимоя қилиш учун тузилиши белгиланган. 126-моддада эса Ўзбекистон ўз хавфсизлигини таъминлаш учун етарли даражада қуролли кучларига эгалиги кўрсатилган.

Шу асосда Қуролли Кучларимиз фақат мудофаа мақсадида ташкил қилиниб, уруш ва қуролли можароларнинг олдини олиш, Ўзбекистоннинг миллий манфаатлари, суверенитети, ҳудудий яхлитлиги, аҳолининг хавфсизлиги ва тинч ҳаётини ҳимоя қилиш учун ташкил этилган ҳарбий бирлашмалар, қўшилмалар ҳамда қисмларни, шунингдек бошқа ҳарбий тузилмаларни ўз ичига олади.

Жумладан, 2018 йил 9 январдаги қонун билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикасининг мудофаа доктринасига кўра Ўзбекистон Республикаси Мудофаа, Ички ишлар, Фавқулодда вазиятлар вазирликларининг, Миллий гвардиясининг, Давлат хавфсизлик хизматининг, бошқа вазирликлар, давлат қўмиталари ва идораларининг бошқарув органлари, қўшинлари, ҳарбий тузилмалари ва муассасалари Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари таркибига киради.

Конституциямизнинг беқиёс ўрни армиямиздаги изчил ислоҳотлар ва уларнинг самарасида ҳам яққол намоён. Ҳарбийларимиз ва уларнинг оила аъзоларининг ижтимоий ҳимояси ҳам таъминланиб, бу борадаги ҳуқуқ ва имтиёзлар қатор қонун ҳужжатлари билан кафолатлаб қўйилган.

Армияни том маънода армия қиладиган, ҳар қандай мураккаб вазият ва синовлардан ёруғ юз билан чиқишига асос бўладиган, жанговар қудрати ва ҳарбий маҳоратини юксалтирадиган куч, албатта, Қуролли Кучларимиз сафида хизмат қилаётган мардлардир. Шу маънода, сўнгги беш йил ичида ҳарбий соҳада кенг миқёсли ислоҳотлар амалга оширилди ва бу борада қонун ҳужжатлари қабул қилинди, мавжудлари такомиллаштирилди. Уларнинг аксарияти армияда хизмат қилаётган, юрт ҳимоясини ўзига бурч ва касб деб билган ҳарбийларимизни янада кўпроқ ижтимоий ҳимоялашга қаратилган.

Ҳозирги дунёда турли ғоявий, ахборот хуружлари авж олаётгани ёш авлод қалбига ватанпарварлик, бурчга садоқат, миллий ғурур туйғуларини чуқур сингдиришни талаб этади. Бунда мамлакатимиз тараққиёт йўлининг ҳуқуқий асоси бўлган Асосий қонунимизни кенг тарғиб қилиш, ёшлар тафаккурига сингдириш муҳим аҳамиятга эга. Зотан, ёшлар нафақат конституциявий ҳуқуқларини, балки бурч ва масъу лиятини ҳам чуқур англаши лозим.

Шу ўринда айтиш лозимки, «Прокуратура тўғрисида»ги қонунга биноан жамиятда ҳуқуқий маданиятни юксалтиришда иштирок этиш прокуратура органлари фаолиятининг асосий йўналишларидан бири саналади.

Ўзбекистоннинг конституциявий тузумини, жамият ва давлатнинг қонун билан қўриқланадиган манфаатларини ҳимоя қилиш прокуратура органларининг муҳим вазифасидир. Бундай шарафли вазифалар бизнинг зиммамизга юксак масъу лият юклайди.

Биз жамиятимизда шундай ҳуқуқий маданиятни шакллантиришимиз керакки, унга мувофиқ Конституция ва қонунларга амал қилиш, бошқаларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари, шаъни ва қадр-қимматини ҳурмат қилиш мажбурият эмас, балки кундалик қоида ва одатга айланиши лозим.

Эркин ва обод турмушимизнинг ҳуқуқий пойдевори – Конституциямиз барчамиз учун азиз ва муқаддас. Ўз тақдирини ватан тақдири билан чамбарчас боғлаган ҳар бир киши муқаддимасидан бошлаб сўнгги моддасига қадар истиқлол ва истиқбол руҳи, инсонпарварлик ва адолат ғояларига йўғрилган Конституциямизнинг мазмун-моҳиятини чуқур англамоғи зарур. Барча юртдошларимизни 8 декабрь – Ўзбекистон Республикаси Конституцияси куни билан самимий муборакбод этаман.

Шухрат УЗАКОВ,
Ўзбекистон Республикаси Бош
прокурорининг ўринбосари – Ўзбекистон
Республикаси Ҳарбий прокурори