Конституция нормалари сўзсиз таъминланиши жоиз

10:00 - 08.12.2021

26

Яқин кунларда улуғ байрам – Ўзбекистон Рес­публикаси Конституциясининг 29 йиллигини нишонлаймиз.  Конституция инсон ҳуқуқ ва эркинликлари олий қадрият бўлган давлатнинг мустаҳкам пойдеворидир. Прокуратура органларининг ходимлари Конституцияда белгиланган ваколатлари доирасида фуқароларнинг ҳуқуқлари ва  давлат манфаатларини ҳимоя қилиш, қонунларнинг сўзсиз ва бир хил ижро этилишини таъминлаш борасида астойдил ишламоқда.

Назорат тадбирларида аниқланган қонун бузилишларини бартараф этиш учун Фарғона вилояти прокуратураси томонидан 8 мингга яқин прокурор назорати ҳужжатлари қўлланди. 15226 киши ва 2859 та юридик шахснинг бузилган ҳуқуқлари тикланди. Мансабдорларнинг 4831 та ноқонуний қарори прокурор протести билан қонунга мувофиқлаштирилди, қонун бузилишининг олдини олиш бўйича 1396 та тақдимнома киритилди, бунга йўл қўйган 2996 киши интизомий, маъмурий ва моддий жавобгарликка тортилди. 7 млрд. сўм зарарни ундириш учун судларга 1310 та даъво аризаси киритилиб, 3 млрд. сўмлик зарар ихтиёрий тўланишига эришилди. 370 та жиноят иши қўзғатилди.

Иқтисодиёт, бюджет маблағининг тўғри сарфланиши, инвестициялар, экспорт, озиқ-овқат, давлат эҳтиёжи учун ернинг олиниши, тадбиркорликни қўллаш борасида ҳам қонунийликни таъминлаш чоралари кўрилмоқда. Хусусан, давлат молиявий назорати бошқармаси ўтказган текширишда 323 та ҳолатда 23 млрд. 200 млн. сўм пулнинг ноқонуний харажат қилингани аниқланган. Бундай харажатларга асосан қурилиш, коммунал хизмат кўрсатиш, таълим, соғлиқни сақлаш, сув хўжалиги соҳаларида йўл қўйилган. Аниқланган барча ҳолатлар бўйича прокурор назорати ҳужжатлари қўлланиб, 56 та жиноят иши қўзғатилди ва ортиқча сарфланган маблағларнинг бюджетга қайтарилиши таъминланди.

«Обод қишлоқ» ва «Обод маҳалла» дастури доирасида сектор раҳбарлари, ДХХ ва Марказий банкнинг қўшма фармойиши асосида тузилган штаб ва гуруҳлар қилинаётган ишларни назоратга олиб, аниқланган ҳар бир ҳолатга муносабат билдириб келмоқда. Хусусан, далолатномаларнинг ҳаққонийлиги ўрганилганда 4 млрд. 500 млн. сўмлик иш қўшиб ёзилгани аён бўлди.

Гуруҳнинг ёрдами билан дастурларга киритилган 4805 та объектнинг экспертиза хулосаси олинди, 303 та танлов ва тендер ўтказилди, 4922 та пудрат шартномаси тузилиб молиялаштирилди ҳамда 167 млрд. 600 млн. сўм пул иқтисод қилинишига эришилди. Шунингдек, вилоятда ҳомийлик ва ҳашар ҳисобидан 21 млрд. 900 млн. сўмлик иш бажарилди.

Жамоатчилик назорати хулосалари бўйича электрон дастур орқали келган мурожаатлар ўз вақтида кўриб чиқилмоқда. Дастурлар доирасида 5192 та объект фойдаланишга топширилди. Таҳлил натижасига кўра 359 та прокурор назорати ҳужжати қўлланди. Вилоят ҳокимлиги, лойиҳалаш, буюртмачи ва пудратчи ташкилотлар мансабдорларининг 328 нафари  расман огоҳлантирилди, 16 таси интизомий, 6 нафари маъмурий жавобгарликка тортилиб, 9 та жиноят иши қўзғатилди. 

Конституциямизда кафолатланган мулкдорлик ҳуқуқи тадбиркорликни кенг йўлга қўйиш имкониятини беради. Жорий йилнинг ўтган даврида 1964 нафар тадбиркорнинг бузилган ҳуқуқи тикланди. Давлат хизматлари кўрсатилишида қонун бузилишига йўл қўймаслик, фаолиятни ноқонуний текшириш ҳамда ишга асоссиз аралашишнинг олдини олиш чоралари кўрилмоқда. Ушбу жараёнда 1490 нафар тадбиркорнинг ҳуқуқи бузилгани аниқланиб, айбдорларнинг 37 таси маъмурий, 33 нафари интизомий жавобгарликка тортилди. Тадбиркорларнинг манфаатини кўзлаб судларга 24 та ариза, қонун бузилишини бартараф этиш ҳақида жойларга 31 та тақдимнома киритилди. Тадбиркорларнинг 295 нафарига 23 млрд. 910 млн. сўм кредит, 285 нафарига ишлаб чиқаришни кенгайтириши учун ер,  14 нафарига бино ажратилди, 247 нафарининг электр, газ ва сув таъминоти бўйича муаммоси ҳал қилинди, 57 нафарига лицензия ва рухсатнома берилди ҳамда 856 та бошқа масаласи ҳал этилди.