Бахтли ҳаётимиз қомуси

15:00 - 08.12.2021

17

1992 йил 8 декабрда Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинди. Ўзбекистоннинг миллий давлатчилиги ўзининг тарихий тажриба ва қадриятлари асосида ривожланиб бормоқда. Конституциямиз юртимизда ҳуқуқий демократик давлат, кучли фуқаролик жамияти, эркин бозор муносабатларига асосланган иқтисодиётга эга бўлиш, халқимиз учун тинч, осойишта ҳаёт барпо этиш, Ўзбекистоннинг халқаро майдонда муносиб ўрин эгаллашида мустаҳкам пойдевордир.

Жамиятда қонун устуворлигини таъминлашда аҳолининг фаоллиги алоҳида аҳамият касб этади. Фуқароларда қонунга ҳурмат туйғусини шакллантириш, ҳуқуқий таълим ва маърифатни, ҳуқуқий билимлар тарғиботини тубдан яхшилашга йўналтирилган кенг кўламли чора-тадбирлар дастури ишлаб чиқилиб, ижроси таъминланмоқда.

Президентимиз Шавкат Мирзиёев ҳар қандай демократик ислоҳотлар самараси Конституция ва қонун устуворлиги билан бевосита боғлиқлиги, шунингдек, инсон ҳуқуқ ва эркинликларига амал қилинишини таъминлаш, ҳар бир шахснинг қадр-қимматини эъзозлаш биз барпо этаётган очиқ, эркин ва адолатли жамиятнинг ажралмас хусусияти эканлигини таъкидлайди. Бу борада мамлакатимиз Конституцияси давлатимиз суверенитети, қонунга ҳурмат ва итоаткорлик принциплари ривожининг ёрқин тимсолидир. Унда Ўзбекистоннинг тараққиёт йўли ўзининг аниқ ифодасини топган.

Асосий қонунимиз халқаро талабларга мос равишда ижтимоий адолат тамойиллари ва миллий давлатчилигимизнинг тарихий тажрибаларига таянган ҳолда ишлаб чиқилган. Айнан шу сабабли Конс титуциямизни эҳтиром билан улуғлашимиз, ҳар томонлама ўрганишимиз, унга изчил амал қилишимиз, Асосий қонунимизда мужассам бўлган аждодларимизнинг буюк мероси ва умуминсоний
қадриятларни ёшларимиз қалбига сингдиришимиз зарур.

Дарҳақиқат, давлатнинг қадр-қиммати, халқаро ҳамжамиятдаги ўрни ва салоҳияти унинг Асосий қонуни билан белгиланади. Бу ўринда ватанимиз Конституцияси Ўзбекистон халқининг озодлиги, ҳурфикрлиги, инсоний ҳуқуқларга эга бўлиши, ҳуқуқий демократик давлат қуриш имкониятини таъминловчи асосий ҳужжат ҳисобланади. Президентимиз Шавкат Мирзиёев мамлакатни кучли демократик давлатга айлантиришда энг аввало мамлакат фуқаролари муҳим ўрин тутишини алоҳида уқтиради. Фуқароларнинг бу борадаги ҳуқуқ ва эркинликлари, бурчлари эса Конституциямиз ва бошқа қонунларимизда мустаҳкамлаб қўйилган.

Шуни ҳам алоҳида таъкидлаш лозимки, Конституциямиз қонун тили манбаи ҳам ҳисобланади. У миллий мафкурамизнинг ижтимоий-сиёсий, назарий, маънавий, ҳуқуқий асосидир. У умуминсоний қадриятлар, халқаро ҳуқуқнинг тамойиллари асосида халқ иродаси, унинг руҳияти, маънавияти, ижтимоий тафаккури ва маданиятини ифодалайди. Энг асосийси, Ўзбекистон Конституцияси она тилимизда қабул қилинди. Ўзбек тилининг давлат тили сифатидаги мавқеини янада оширди, ўз навбатида миллий тилимизга юқори талаблар қўйди.

Асосий қонунда моддаларнинг мазмун-моҳияти ёрқин ифодалаб берилган, матнлар юридик тил ва услуб жиҳатидан тўғри тузилган бўлиб, лингвистик талабларга тўлиқ амал қилинган. Шу боис ҳар бир модда оддий, содда тилда ёзилиб, аниқ ва равон ўқилади, фуқаро онгига тез етиб боради. Баъзи ўзлашган терминлар ўзбек тилида ўзининг аниқ муқобилини топган.

Масалан, фуқаро, мафкура, касаба уюшмаси, меҳнат таътили, тиббий хизмат, назорат, тадбиркорлик, тузум ва ҳоказо. Мазкур сўзлар ҳозир халқ орасида ўзлашиб, кундалик ҳаётимизда кенг қўлланадиган сўзларга айланиб қолган. Бундан ташқари, Конституциямизда байналмилал терминлар асл ҳолича ишлатилган бўлиб, бу ҳам матнларнинг аниқ, тушунарли тузилишига хизмат қилган. Масалан, судья, суд, суверенитет, депутат, валюта, кредит, бюджет, парламент, амнистия, адвокатура, пенсия ва ҳоказо. Шундай қилиб, Ўзбекистон Конс титуцияси маънавият-маърифат ривожланган ҳуқуқий давлат қуришга хизмат қилаверади.

Шу ўринда Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг қуйидаги фикрларини келтириш мақсадга мувофиқдир: «Халқимиз ҳаётини янада обод ва фаровон қилиш, юртимизда яшаётган, миллати, тили ва динидан қатъи назар, ҳар бир инсонга эътибор ва ғамхўрлик кўрсатиш – давлатимиз ва жамиятимизнинг бош вазифасидир. Мана шундай эзгу ва шарафли мақсад йўлида кекса-ю ёш барча ватандошларимиз бир тану бир жон бўлиб ҳаракат қиладилар, янги Ўзбекистон бунёдкори бўлиб майдонга
чиқадилар деб ишонаман».

Гулнора ГУЛЯМОВА,
ТДЮУ доценти