Йўл учун ажратилган маблағлар қаёққа кетди?

16:30 - 07.12.2021

9

Фуқаро М.Қаипназаров 2016 йилдан 2019 йилга қадар «Хўжайли тумани йўллардан фойдаланиш» унитар корхонаси раҳбари лавозимида ишлаган. У ўшанда ўзига юклатилган вазифага виждонан ёндашганида, ҳозирга келиб бошига ғавғо орттириб олмаган бўларди.

Хусусан, у корхонага қурилиш материаллари харид қилиш учун шахсан ўзининг номига расмийлаштирилган махсус калит орқали «Агата импех Нукус» МЧЖ билан 7 млн. 601 минг сўмлик шартнома имзолаган. Мазкур шартномага асосан қурилиш материалларини харид қилиб, ўз манфаатлари йўлида сарфлаб юборган. Шундан сўнг жиноий ҳаракатларини давом эттириб, «Хўжайли тумани йўллардан фойдаланиш» унитар корхонаси ва «Шакурин савдо сервис» МЧЖ ўртасида жами 33 млн. 150 минг сўмлик шартнома имзолаган ва харид қилинган қурилиш материалларини ҳам ўз манфаати йўлида сарфлаган.

Қаҳрамонимиз шундан кейин ҳам шу усулда «Нукус фортуна», «Хива Тожир», «Хива Амоборжон» МЧЖлари ва «Бердимурат баракатли» хусусий корхонаси билан бир неча ўн миллион сўмлик шартномалар имзолаган. Харид қилинган ҳар хил молларни корхонага кирим қилмасдан, ўз манфаати йўлида сарфлаб, бюджет маблағини шу йўл билан талон-торож қилган. Аммо унинг ушбу кирдикорлари вақти-соати келиб ошкор бўлди. Ушбу ҳолатлар юзасидан жиноят иши қўзғатилиб, у қонуний жазога тортилди. Судланувчининг айби билан давлатга етказилган зарар эса ундирилди.