Долларни ютган порахўр

14:30 - 07.12.2021

9

Одамзотни ўз нафси тўғри йўлдан оздиради. Таъма қурбонига айлантириб, ҳаловатидан мосуво қилади. Аброр (исмлар ўзгартирилган) уч-тўрт йилдан бери Тойлоқдаги мактабгача таълим бўлимида ишлайди. Одамнинг истаклари чексиз, ҳаммасига тезроқ етишиш истаги эса ҳалокатлидир. Аброр ҳам ҳалол топаётганига қаноат қилмай, қулай фурсат туғилганда нопок йўл билан келаётган даромадга кўз тикди.

– Бир куни биронта мактабгача таълим муассасасига тарбиячи вазифасига ишга кириш мақсадида туман мактабгача таълим бўлимига иш қидириб бордим, – дейди Гулшода ўз кўрсатмасида. – Шу куни Аброр деган йигит билан учрашиб қолдим. Унга мақсадимни айтдим. У «Ҳозир туман мактабгача таълим бўлимига қарашли боғчаларда бўш иш ўрни йўқ, хабар олиб турсангиз, боғчаларда декабрь ва январь ойларида бўлиб қолиши мумкин» деди.

Мен «бўш жой очилса хабар беринг» деб диплом ва паспортимнинг нусхасини бердим, телефон рақамларимизни алмашдик. Орадан анча кун ўтиб, дугонам билан бирга туман мактабгача таълим бўлимига, Аброрнинг хизмат хонасига бордик. Янги иш ўрни бор-йўқлигини сўрадим.

Аброр бир боғча мудири билан гаплашганини, коллеж ўрнида янги ташкил этилаётган боғчага жисмоний тарбия йўриқчиси лавозимига ишга жойлаштириб қўйишга рози бўлганини айтди. Фақат мудир харажати борлигини, учта ҳужжат олиб келсам, ёрдам қилишини айтди. Мен «уйдагилар билан маслаҳатлашиб кўрай, кейин жавобини айтаман» деб чиқиб кетдим.

Бир неча кундан кейин Аброрга телефон қилдим. «Учта ҳужжат деганда нимани назарда тутдингиз: 300 АҚШ долларими ёки 3 000 000 сўмми?» деб сўрадим. Аброр «фарқи йўқ» деди. Бир кун ўтиб яна унга қўнғироқ қилиб, «ҳозирча 200 доллар бериб турсам бўладими? Қолганини ишга киргандан кейин бераман» деганимда у рози бўлди.

Шундан кейин унинг қонунга зид ҳаракатлари ҳақида тегишли жойга мурожаат қилдим. Менинг аризам асосида тезкор тадбир режалаштирилди. Ўз хоҳишим билан тадбирда қатнашишга рози бўлдим. Ходимлар менга холислар иштирокида ишлов берилган 200 долларни беришди.

Аброр билан телефонлашиб, кўришдик. У айтган жойга бориб, машинасига ўтириб, 200 долларни бердим. У пулни олд ўриндиқ остига ташлаб қўйди. Шу пайт ИИБ ходимлари келиб, Аброрни ашёвий далиллар билан ушлашди.

Бундай бўлишини ўйламаган Аброр қилмишини яширишга уринди. Автомашинаси кўздан кечирилиб, 200 доллар топилгач, иккита 100 долларлик купюрани оғзига солиб, ютиб юборди. Ходимлар врач кузатувида уни шифохонага олиб боришди.

Аброрнинг оғиз бўшлиғидан суртма олинганда махсус кукун излари топилди.

…Судда Аброр қилмишидан чин кўнгилдан пушаймон эканини, ёш болалари борлигини, оилада ягона боқувчи эканини билдириб, қонуний енгиллик сўради.

Суд ҳукми билан Аброрга 2 йил моддий жавобгарлик ҳамда мансабдорлик лавозимларида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилиш ва 4 йил озодликни чеклаш жазоси тайинланди.