Аврашга уста шифокор

12:30 - 07.12.2021

18

Замира Хонқулова (исм-фамилиялар ўзгартирилган) «Оlx.uz» сайтини кузата туриб, Омон Эсонов деган йигитнинг тўртта қорамолини сотиши ҳақидаги эълонни кўриб, унга телефон қилди.

– Эълон берган экансиз, молларингизни сотиб олмоқчиман. Қанча деяпсиз? – деб сўради аёл салом-аликдан сўнг. Кейин ўзини таништириб, шифохонада шифокор бўлиб ишлашини айтди. Омон ҳар бирини 7 000 000 сўмдан сотишини айтди. Замира боришга вақти йўқлигини айтиб, молларни Омоннинг ўзи уйигача олиб келиб беришини сўради.

Омон қишлоғидан юк машинаси топиб, молларни машинага ортиб, Замира айтган жойга олиб келди. Аёл молларни кўрганидан сўнг маъқул деб ҳайдовчига 400 000 сўм берди. Омон билан келишиб, молларни 27 200 000 сўмга баҳолади. Шу пулдан 6 000 000 сўмини бериб, қолган 21 200 000 сўмини уч-тўрт кунда беришини айтди. Омон бу таклифга кўнмади. Замира аврашга ўтди.

– Уйимни кўрдингиз, ўзимни танийсиз, нимага ишонмаяпсиз? «Ковид-19» клиникасида ишлайман, уч-тўрт кунда пластик картамга 30 миллион сўм пул тушади. Шундан бераман, – деб ишонтирди.

Орадан анча вақт ўтса-да аёл келишилган пулни бермади. Ҳар сафар Омонни турли баҳоналар билан қуруқ қайтарди. Замиранинг найрангларига чув тушган фақат Омон эмасди. У Самарқанд тумани Чордара маҳалласида яшовчи Шуҳрат Ойбековнинг «Оlx.uz» сайти орқали молларини сотаётганидан хабар топиб, унга телефон қилди. Отаси ва турмуш ўртоғи билан Шуҳратнинг уйига борди. Иккита қорамолни савдолашди, уддабурон аёл Шуҳратнинг ишончига кирди. Молларни 13 000 000 сўмга келишиб, шу куни 1 000 000 сўмини берди. Қолганини кейинроқ беришини айтиб, тилхат ёзиб берди. Ўзининг ҳарбий гувоҳномасини ҳам гаров сифатида қолдириб, молларни олиб алдаб кетди.

Икром Товкаев ҳам битта молини сотмоқчи бўлиб бозорга олиб чиқди. Лекин харидорлар билан келишолмай, қайтариб олиб келди. Бундан хабар топган Замира отаси билан Икромникига келди.

Отаси машинадан тушмади, аёлнинг ўзи келиб Икром билан танишди. Молни 9 200 000 сўмга савдолашди. Шу пайт 1 200 000 сўмини бериб, қолганини насия қилди. Кейинроқ бўлиб-бўлиб яна 4 000 000 сўм берди.

Шундан сўнг жабрланганлар тегишли жойга мурожаат қилиб, Замирадан моддий зарарни ундириб беришни сўради. Замира Икромга етказган зарарини тўлиқ қоплаб берди. Шунингдек, Замира туман тиббиёт бирлашмасига иш сўраб келган Зафар Пардаев деган йигитга ўзининг шу ерда назоратчи бўлиб ишлашини, тиббиёт бирлашмасининг травматология, хирургия ёки терапия бўлимларидан бирига ишга киритиб қўйишни ваъда қилиб, эвазига 1200 АҚШ доллари сўрайди. Аввал 500 доллар, кейинроқ 700 доллар пулини олиб, ўз эҳтиёжига сарфлаб юборади.

Замиранинг жиноий қилмишлари судда кўриб чиқилди. Аёлга 4 йил озодликни чеклаш жазоси тайинланди. Жабрланувчиларга етказилган зарар ундан ундириладиган бўлди.