Қоидабузарнинг таклифи

18:00 - 07.12.2021

21

Миришкор тумани ички ишлар бўлими ЙҲХ гуруҳи катта инспектори О.Шомуродов Қашқадарё вилояти ички ишлар бошқармаси бошлиғига мурожаат қилиб, қоидабузар ҳайдовчи унга пора таклиф қилганини билдирди.

Фуқаро Н.Т. бошқарувидаги «Матиз» тўхтатилганида у керакли ҳужжатларсиз машина ҳайдаб келаётгани аниқланди. О.Шомуродов мазкур ҳолат бўйича белгиланган тартибда баён расмийлаштириб, машинани вақтинча жарима майдонига жойлаштирди. Ҳайдовчи эса унга машинасини жарима майдонидан чиқариб бериши эвазига 500 000 сўм таклиф қилди.

Департаментнинг Миришкор тумани бўлими томонидан вилоят ички ишлар бошқармаси ходимлари билан ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбирда Н.Т. бу пулни катта инспекторга берган пайтида қўлга олинди. Суд ҳукми билан бир қинғирлигини ёпиш учун иккинчисига қўл урган ҳайдовчига 2 йилу 6 ой муддатга озодликни чеклаш жазоси тайинланди.