Фахрийлар ва ўқувчилар ниҳол экишди

18:00 - 06.12.2021

19

Мажбурий ижро бюросининг Самарқанд вилояти бошқармаси томонидан вилоят юридик техникумида уч авлод учрашуви ташкил этилди. Тадбирга Мажбурий ижро бюроси Самарқанд вилояти бошқармаси тизимида турли лавозимларда ишлаб, ҳозир кексалик гаштини сураётган Мамаюсуф Хидиров, бугунги кунда бюронинг вилоят бошқармасида меҳнат қилаётган ходимлар, шунингдек, Самарқанд юридик техникумининг ўқитувчи ва талабалари қатнашди.

– 1986 йилда ўқишни тугатиб, суд ижрочиси бўлиб ишга келганман. Шу билан роппа роса 32 йил узлуксиз ишлаб, 2018 йилда пенсияга чиқдим, – дейди бюро фахрийси Мамаюсуф Хидиров. – Биз ўқиган, ишлаган даврларда ҳозиргидек шароитлар бўлмаган. Ҳозир ёшлар учун яратилган имкониятлар ҳавас қилса арзигулик. Бунга жавобан ҳар қанча фидойилик билан, садоқат билан ўқисангиз, ишласангиз арзийди.

Соҳа фахрийси ўз фаолияти, тажрибаси борасидаги қимматли мулоҳазалари билан ўртоқлашди. Бўлажак ҳуқуқшунослар фаолиятида қонунлар ва интизомга қатъий амал қилиши, муомала маданиятини юксалтириши, фуқароларнинг муаммоларига қонун доирасида ечим топиши, инсоннинг ҳуқуқ ва эркинликлари, манфаатларига зид иш қилмаслиги кераклигини таъкидлади.

Шунингдек, Асосий қонунимиз қабул қилинган куннинг яқинлашаётгани муносабати билан савол-жавоб тарзида билимлар мустаҳкамланди. Тадбир давомида техникум ўқувчиларини қизиқтирган саволларга атрофлича жавоблар берилди. Шунингдек, техникум ҳовлисига фахрий Мамаюсуф Хидиров ва ўқувчилар ниҳол экишди.