Суд-ҳуқуқ масалалари — мурожаатларда

12:30 - 06.12.2021

12

Давлат раҳбарининг аҳоли мурожаатлари билан ишлаш тизимини мутлақо янгича ташкил қилиш юзасидан берган топшириқлари ижросини таъминлаш мақсадида жойларда суд-ҳуқуқ масалалари бўйича оммавий қабуллар ўтказилмоқда. Бош прокуратура, Олий суд ва Ички ишлар вазирлиги раҳбарияти томонидан навбатдаги оммавий қабул Сирдарё вилоятида ўтказилди.

Хусусан, Бош прокурор ўринбосари Эркин Юлдашев ҳамда вилоят прокурори Шохрух Аминов томонидан мурожаатчиларнинг узоқ йиллар давомида қийнаб келаётган дардлари, ишга жойлашиш, ноқонуний жиноий жавобгарликка тортилганлиги ва шу каби бошқа муаммолари тингланиб, мурожаатларни қонуний ҳал қилиш юзасидан аниқ чоралар кўрилди.

Қабулда прокуратура органларига жами 59 кишидан турли мазмундаги мурожаат келиб тушди. Уларнинг 19 таси ижтимоий ва иқтисодий, 19 таси уй, моддий ёрдам ва ижтимоий ҳимоя масаласида, 4 таси тергов ва суриштирув, 3 таси суд қарорлари ва 9 таси суд қарорларининг ижроси юзасидан, 2 таси маҳаллий ҳокимият ва ўзини ўзи бошқариш органининг ҳаракати ҳамда 2 таси бошқа масалага тааллуқли. Ўрганиш натижасида 39 нафар фуқаронинг мурожаати жойида ҳал этилди, 20 кишининг мурожаати қўшимча ўрганишни талаб қилгани сабабли ижроси назоратга олинди. Шунингдек, қабулда бир қатор фуқаролар прокурор секторида қилинаётган ижобий ишлар учун миннатдорчилик билдиришди.