Польшадан келтирилган 61 бош қорамол ғойиб бўлган

10:30 - 06.12.2021

4

Қорақалпоғистон Республикаси прокуратураси органлари фермер хўжаликларининг қонуний ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиб, ҳуқуқий ва амалий ёрдам кўрсатмоқда. Хусусан, фермер хўжаликларини ташкил этиш учун жами 97 гектар ер, банклардан 160 млрд. 156 млн. сўм кредит, 30 тонна омихта ем, 66 тонна минерал ўғит, 180 млн. сўм эҳтиёт қисм ажратилиши, 7 млрд. 434 млн. сўм иш ҳақи ундирилиши, 278 млрд. 701 млн. сўм қарз ундирилиши ва 36 та техника олинишида ёрдам кўрсатилди.

Текширувларда эса Президент қарори билан тасдиқланган лойиҳаларнинг белгиланган муддатда ишга туширилмагани маълум бўлди. Хусусан, «Тахиатош чорвачилик» МЧЖ «Халқ банки»нинг Нукус филиалидан наслдор қорамол, молхона ва омихта ем учун ажратилган 6 млрд. сўм кредит эвазига Польшадан олиб келинган 118 та наслли қорамолнинг 61 тасини бошқа шахсларга сотиб юбориб, кредитнинг 1 млрд. 98 млн. сўмини талон-торож қилган.

Бундан ташқари, субсидияга олиб келинган наслдор қорамолларнинг 11 тасини сотиб юбориб, 22 млн. сўм пулни ўзлаштиргани аниқланиб, мазкур ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилди.