Ёшлар прокуратура фаолияти билан танишди

15:00 - 03.12.2021

11

Прокуратура органлари фаолиятининг асосий принципларидан бири ошкораликдир. Шу боис, прокуратура ходимлари томонидан юртимиз бўйлаб аҳолининг турли қатламлари билан, шу жумладан, ёш авлод вакиллари билан мунтазам учрашувлар ўтказиб келинмоқда. Шундай тадбирлардан бири 2 декабрь куни Жиззах вилояти прокуратурасида вилоят юридик техникуми ўқувчи-ёшлари учун “Очиқ эшиклар куни” тадбири ташкил этилди.

Унда вилоят прокуратураси ходимлари, таълим муассасасининг ўқитувчилари ҳамда 2-босқич ўқувчи-ёшлари иштирок этишди. Дастлаб ўқувчи-ёшлар ходимлар фаолияти, уларга яратиб берилган шароитлар билан танишишди. Уларга прокуратурада жисмоний ва юридик шахсларни қабул қилиш, дастлабки терговни олиб бориш жараёнлари ҳақида батафсил тушунчалар берилди, тергов анжомлари билан ҳамда судларда ишлар кўрилишида прокурор ваколатини таъминлаш йўналишлари юзасидан яқиндан танишдилар.

Шунингдек, ҳудудларни вилоят прокуратурасида ташкил этилган вилоят 2-сектор штабида иш жараёнларининг бориши, секторларда ишларни ташкил этиш механизмлари ҳақида ҳам тасаввурга эга бўлишди.

Шундан сўнг, вилоят прокуратурасининг катта мажлислар залида вилоят прокурорининг ўринбосари Турғун Худойбердиев томонидан ёшларга прокуратура тизими фаолияти ҳақида тушунтириш берилди.

Тадбир давомида вилоят прокуратураси ходимлари томонидан иштирокчиларга очиқ дарс ўтилиб, унда прокуратура органлари фаолиятининг асосий йўналишлари, устувор вазифа ва мақсадлари, прокуратура органлари тизими, тарихи ва бугунги кунда олиб борилаётган ишлар ҳақида маълумот берилди, прокуратура фаолиятига оид видеоролик намойиш этилди.

Учрашув савол-жавоб шаклида давом эттирилиб, иштирокчиларга эсдалик совғалари ҳамда юридик техникум кутубхонасига Т.Мирзаевнинг “Мен ўзбекман” номли монографияси тақдим этилди.

Шунингдек, Жиззах шаҳридаги Шароф Рашидов ёдгорлик музейига саёҳат ташкил этилди.

Улуғбек Шоназаров,

Жиззах вилояти прокуратураси бўлим бошлиғи