“Онамнинг қотилига энг оғир жазо беринглар!”

16:30 - 03.12.2021

26

Вақт пешиндан ўтган эди. Баҳодирга қўшниси Суннат телефон қилиб, тез етиб келишини, уйидан жанжал овози эшитилаётганини айтиб қолди. Баҳодир ҳаллослаб уйи томонга югурди.

Дарвоза ичкаридан қулфланган экан, бир неча бор тақиллатди. Аммо ичкаридан жавоб бўлмади. Сўнг деразаларни тақиллатишга тушди. Шундан кейин дарвозани отаси очди. Унинг кайфи тароқ, эгнида шалваридан бошқа ҳеч нарсаси йўқ, баданида шилинган жойлар кўзга ташланиб турарди.  Баҳодирнинг кўнгли ғашланди. Дарвозахонага сув сепилган, қон ҳиди анқирди.

Қараса, ерда қонга бўялган онаси беҳуш ётибди. Баҳодир жон ҳолатда онасига ёпишди. Нима бўлганини сўради. Аммо у гапира олмади. Аёлнинг кўзларидан ёш сизиб чиққан, қўллари музлаб бўлган эди. Баҳодир онасини шифохонага олиб борди. Аммо муолажалардан наф бўлмади. Аёл вафот этди.

Жиноят ишлари бўйича Шаҳрисабз тумани судида Ботир Қурбоновнинг жиноят иши кўрилди. Қайд этилишича, 1971 йилда туғилган Б.Қурбонов вақтинча ишсиз. Оилали, учта фарзанди бор. Тумандаги Янгиобод маҳалласида яшайди. Суд мажлисида қайд этилишича,  Ботир Қурбонов 2021 йилнинг 7 май куни соат 15 ларда уйига спиртли ичимлик истеъмол қилган ҳолатда келиб, турмуш ўртоғи Гулжаҳон Аъзамова билан жанжал қилган. Уни уриб, тепиб, оғир шикаст етказган. Бу жароҳатлар туфайли уч кундан кейин аёл вафот этган.

Судланувчининг ўғли Баҳодир ҳам шафқатсизлиги билан онасининг умрига зомин бўлган отасига оғир жазо тайинланишини сўради. Суд ҳукмига кўра Ботир Қурбоновга 9 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.