“Ярим тунда учрашамиз!”

14:30 - 03.12.2021

7

Тушлик вақтига яқин тўсатдан кўча эшиги тақиллаб қолди. Уй бекаси остонада ички ишлар ходимларини кўриб ҳайрон бўлди. Кейин ранги оқаринқираб, у ёқ-бу ёққа қараб олгач, «келинглар» деди титроқ овозда.

Туман ички ишлар идораси ходимлари хизмат гувоҳномасини кўрсатиб ярим тунда унинг уйи деворидан ошмоқчи бўлаётган йигитни кўриб қолишгани, яна икки шериги девор ёнида кузатиб туришганини айтишди. Тезкор ҳаракат натижасида икки киши қўлга олиниб, ҳозир ИИБ биносида экан.

Шундан кейин беканинг рухсати билан ишга киришишди… Эртаси куни жиноятчиларнинг учинчиси ҳам ушланди. Айтмоқчи, беканинг ички ишлар ходимларини кўриб чўчигани бежиз эмас экан. Нима учунлигини қуйида билиб оласиз.

Маълум бўлишича, девор ошмоқчи бўлганлар бир синфда ўқиган бўлиб, икки нафари бекага қўшни маҳаллада истиқомат қилишган. 2020 йил ноябрь ойининг илк куни Нодир (исм-фамилиялар ўзгартирилган) Отабекни бошлаб Муроднинг уйига кириб келди. Уч синфдош у ёқ-бу ёқдан гурунглашиб ўтиришди, мактаб пайтларини эслашди. Гап орасида Нодир ўзи ишлаётган фирманинг иши юришмай қолгани, шу сабабли холасидан 200 доллар, бир маҳалладошидан 800 минг сўм қарз олгани-ю ҳалигача қайтаролмагани, охирги пайтда кўчадан ҳам қарзлари кўпайиб кетганини айтиб, бироз нолиган бўлди. Кейин осон пул топиш йўлларини излаб-излаб, охири топганини айтар экан, уларга юзланди:

– Маҳаллаларингда одамларга фоизга пул берадиган опа яшайди, биласизлар-а?! Билишимча, анча-мунча йиғиб қўйган. Шунинг уйига тушамиз. Хўш, розимисизлар?

Режага кўра ярим тунда девор ошиб ҳовлига тушишади. Икки киши пичоқ билан уй эгаларини қўрқитиб турган пайтда шериклари пулларни қидириб топади. Кейин қўлга киритилган пулни бўлиб олишади. Режани амалга оширишни 3 ноябрь кунига белгилаб, уйларига тарқалишди. Орада Нодир билан Мурод дорихонадан учта қўлқоп сотиб олишди. Келишилган пайтда – тунги соат 2 да учовлон мўлжалга олинган хонадон яқинида учрашишди. Зумда қўлқоплар ҳамда қишки қалпоқларни кийиб, юзларини ниқоб билан яширишди. Кўчани кесиб ўтиб, девор ёнига келишди…      

Айни шу пайтда жамоат тартибини сақлаш ҳамда ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш мақсадида тунги хизматга жалб қилинган профилактика инспекторлари маҳаллани айланиб юришган эди. Улардан бири девор ошаётган шарпани кўриб қолди-ю ҳамкасбларига ишора қилди.

ИИБ биносида босқинчилик режасини тузган тунги шарпаларнинг ёнларидан чиққан скотч ўрами, қишки бошкийимлар, ниқоблар ҳамда битта пичоқ ашёвий далил сифатида ҳужжатлаштириб олинди. Ачинарли томони – жиноятчиларнинг бири 23 ёшда, қолган иккови эса эндигина 21 ёшни қаршилаган…

Жиноят ишлари бўйича Янгийўл тумани суди томонидан жиноят йўлида бирлашган собиқ синфдошлар Нодир Раҳматов, Отабек Азимов ҳамда Мурод Ҳасановга қилмишларига яраша жазо тайинланди.