Ҳокимнинг сохта қарори

12:00 - 03.12.2021

5

Қишлоқ хўжалигида қонунийликни таъминлаш муҳим йўналишлардан. Ушбу соҳада Фарғона вилоятида 1109 та прокурор назорати ҳужжати қўлланиб, 25 та жиноят иши қўзғатилган. 832 млн. 600 минг сўм зарарни ундириш хусусида судларга 139 та даъво аризаси киритилди, 220 нафар деҳқон ва фермернинг бузилган ҳуқуқлари тикланди.

Ўтган даврда 1633 гектардан зиёд ерни фуқаролар ўзбошимчалик билан эгаллаб олгани аниқланган. Назорат тадбирларида уларнинг 94 фоизи қайтарилди, 525 та ҳолатда 19,3 гектардаги ноқонуний қурилмалар бартараф этилди.

Хусусан,  Бешариқ туманида яшовчи И.Х. фуқаро И.М.ни алдаб, 8 сотихдан 2 та ер майдони ажратиб беришни ваъда қилиб 4900 АҚШ долларини қўлга киритган, ер ажратиб берилгани тўғрисида туман ҳокимининг сохта қарори кўчирмасини тайёрлаб берган. У яна икки кишини ҳам алдаб, 7500 доллар пулни олган. Ушбу ҳолатлар бўйича жиноят иши қўзғатилди.

Мурожаатлар билан ишлашда асосий эътибор муаллифнинг важларини холисона текширишга, фуқароларнинг бузилган ҳуқуқларини тиклашга қаратилмоқда. Хулоса қилиш жоизки, фуқароларнинг Конституцияда ҳавола этилган, қонунлар билан мустаҳкамланган ҳуқуқ ва бурчларни яхши билиши ва уларга амал қилиши демократик жамиятнинг асосларидан бири ҳисобланади.