Иссиқхонада лимон кўкармади, чунки…

18:00 - 02.12.2021

12

Қорақалпоғистон Республикаси прокуратураси ташаббуси билан камбағалликни қисқартириш, банд бўлмаган хотин-қизларни иш билан таминлаш мақсадида қоракўлчилик йўналишида 7 та кооперация ташкил этилиб, «темир дафтар»га кирган 220 нафар аёлнинг бандлиги таъминланди. Шунингдек, кластерлар томонидан жунни қайта ишлаш йўлга қўйилиб, «Айсанем» бренди остида маҳсулотлар экспорт қилинмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 11 ноябрдаги «2020-2023 йилларда Қорақалпоғистон Республикасини комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги 4889-қарорига асосан Қорақалпоғистонда 2020-2022 йилларда қишлоқ хўжалиги соҳасида умумий қиймати 1 трлн. 513 млрд. 100 млн. сўмлик 437 та инвестиция лойиҳасини амалга ошириш натижасида 6049 та иш ўрни яратиш белгиланган ва ижроси бўйича назорат ўрнатилган.

Бугунги кунда ушбу қарор билан тасдиқланган 3 та лойиҳа белгиланган муддатда ишга туширилмаган ва улар ўрганиб чиқилди.  Хусусан, Нукус туманидаги «Qudekov-Jadiger-Saparbaevich» МЧЖ 2 гектар ерда (сабзавот ва лимончилик йўналишида) 4 млрд.  586 млн. сўмлик иссиқхонани 2021 йилнинг 1 август куни ишга тушириши лозим бўлса-да, белгиланган муддатда тўлиқ ишга туширмаган. Бунинг сабаби ўрганилганда лимончилик йўналишидаги 1 гектар иссиқхона пудратчи «Оазис» МЧЖ томонидан сифатсиз қурилгани ва ушбу жамият иссиқхона қуриш учун ўтказиб берилган 243 минг АҚШ  долларини фирибгарлик билан қўлга киритгани аниқланди. Мазкур ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ўтказиш учун Қорақалпоғистон Республикаси ИИВ ҳузуридаги Тергов департаментига юборилди.