Ҳеч ким зўравонлик остида қолмаслиги керак

14:30 - 02.12.2021

6

Пойтахтимиздаги «Wyndham Tashkent» меҳмонхонасида Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси томонидан БМТ Тараққиёт дастури билан ҳамкорликда «Янги Ўзбекистонда оилавий зўравонликнинг олдини олиш ва оилавий зўравонликдан жабр кўрганларга амалий кўмак бериш: муаммо ва ечимлар» мавзусида халқаро конференция ўтказилди. Конференцияда кейинги йилларда мамлакатимизда хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш, ҳуқуқларини таъминлашда давлат органларининг масъулиятини кучайтириш, фуқаролик жамияти институтларининг ролини ошириш, аёлларга нисбатан зўравонликнинг ҳар қандай кўринишига барҳам бериш борасида амалга оширилган ишлар муҳокама қилинди.

Хусусан, бугунги кунда ушбу йўналишдаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга киритилган ўзгартишлар, яратилган шароитларга алоҳида тўхталиб ўтилди. Қайд этилдики, ҳозирга қадар аёлларнинг муаммоларини ҳал этиш ва уларни қўллаб-қувватлаш мақсадида давлат бюджетидан 3 трлн. сўм пул, банклар томонидан 7 трлн. сўм имтиёзли кредит ажратилган;

зўравонлик ва тазйиқдан жабрланган  29541 нафар аёлнинг барчасига ҳимоя ордери расмийлаштирилган;

зўравонларнинг 62347 нафарига чеклов ўрнатилиб, профилактика инспекторлари томонидан назоратга олинган.

Ўз навбатида, ҳимоя ордерида белгиланган чекловларга риоя этмаган 1003 киши Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 2061-моддаси, 674 нафари бошқа моддалари асосида маъмурий жазога тортилган.

Йил бошидан бери судлар томонидан аёлларга нисбатан зўравонлик ва тазйиқ ўтказиш билан боғлиқ 2012 та жиноят иши кўрилган ва 1629 кишига нисбатан айблов ҳукми чиқарилган. Ушбу тоифадаги жиноятларни содир этганларнинг 80 фоизи ҳеч қаерда  ишламайдиган шахслар, 19 фоизи аёллардир. Жабрланган аёлларни уйдан ҳайдаш бўйича 2071 та даъво кўриб чиқилган, шундан 1582 таси ёки 76 фоизи бўйича даъво қаноатлантирилиб, тарафни уйга киритиш ҳақида суд қарори қабул қилинган.

Шунингдек, алимент ундиришга доир 6585 та ишнинг 5275 таси ёки 80 фоизи бўйича ариза қаноатлантирилган. Бундан ташқари, 8457 нафар хотин-қизнинг мурожаати бевосита прокуратура органларида кўриб чиқилиб, 2569 таси қаноатлантирилган, 1877 нафарининг бузилган ҳуқуқлари тикланган. Мазкур ўрганишлар натижасида 3 та жиноят иши қўзғатилган, 114 та протест, 101 та тақдимнома, 96 та огоҳлантирув тарзидаги прокурор назорати ҳужжатлари қўлланиб, 22,9 млн. сўм зарар ундирилган, 92 нафар мансабдор интизомий ва маъмурий жавобгарликка тортилган.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Зўрлик ишлатишдан жабр кўрган хотин-қизларни реабилитация қилишга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги 5116-қарори билан Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги ҳузурида Аёллар реабилитация ва мослаштириш республика маркази ва унинг ҳудудий бўлимлари ташкил этилиб, марказга жойлаштириладиган шахслар тоифаси ҳамда унинг фаолиятига оид ташкилий масалалар тартибга солинган.

Шунингдек, Бош прокуратура томонидан Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 9 августдаги «Aziz-ayol.uz» ягона интерактив миллий платформасини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги 507-қарор ишлаб чиқилган.