13 ёшли қизнинг ҳомиласи онасининг жазманидан экан

16:30 - 02.12.2021

10

Бир неча кун аввал Самарқанд шаҳрида 13 ёшли мактаб ўқувчисининг ҳомиладорлиги аниқлангани ҳақида хабар тарқалди. Маълумотларга кўра, рус миллатига мансуб 13 ёшли М.Л.нинг ҳомиладорлиги аниқланган. Дастлабки суриштирув ҳужжатларида баён этилишича, жабрланувчининг холаси Г.Г. 2021 йил 23 ноябрь куни мазкур ҳолат бўйича ҳудудий ички ишлар идорасига ариза билан мурожаат қилган. Унда 1979 йилда туғилган синглиси М.В. билан Самарқанд шаҳрида бирга яшаб келаётган 1980 йилда туғилган фуқаро Н.Д. 2008 йилда туғилган жияни М.Л. билан жинсий алоқада бўлганлигини келтириб ўтган. Шунингдек, у жияни М.Л. ҳозирги кунда ҳомиладор эканлигини билдирган.

Мазкур мурожаат юзасидан ҳудудий профилактика инспектори томонидан терговга қадар текширув ўтказилиб, тўпланган хужжатлар 2021 йил 26 ноябрь куни Самарқанд шаҳри бўйича  ички ишлар органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бошқармаси ҳузуридаги тергов бўлимига тақдим қилинган. Шу куни Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг тегишли моддаси билан жиноят иши қўзғатилиб, дастлабки суриштирув ҳаракатларига киришилган. Хусусан, шу куни ҳодиса жойи холислар ва мутахассислар иштирокида кўздан кечирилган. Психолог иштирокида М.Л. билан суҳбатлашилган. У ўз кўрсатувларида 2019 йил январь ойидан ҳозирги кунга қадар ўгай отаси Н.Д. билан жинсий алоқада бўлиб келганлигини, лекин буни онаси М.В.га айтишга қўрққанлигини маълум қилган. Мазкур ҳолат юзасидан 2021 йил 26 ноябрь куни М.Л. судга оид тиббий экспертизадан ўтказилган. Унда М.Л.нинг ҳомиладорлиги аниқланган. Ҳозир тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.