Икки оғиз «оғирроқ» гап

12:30 - 01.12.2021

8

Яқин оғайнисининг тўйида спиртли ичимликлар ичиб маст бўлган Тўра Отамуратов (исм-фамилиялар ўзгартирилган) қўшниси Айтан Абдуллаевга «кўнгил ёзиш» таклифини билдирганида “йўқ” дея олмади. Орадан кўп вақт ўтмай, Айтан Тўранинг уйига яна бир ўртоғи билан келди. Дастурхон ёзилиб, ичкиликбозлик бошланди. Меҳмонларнинг ўзлари билан олиб келган ароғи тугаганидан сўнг мезбон ҳам уларга «илтифот» кўрсатишни ният қилди. Тўра дўкондан қайтишда йўл-йўлакай яна икки танишини кўриб қолди ва уларни ҳам уйига олиб келди.

 Маишатбозлик авжига чиқди. Тўранинг уйидаги ўтиришдан кейин йигитлардан бирининг уйига йўл олишди. Келишмовчилик эса айнан ўша хонадонда бошланди. Тўрага ўзидан анча ёш кичик Айтаннинг гаплари хуш келмади. Шу боис у ўзининг ким эканлигини эслатиб қўйиш мақсадида бир-икки оғиз «оғирроқ» гап айтиб қўйди. Табиийки, бу Айтанга нисбатан ҳақоратдек туюлди ва у ҳам ўзига яраша жавоб қайтарди. Бундан аччиғи чиққан Тўра дастурхон устида турган бўш шишалардан бири билан Айтаннинг бошига урди…

 Жанжал сабаб йигитлар тарқалишга мажбур эди. Шу боис Айтан бошидан олган жароҳати билан автомашинасига ўтириб, уйи томон йўл олди. Афсуски, у уйига етиб бора олмади — жароҳат сабаб йўлда ҳушини йўқотди. Воқеага гувоҳ бўлганлар «Тез ёрдам»га қўнғироқ қилиб, уни касалхонага етказишди. Лекин беморнинг ҳаётини сақлаб қолишнинг иложи бўлмади. У орадан икки кун ўтиб, мияга қон қуйилиши оқибатида вафот этди. Ушбу қотиллик жиноятини амалга оширган асосий айбдор Т.Отамуратов эса суд томонидан 8 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазосига ҳукм этилди.

Афсуски, ичкиликбозлик оқибатида бир инсон ҳаётдан кўз юмди, марҳумнинг вояга етмаган фарзандлари эса отасиз қолди.