“Ойи, мени чўктирманг!”

16:30 - 01.12.2021

33

Олов қаърида қолганда ёки кучли зилзила юз берганда қутулишнинг иложини тополмай, болаларини гавдаси билан тўсиб, ўзи ҳалок бўлгану дилбандини сақлаб қолган, сувда оқаётган боласини қирғоққа чиқариб, ўзи чўкиб кетган оналар ҳақида эшитганда титраб кетасан киши. Оналик ўз жонини фарзанди учун хотиржам туриб қурбон қила оладиган ана шундай буюк фидойилик эканига ҳаётда мисоллар бисёр. Қуйидаги воқеа билан танишгач эса… Очиғи, бола туққан билан ҳамма ҳам она деган номга эриша олмаслигини ҳис қилади киши…

Ўша куни изғиринли эди. Наврўз арафаси бўлса-да, одамлар ҳали қишки иссиқ кийимларда. Нозима (исм-фамилиялар ўзгартирилган) эгнига курткасини илди, қизчасини ҳам қалин кийинтиргач, ота-онасига боласини дўхтирга кўрсатиб келишини айтиб кўчага чиқди. Аммо у бутунлай бошқа томонга — икки фарзанди ўқиётган мактабга қараб йўл олди. “Ҳали сенларга кўрсатиб қўяман! Мени ким деб ўйлаяпсанлар?”. Аёл ғазабини жиловлай олмай тобора асабийлашарди.

Тўққиз яшар Мадина — Нозиманинг иккинчи қизи мактаб яқинида уларни кўриб, чопқиллаб келиб онасини қучоқлаб олди. Жажжи сингилчасининг юзларидан ўпди: “Сизларни соғиниб кетгандим ўзи…”. Нозима ҳам соғинганини айтиб, “Юр бир пас айланамиз”, деди. Мадина кўнмади, дарсни ташлаб кетолмасди. Онаси эса унга дўкондан ширинлик олиб беришини айтиб, амаллаб мактабдан узоқлаштирди. Бироқ она дўконга эмас, катта йўл сари кетди. Машина тўхтатиб, қизларини миндирди.
— Ойи, қаерга кетяпмиз? —сўради Мадина ҳайрон бўлиб.
— Синглинг касал, бирга дўхтирга олиб борамиз, — деди она хотиржам.
Улар анча йўл юришди. Зангиота туманидаги овлоқ жойга етганда машинадан тушиб қолишди.
— Қани, энди сен билан очиқчасига гаплашиб олайлик-чи! Нега сен икки зумраша мен билан эмас, даданг билан қолишни афзал билдиларинг? Жавоб бер! Мадина қўрқиб кетди.
— Ойижон, дадам билан қолсак ҳам сизни жуда яхши кўрамиз! —деди кўзлари жавдираб.
— Алдама! Ёлғон гапирма! Яхши кўрганингда, мен билан кетардиларинг!

Нозима Мадинани шовуллаб оқаётган ариқ томон судради. Қизча типирчилаб, онасига ялинар, йиғларди. Аммо Нозимага фарзандининг йиғиси таъсир қилмади. Тўққиз ой қорнида кўтариб, азобини еб туққан икки фарзанди ўзи билан эмас, турмуш ўртоғи билан қолгани унга оғир ботган, бор аламини эса бечора қизалоқдан олишга чоғланган эди.
— Бу ишга мени ўзинг мажбур қилдинг! — Нозима шундай дея қизалоқни муздек пишқириб оқаётган сувга итариб юборди.
— Даданг билан қолсанг, шундай бўлади! Қизча додлай бошлади. Ҳам совуқ заҳри баданини кесар, ҳам оқим бўйлаб оқиб борар, қўрқарди. Нозиманинг юраги ҳамон қилт этмасди. Ҳатто қизининг нобуд бўлиши мумкинлигидан ҳам чўчимасди. Мадина шох-шаббалардан маҳкам ушлаб қолди. Бир амаллаб қирғоққа интила бошлади. Титраб-қақшаб қирғоқдан чиқишга уринди. Совуқдан юзлари, лаблари кўкариб кетди. Шу пайт Нозима етиб келиб, қизни яна сувга итарди. Норасида қизча чинқира бошлади.
— Сенларни мен туққанман!
Мен дунёга келтирганман, тушундингми?! Менга бундай ҳурматсизлик қилишга ҳаққинг йўқ эди! Энди ўласан!

Қизча қўл-оёқлари совуқдан ўзига бўйсунмас, шу кўйи оқиб кетишдан қўрқиб, онасига ёлворди.
— Ойижон, мени чўктириб юборманг! Кечиринг! Сизни танлайман!

Нозима қизини сувдан чиқаришга шошилмади. Пушаймонлик азобини тотишини истадими ёки биратўла оқиб кетишиними, хуллас киприк қоқмай тураверди. Мадина қирғоққа талпиниб, кучдан толди. Бемажол ётганча ўз онасининг уни ўлдиришгача боришидан даҳшатга тушарди. Сингилчаси ҳам қўрққанидан йиғламоққа тушди. Шу пайт узоқдан кимдир кўринди. Афтидан, у одам йиғи овозини эшитган ва ёрдам беришга шошиб келарди.
— Ўчир овозингни! — Нозима сумкасидан скотч олиб, Мадинанинг оғзини маҳкамлаб ташлади ва бута орасига яширди.
— Шу ерда кимдир йиғладими? Кўрмадингизми? — сўради ҳаллослаб етиб келган бегона одам Нозимадан.
— Йўқ, анчадан бери шу ердаман. Эшитмадим, — деди Нозима.
— Қизиқ… Ёш боланинг овозига ўхшади.
Нозима бегона кишининг ариқ томон кўз ташлаётганини кўриб уни чалғитди.

— Ҳаа… Эсимга тушди. Шу атрофда бир кучук юрганди. Ғингшиган шу бўлса керак. Бегона киши улардан узоқлашди. Онада бир бегона кишидаги шафқатнинг ярми ҳам йўқ эди. У қизчани яна обдон қийнади.

Қизча омон қолди. Эҳтимол, бўлган воқеаларни дадасига айтмаслиги ҳам мумкин эди. Аммо дарсдан бесабаб чиқиб кетгани, шалаббо бўлиб, ранги ўчиб, бемажол уйига келгани отасини қўрқитиб юборди. Ким уни бу аҳволга солганини билмагунча тинчимади. Мадина бор гапни айтиб берди.

Суд Нозиманинг хатти-ҳаракатларига ҳуқуқий баҳо берди, боласини ўлдириш билан таҳдид қилган аёлга 3 йил муддатга озодликни чеклаш жазоси тайинланди.

Дунёни оналар меҳри иситиб туради, дейишади. Меҳрсиз оналар эса ҳаётни музга айлантириши турган гап. Юқоридаги воқеадаги аёл турмуш ўртоғи қалбини ҳам музлатган. Бир бегона эркак билан телефонда кўп пичирлашгани сабаб шубҳа билан дарз кетган оила бундан буёғига қайта тикланмаслиги, уч нафар бола қалби парчалангани ҳам айни ҳақиқат.

Хуршид ЎРИНОВ,
Зангиота тумани ИИБ ҳузуридаги
Тергов бўлими суриштирувчиси