Тадбиркорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тизими такомиллаштирилди

14:30 - 01.12.2021

22

2021 йил 15 сентябрь куни Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Тадбиркорлик субъектлари учун маъмурий ва солиқ юкини янада камайтириш, бизнеснинг қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармони қабул қилинди.

Унга кўра 2021 йил 1 октябрдан бошлаб қатъий белгиланган миқдордаги жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи тўловчиси бўлган тадбиркорлар томонидан солиқ органларига солиқ ҳисоботини топшириш мажбурияти ҳамда алоҳида тайёр импорт истеъмол товарларининг божхона декларацияси расмийлаштирилган санадан кейин 12 ой ўтгач сотувга қўйилиши ҳамда чакана савдода реализация қилинишига қўйилган тақиқ бекор қилинди.

Шунингдек, 2022 йил 1 январдан 2023 йил 1 январга қадар республика туманларида (Тошкент шаҳри бундан мустасно) фаолият юритувчи тадбиркорларга белгиланган ижтимоий солиқ ставкаси икки баравар пасайтирилган ҳолда базавий ҳисоблаш миқдорининг 50 фоизи миқдорида белгиланади.

Бундан ташқари, тадбиркорлик субъектлари фаолиятининг қонунчилик талаб ларига мувофиқлигини текшириш бў йича давлат назорати функциялари рўйхати қонун билан тасдиқланиши, бунда тегишли қонун қабул қилингандан сўнг рўйхатга киритилмаган давлат назорати функцияларини амалга оширишга йўл қўйилмаслиги, шу билан бирга ваколатли органни хабардор этиш тартибида ўтказиладиган текширувлар рўйхатига фуқароларнинг ҳаёти ва соғлиғига, жамоат хавфсизлиги, атроф-муҳитга зарар етказиш хавфининг олдини олиш учун кечиктириб бўлмайдиган назорат тадбирларини ўтказиш билан боғлиқ текширувлар ҳамда сайёр солиқ текширувлари киритилиши белгиланди.

Фармонда яна 2022 йил 1 апрелдан босқичма-босқич мажбурий талабларнинг электрон реестри жорий қилиниши, бунда мазкур реестр давлат органлари ва ташкилотлари ўз ваколатлари доирасидаги соҳалар бўйича белгиланган тартибда тақдим этган мажбурий талаблар рўйхати асосида Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил томонидан шакллантирилиши ва юритилиши кўрсатилган.

Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, ушбу фармон билан 2022 йил 1 январдан назорат қилувчи органлар тадбиркорлик субъектлари фаолиятини белгиланган тартибда тасдиқланган саволнома бўйича текшириши, Савдо-саноат палатаси аъзо си бўлган тадбиркорлик субъектининг фаолиятини текширишда ушбу субъектнинг розилиги билан палата ходимлари иштирок этиши каби тартиб ўрнатилди.

Эътиборли жиҳати, тадбиркорлик субъектлари фаолиятида текширувларни ўтказишга қонун бузилишининг олдини олиш бўйича профилактика тадбирлари белгиланган тартибда ўтказилгандан сўнг йўл қўйилади, солиқ текширувлари, жиноят ишлари ва тезкор-қидирув фаолияти доирасида, шунингдек, қонун ҳужжатлари бузилиши ҳақидаги мурожаатлар ва маълумотлар асосида ўтказиладиган текширувлар бундан мустасно.

Шу билан бирга, тадбиркорлик субъектларида ўтказиладиган текшириш ва назорат тадбирлари тизимлаштирилмоқда. Хусусан, фармон билан Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакилга Адлия вазирлиги, Савдо-саноат палатаси ҳамда манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда 2022 йил 1 апрелга қадар тадбиркорлик соҳасида давлат назорати билан боғлиқ катта ҳажмдаги маълумотларни йиғиш, таҳлил қилиш ва қайта ишлаш имконини берувчи «Ягона давлат назорати» ахборот тизимини ишлаб чиқиш ва ишга тушириш вазифаси топширилди.

Мазкур фармон билан ишбилармонлик муҳитини яхшилаш борасида 2022 йилдан бошлаб тадбиркорлик субъектларига маъмурий босим даражасини аниқлаш ва енгиллаштириш, шунингдек, ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишга қаратилган Тадбиркорлик фаолияти эркинлиги индекси жорий этилади.

Шунингдек, тадбиркорлик субъектлари учун маъмурий юкни камайтириш мақсадида 2021 йилнинг 1 октябридан назорат қилувчи органларнинг 16 турдаги назорат функцияси бекор қилинди.

Умиджон МУМИНОВ,
департаментнинг Андижон вилояти
бошқармаси катта тафтишчиси