Фарзандликка олишнинг ҳуқуқий асослари

12:30 - 30.11.2021

8

Оила – муқаддас даргоҳ. Боланинг хулқи, ҳаётга бўлган илк қарашлари шаклланишида, жамиятга мослашишида ва умуман унинг шахс сифатида камол топишида оилада берилган тарбиянинг ўрни беқиёс. БМТнинг «Бола ҳуқуқлари тўғрисида»ги конвенциясида ўз оиласининг ғамхўрлигидан вақтинча ёки доимий маҳрум бўлган бола давлат томонидан кўрсатиладиган алоҳида ҳимоя ва ёрдамни олиш ҳуқуқига эга эканлиги белгиланган.

Ўзбекистоннинг «Бола ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида»ги
қонунида давлат боланинг оилада бўлишига тўсқинлик қилувчи шароитни бартараф қилиши, бола оиласидан ажратилган ҳолларда эса уни оиласига тезроқ қайтариш чорасини кўриши мустаҳкамлаб қўйилган.

Фарзандли бўлиш ҳар бир инсоннинг ҳуқуқидир. Шунга кўра фарзанд кўра олмаётган айрим оилалар ҳам бола асраб олиб, фарзандли бўлиши мумкин. Айни пайтда таҳлиллар болаларни фарзандликка олиш истагини билдирганлар мамлакатимизда 4 мингдан ортиқ эканлигини кўрсатмоқда. Уларнинг хоҳишини рўёбга чиқариш учун амалдаги қонунчиликни такомиллаштириш зарурати бор эди.

Қонунчиликка кўра қасддан содир этган жинояти учун илгари ҳукм қилинган шахслар болани фарзандликка олишига йўл қўйилмас эди. Мазкур қоида ижтимоий аҳамияти катта бўлмаган, унча оғир бўлмаган ҳамда фарзандликка олишга тўсқинлик қилмайдиган жиноят турлари (иқтисодиёт, экология соҳасидаги жиноятлар ва ҳ.) учун ҳам татбиқ қилинар эди.

Таъкидлаш жоизки, АҚШ, Хитой, Франция, Канада, Германия, Норвегия, Дания, Нидерландия, Испания каби давлатларда фарзандликка олишга монелик қилувчи сабаб сифатида шахснинг судланганлиги умуман кўзда тутилмаган.

Қолаверса, ҳар бир ҳаракатимиз замирида фарзандларимизнинг бахти, фаровон келажаги мақсад қилиб қўйилган. Ҳар бир бола келажаги учун барчамиз бирдек масъулмиз. Шундай экан, жамият ва давлат учун хавф туғдирадиган шахсларга фарзандларимиз тарбиясини ишониб топшириш давлат парокандалиги сари қадам қўйиш билан баробардир.

Бироқ инсон борки, хатодан холи эмас. Билиб-билмасдан хато қилган инсонга фарзандликка олиш ҳуқуқининг берилиши унинг ватанимизга муносиб, садоқатли ва баркамол фарзанд тарбиялашга ўз ҳиссасини қўшиши учун бир имкониятдир.

Ваҳоланки, мисол учун, агар шахс жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисидаги қонунчиликни бузса, бу ҳолат унинг бола асраб олишига имкон бермасди.

Илмий тадқиқот ёки синов жараёнида хавфсизлик қоидаларини бузган шахснинг ҳам болани фарзандликка олишига йўл қўйилмасди. Ҳолбуки, кўп ҳолатларда хавфсизлик қоидалари эҳтиётсизлик оқибатидагина бузилади.

Ана шундай чекловлар фарзандликка олиш истагида навбатда турганларнинг сони фарзандликка берилаётганларга (ҳар йили ўртача 200 бола) нисбатан анча юқорилигича қолишига сабаб бўлмоқда.

Тараққиётимизнинг янги босқичида мамлакатимизда етим болалар ва ота-онасининг қарамоғидан маҳрум бўлган болаларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, уларнинг ижтимоий мослашуви учун имконият яратиш, шунингдек, жисмонан соғлом ва маънавий етук авлодни тарбиялашда оиланинг ролини мустаҳкамлаш борасида кенг қамровли ишлар қилинмоқда.

Хусусан, ўтган даврда бола ҳуқуқларининг кафолатларини таъминлаш, унинг қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, етим ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш тизимини такомиллаштиришга қаратилган 30 дан ортиқ норматив-ҳуқуқий ҳужжат, хусусан 3 та қонун, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 16 та фармон ва қарори, ҳукуматнинг 14 та қарори қабул қилинди.

2021 йилнинг 21 октябрь куни қабул қилинган «Фарзандликка олиш тартибининг ҳуқуқий асослари такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қонун шулар жумласидандир.

Бош прокуратура томонидан ишлаб чиқилган мазкур қонун бола ҳуқуқларини тўлиқ ҳимоя қилиш, жумладан, болаларни қонунга зид равишда фарзандликка олиш ҳолатларини, бола савдоси билан боғлиқ жиноятларни бартараф этишга қаратилган.

Энди ижтимоий хавфи катта бўлмаган ва унча оғир бўлмаган баъзи жиноятларни содир этган фуқароларга ҳам бола асраб олишга имконият яратилди. Яъни, қилмишнинг ижтимоий хавфлилиги даражасига қараб, уни содир этган шахснинг фарзандликка олиши мумкин ёки мумкин эмаслиги аниқланади.

Шу мақсадда қонун билан қуйидаги шахсларга нисбатан фарзандликка олишга бўлган чеклов олиб ташланди:

а) ўзгалар мулкини талон-торож қилиш билан боғлиқ бўлмаган жиноятлар (жиноий йўл билан топилган мулкни олиш ёки ўтказиш бундан мустасно), иқтисодиёт асосларига қарши жиноятлар, хўжалик фаолияти соҳасидаги жиноятлар, тадбиркорлик фаолиятига тўсқинлик қилиш, қонунга хилоф равишда аралашиш билан боғлиқ жиноятлар ҳамда хўжалик юритувчи субъектларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларига тажовуз қиладиган бошқа жиноятлар (тижоратда пора эвазига оғдириб олиш, нодавлат тижорат ташкилотнинг ёки бошқа нодавлат ташкилотнинг хизматчисини пора эвазига оғдириб олиш бундан мустасно) содир этганларга;

б) атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва табиатдан фойдаланиш соҳасидаги жиноятлар, транспорт ҳаракати ва ундан фойдаланиш хавфсизлигига қарши жиноятлар, ахборот технологиялари соҳасидаги жиноятлар, бўйсуниш ва ҳарбий шаънга риоя этиш тартибига қарши жиноятлар, ҳарбий хизматни ўташ тартибига қарши жиноятлар, ҳарбий мулкни сақлаш ёки ундан фойдаланиш тартибига қарши жиноятлар содир этганларга;

в) туҳмат ва ҳақорат қилганлар, жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузганлар, муаллифлик ёки ихтирочилик ҳуқуқларини бузганлар, учувчисиз учадиган аппаратларни қонунга хилоф равишда олиб кириш, ўтказиш, олиш, сақлаш ёки улардан фойдаланиш жиноятини содир этганлар, карантинли ва инсон учун хавфли бўлган бошқа юқумли касалликлар тарқалиши ҳақида ҳақиқатга тўғри келмайдиган маълумотларни тарқатганлар, учувчисиз учадиган аппаратларни сақлаш ва улардан фойдаланиш тартибини бузганларга;

г) тадқиқот ўтказишда хавфсизлик қоидаларини бузганлар, меҳнатни муҳофаза қилиш, санитарияга оид қонун ҳужжатларини ёки эпидемияга қарши кураш, кон, қурилиш ёки портлатиш ишлари хавфсизлиги, ёнғин хавфсизлиги қоидаларини бузганларга.

Шу аснода илгари фарзандликка олишга Жиноят кодексида кўрсатилган 268 та жиноят тури монелик қилган бўлса, энди уларнинг сони 165 тага туширилди.

Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, васийлик ва ҳомийлик органлари томонидан фарзандликка олишни хоҳловчи шахслар, уларнинг яшаш шароити ва ота-она бўлиш имконияти атрофлича ўрганилиб, ҳар бир ҳолатга алоҳида баҳо берилади.

Қонун билан жиноят туридан қатъи назар оғир (5 йилдан 10 йилгача) ва ўта оғир (10 йилдан ортиқ) жиноятларни содир этганлик учун илгари ҳукм қилинганлар бола асраб олиши тақиқланиши мустаҳкамлаб қўйилди.

Шунингдек, яқин қариндошлар ўртасида фарзанд асраб олишда ортиқча сансалорликнинг олдини олиш мақсадида фарзандликка олувчи ва боланинг ёшидаги фарқ ўн беш ёшдан кам бўлмаслиги тўғрисидаги қоида эндиликда яқин қариндошларга татбиқ этилмаслиги белгиланди. Мазкур қонун бола ҳуқуқларининг тўлиқ ҳимоя қилинишига кўмаклашади.

Ойдин НОРОВА,
Бош прокуратура бошқарма прокурори