Бир кунда очилган қотиллик

10:30 - 30.11.2021

6

Жазирама ёзнинг боши, аниқроғи 2021 йил 15 июнь куни шомга яқин Фарғона шаҳар ИИБга уяли телефон орқали «Фарғонаазот» корхонасининг орти, карбамид цехи тарафдаги йўл бўйига эркак кишининг жасади бўлган автомашина ташлаб кетилгани ҳақида хабар қилишди. Воқеа жойига етиб борилганида гувоҳ – қўли ва бўйнида жароҳатлари бўлган боланинг яқинлари мурданинг бошидаги қопни олиб қўйишган эди. Жасаднинг юзи, боши қонталаш бўлиб, бўйнидан арқон билан машинанинг ўриндиғига боғланган эди.

Вилоят прокуратураси ҳамда ИИБ ходимларидан иборат тезкор тергов гуруҳи дарҳол ишга киришди. Прокуратура органларида узоқ йиллар ишлаб катта тажриба орттирган ходимлар тергов гуруҳига жалб қилинди.

Тергов гуруҳига раҳбар этиб тайинланган вилоят прокуратураси
ўта оғир жиноятларни тергов қилиш бўлими алоҳида муҳим ишлар бўйича терговчиси Шуҳратжон Мусаев аввало омон қолган жабрланувчи, ҳаяжон ҳолатида бўлса-да, эс-ҳуши жойида бўлган Ойбек (жабрланувчи, гувоҳ ва айбланувчиларнинг исм-фамилиялари ўзгартирилган) билан суҳбат қурди. Қотиллик қурбони боланинг маҳалладаги ёнма-ён қўшниси, ўттиз ёшга кирган Аҳрорбек ҳайдовчи бўлиб, Марғилон шаҳридаги қурилиш моллари бозорида харидорлар сотиб олган ёғоч-тахта, темир буюмлар ва бошқа қурилиш ашёларини «Комби-Москвич» русумли машинасида айтилган жойга элтиб бериш билан даромад топиб рўзғор тебратган.

Ойбек ўқишдан кейин, ёзги таътилда унга юк ортиш ва тушириш, машина томига ортилган ашёларни арқон тортиб боғлаш каби юмушларда қарашган, бирга юк ташиб юриб, ака-укадай яқин бўлиб қолган. Баъзан пули камлик қилган харидорнинг юкини уйига элтиб берганларида йўлкирага қўшиб берган пулни сотувчига келтириб беришган. Ойбек 14 июнь куни ишдан кейин Аҳрорбек акасининг уйида ётиб қолади. Кейинги куни эрталаб машинада одатдагидай бозорга боришади.

Соат кундузги ўнларда битта харидорнинг 34 кило симини 20 минг сўм йўлкира эвазига Тошлоқ туманидаги «Дарё» дўкони олдига етказиб беришади. Бозорга қайтиб машинани ташқарига, дарвоза ёнига қўйиб бош қа ҳайдовчилар билан гаплашиб ўтиришади. Соат ўн бирларда Аҳрорбек темир сотувчи Маҳмуджон билан савдолашаётган нотаниш кимсага юкини элтиб беришни таклиф қилади. Йўл ҳақини келишиб олишади. Юзига коронавирусдан сақланиш ниқобини тақиб олган, бироз оқсоқланиб юраётган харидор 30 метр қувур, қалинлиги турлича, узунлиги 10 метр бўлган 300 метрдан кўпроқ профил (ингичка тўртбурчак темир) сотиб олади. Ҳозир ёнида нақд 100 АҚШ доллари борлигини айтиб, қолган 12 млн. 400 минг сўмни ҳайдовчидан бериб юборишига сотувчини кўндиради. Аҳрорбек айтган 230 минг сўм йўл ҳақига тортишмасдан рози бўлади. «Тушга яқин йўлда ЙҲХ ходимлари кам, бехавотир юрасиз, юкимни Қувасой шаҳрининг Чек маҳалласига етказиб берасиз, болалар кутиб олишади» деб тайинлаб, ўзининг телефон рақамини бериб кетади.

Бола ҳайдовчи билан пўлат қувур ва профилларни «Москвич»нинг томига юклаб, соат ўн икки яримларда йўлга чиқишади. ЙҲХ ходимларига рўбарў келмаслик учун Қувасойнинг Қўчқорчи қишлоғи орқали айланма йўлда бораётиб, Аҳрорбек юк эгасига қўнғироқ қилади, аниқ манзилни сўраб олади. Қувасой шаҳрига кираверишда дўкондан музқаймоқ, нон олиб, машинада тушлик қилишади. Соат ўн минути кам иккида Чек маҳалласига етиб бориб юк эгаси билан телефонлашиб, у та йинлаган йўл бўйидаги Қувасой белгиси ўрнатилган жойдан ўтиб ўнг томондаги тепаликда тўхташади. Юк эгаси телефонда «ҳозир тушириб оладиган болаларни жўнатаяпман» дейди.

Бироздан сўнг «Тико» машинасида келган ўн олти-ўн етти яшар икки йигит «Москвич»нинг орқа ўриндиғига ўтиришади. Бироз гаплашиб ўтиришганидан кейин йигитлардан бирига қўнғироқ бўлади, «Ҳозир ўзи келаяпти» дейди у. «Москвич» ёнидан «Дамас» машинаси ўтиб кетиб, бир километрча юргач, ортига қайтади. Яна беш юз метрча олдинга юриб қайтиб келади. Рўпарасида тўхтайди.

– Кун иссиқ, чарчаб, кўзимиз илинганди, – деди сўзининг давомида Ойбек. – Тўполон бўлиб кетди.

Кўзимни очсам, ортида ўтирган бола Аҳрор акани бўйнига арқон солиб бўғаяпти, мени ҳам ортимдаги бола бўға бошлади. Оғзимни бир нима билан ёпди. Ҳушимни йўқотдим…

Ўзимга келганимда йиғлаб ялиниб-ёлвордим. Мени энди бошқа, ёши каттароғи бўғди, тағин ҳушимдан кетдим…

Ҳушига келганида босқинчиларнинг башарасини эслаб қолган Ойбек насияга юк олган кимса, «Дамас» машинасининг ҳайдовчиси, Аҳрор акаси ва ўзининг бўйнини арқонда бўғган йигитларнинг тахминий ёши, афтини тасвирлаб берди. Унинг тасвирлаши бўйича тайёрланган фотороботлар асқотиб, олиб борилган тезкор тергов тадбирлари давомида эртасигаёқ тўрт нафар гумондор ушланди. Жабрланувчи таниб олган жиноятчилар орасидан вояга етмаган Собит ва Ёрбек иқрор бўлиб кўрсатма бера бошлади. Иккаласи Қувасой шаҳридаги машина ювиш шохобчасида ишлашган. Шохобча эгаси Шаҳриёр акадан Собит қарзга 1 млн. сўм, Ёрбек эса 400 минг сўм олган. Ўша куни Шаҳриёр иккаласига қўнғироқ қилиб чақириб олади.

«Битта иш қиламиз, қарзларингдан кечаман, тағин пул ҳам бераман» деб нима қилишни тушунтиради.

Смартфонда жангари роликларни томоша қилиб юриб дийдаси қотган икковлон бировларни бўғиб ўлдиришда қатнашишга кўнади. Шаҳриёр билан Қувасой шаҳрининг Абдураҳмон Жомий кўчасида, Исфайрамсой кўприги ёнида жойлашган хўжалик моллари дўконига бориб, бармоқ изларини қолдирмаслик учун учта резина қўлқоп, арқон, елим боғлагичлар сотиб олишади. Собит билан Ёрбек телефонда чақирган «Тико» русумли такси машинасида Чек қишлоғидаги Қувасой-Аввал йўлининг адирлик томонига боришади. Машинадан тушиб теваракда ҳеч ким йўқлигига ишонч ҳосил қилиб, йўл бўйида тўхтаб турган, темир ортилган «Москвич-Комби» машинаси олдига бориб, юкни айтилган жойда тушириб оламиз дея орқа ўриндиққа ўтиришади.

– «Дамас»да келган Шаҳриёрнинг ишораси билан мен ҳайдовчининг, Ёрбек боланинг бўйнини арқонда бўғдик, – деди Собит. – Машинадан тушиб югуриб келган Шаҳриёр эшикни очиб ҳайдовчининг калласига тиззаси билан урди…

Ҳайдовчини машинадан тортиб туширишади. Собит арқонни қаттиқроқ тортади, Шаҳриёр дуч келган
жойига, юз-кўзларига уриб тепади.

Кеч кира бошлаганида жон асари йўқ ҳайдовчи билан беҳуш болани машинанинг багажига ортиб, темирларни қишлоқдаги Шаҳриёрнинг қариндоши ҳовлисига туширишади. Сўнг Шаҳриёр машинани миниб Фарғона шаҳрининг Қиргули мавзеси саноат зонаси, азот корхонаси ортига, йўл бўйига ташлаб кетади.

– Бир ярим ой олдин маҳалладошимдан 500 доллар қарз олгандим, –деди босқинчиликнинг ташкилотчиси Шаҳриёр. – Шу пулни ўртоғим Садир билан бўлиб олиб ишлатиб юбордик. Қарзни қайтариб бергани пулимиз йўқ эди. Садир билан режа туздик. Темир бозоридан насияга алдаб олган темирларни юклаб келган ҳайдовчини ҳушидан кетказиб, сўнг темирларни сотиб қарздан қутулмоқчи бўлгандик.

У машинани адирдаги йўлга ташлаб кетаётганида гўё тирик ҳайдовчи «қўйиб юборинг» деганмиш, ҳушсиз боланинг қўл-оёғи боғланган арқонни ечиб қўйганмиш. Ҳолбуки, бола ҳушига келиб, шу яқиндаги бировдан сўраб олган телефонда яқинларини чақирган, улар етиб келиб қараганларида Аҳрорбекда жон асари бўлмаган, Қувасойда, калтакланган жойида ўлган эди. Садир ўртоғи Шаҳриёрни фақат «Дамас» машинасида олиб юрганини айтиб, айбини бутунлай инкор этса-да, жиноий шерикларининг, тирик қолган боланинг, гувоҳларнинг кўрсатмалари ва бошқа далиллар билан босқинчилик ва қотиллик жиноятини ташкил қилишда бевосита қатнашгани исботланди.

Тезкор тергов гуруҳи ходимларининг пухта ташкил этилган тадбирлари натижасида ўта оғир жиноят бир кеча-кундузда фош этилди. Суд бўлди.

Босқинчи қотиллар ва вояга етмаган шериклари турли муддатларга озодликдан маҳрум қилинди. Бош прокуратура томонидан ибратли ишлаётган ходимлар қаторида Шуҳратжон Мусаев муносиб тақдирланди.

Исроил ИБРОҲИМОВ,
«Huquq»