Солиқдан қочиш оқибати

16:30 - 30.11.2021

9

Тадбиркорлик қонун ҳимоясига олинган. Ҳалол тадбиркорлар ҳуқуқларидан фойдаланиш баробарида мажбуриятига ҳам амал қилаяпти. Солиқларни вақтида тўлашмоқда. Мажбуриятига хилоф иш тутиб, солиқ тўлашдан бўйин товлаганлар жавобгарликка тортилаяпти.

Л.М. раҳбар бўлган «Hayot fayz jamshid» масъулияти чекланган жамиятининг 2019–2020 йиллар ва 2021 йилнинг биринчи ярмидаги фаолияти ҳужжатли тафтиш қилинди. Маълум бўлишича, ҳисоботларда ушбу даврда амалга оширилган товар айланмаси 2 млрд. 752 млн. сўмга камайтириб кўрсатилган ва қўшилган қиймат солиғи яширилиб, тўланмаган. Маҳсулот сотувидан тушган 8 млрд. 20 млн. сўм пул кирим қилинмаган, 2 млрд. 445 млн. сўм пул банкдаги ҳисобрақамига топширилмаган. Текширишда жамиятнинг солиқ тўловларидан ҳақдорлиги аниқланиб, 194 млн. 500 минг сўм қўшилган қиймат солиғини қоплашга йўналтирилган.

Судда жамият раҳбари Л.М. нақд пулни назорат-касса машинасига кирим қилмагани, банкка топширмаганини тан олди. Тадбиркорликка яратилган шароитдан фойдаланиб, мажбуриятига хилоф иш тутган Л.М.га ахлоқ тузатиш ишлари жазоси тайинланди.