“Ишбилармон”нинг иштаҳаси

14:30 - 30.11.2021

10

«Қаловини топсанг, қор ҳам ёнади» деган гап бор. Фарангиз (исмлар ўзгартирилган) ҳам ана шундай уддабуронлардан чиқиб қолди. Банкдан имтиёзли кредит олишни ўйлади. Лекин оилавий корхоналари номига ололмайди. Учта оилавий корхонаси номига кредит олиб, ҳозиргача тўлаб келади.

Аёлнинг қўшимча корхона ташкил қилишга эҳтиёжи бўлмаса-да, кредит олиб, фойда кўриш учун яна бир оилавий корхона очишга киришди.

«Тўқимачилик маҳсулотларини безаш» ниқоби остида «Matlubabegim textile» номли оилавий корхонасини ташкил этиб, янги корхона номидан «Агробанк»нинг Самарқанд филиалига кредит сўраб мурожаат қилди. Ўзи танимаган «Alpomish trade shoot» МЧЖнинг шартнома намунасини қўлга киритиб, сохталаштирди. Бу жамият тўқимачилик маҳсулотларини безаш учун ускуна етказиб бермаслигини била туриб, у билан «Feks print» техникасини сотиб олиш ҳақида олди-сотди шартномаси тузди. Уддабурон аёл «Alpomish trade shoot» МЧЖнинг ҳисобрақами ўрнига ўзининг «Amirxon» оилавий корхонасининг ҳисобрақамини кўрсатиб, банкка тақдим қилди.

Кредит шартномасига асосан матога безак бериш цехини ташкил қилиш, тикувчилик маҳсулотларини ишлаб чиқариш ускунаси сотиб олиш учун йиллик 24 фоиз устама тўлаш ва Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги тадбиркорлик фаолиятини ривожлантиришни қўллаб-қувватлаш жамғармаси томонидан 12 фоиз товон тўлаш шарти билан 3 йилда қайтариш шарти асосида 1 млрд. 200 млн. сўм кредит ажратилди. Кредит таъминоти сифатида «Рустамбек» МЧЖга тегишли савдо мажмуаси бинолари ва суғурта полиси гаровга қўйилди. Аёл ажратилган кредитни ўз билганича сарфлади, бошқа корхоналари ҳисобига ўтказди.

Банк маблағнинг тўғри ишлатилиши бўйича юк ҳужжатларини тақдим этишни сўрайди. Бир неча марта «Matlubabegim textile»га огоҳлантириш хатлари юборилади. Бироқ қарздор томон банкнинг барча талабларини жавобсиз қолдирди. Навбатдаги мониторинг давомида корхона томонидан ҳеч қандай ускуна олиб келинмагани ва кредит нотўғри ишлатилгани аниқланди.

Шундан сўнг тўлов топшириғига асосан «Капиталбанк»нинг Самарқанд филиалидан «Alpomish trade shoot» МЧЖ ҳақида сўралганда, банк ходимлари уларда бундай мижоз йўқлигини айтиб, тўлов топшириғидаги ҳисобрақамни сўради. Кейин ҳисобрақам «Амирхон» оилавий корхонасига тегишли, корхонанинг раҳбари Фарангиз эканини маълум қилди…

Суд ҳукми билан айбдорга 5 йилу 2 ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси ва 12 млн. 265 минг сўм жарима жазоси тайинланди. «Агробанк»нинг Самарқанд филиалига етказилган 1 млрд. 200 млн. сўм зарар ва Самарқанд туман солиқ инспекциясига 106 млн. 920 минг сўм солиқ қарзи судланувчидан ундириладиган бўлди.