“Сиз дўконимдаги камерага тушгансиз!”

18:00 - 29.11.2021

11

Маржона (исмлар ўзгартирилган) оила бекаси, икки нафар фарзанди бор. Аёл пулга муҳтож бўлиб қолди. Ҳалол меҳнати эвазига пул топишни истамаган аёл ўғирлик қилмоқчи бўлди.

Ёз кунлари эди. Бозор гавжум. Маржона туман марказидаги буюм бозорига келиб, анча вақт расталарни айланиб юрди. Кейин бир дўконга кирди. Ўзини бирор нарса сотиб олмоқчидай кўрсатиб, дўкон эгаси ва сотувчи бошқа харидорлар билан чалғиб турганда стол устида турган оч  яшил рангли «Redme Note-9» русумли ва шу савдо дўконидаги сотувчи қизнинг «GALAXY J-4» русумли телефонларини ҳеч кимга билдирмай олиб, ташқарига чиқиб кетди. Бозордаги дўконларда кузатув камералари  бўлиши мумкин, деган ўй унинг хаёлига ҳам келмади.

Орадан икки кун ўтиб, Маржона яна бозорга борди. Бу сафар ҳам қуруқ қайтмаслик учун аёл қулай фурсатни пойлади. Расталарни айланиб, бир дўконга кирди. Савдо қилаётган дўкон эгаси телефонини қаровсиз қолдирди. Аёл фурсатдан фойдаланиб, телефонни олиб сумкасига солди ва тезда чиқиб кетди. Бозордаги телефон савдоси билан шуғулланадиган савдогарга телефонни сотиб, пулларини ўз эҳтиёжларига сарфлади.     

Телефонини йўқотган дўкон эгалари кузатув камераларини текширганда Маржонанинг харидор сифатида кириб, телефон олиб чиққани тасвирланганди. Сотувчи қиз аёлнинг юзини эслаб қолганди.

Ўн-ўн беш кунлар ўтиб, Маржона яна бозорга келди. Рўзғорига керакли нарсаларни харид қилмоқчи бўлиб турганда, бир қиз келиб, «Сиз савдо дўконидан телефон  ўғирлагансиз, дўкондаги камерага тушгансиз», деди. Маржона ҳеч нима деёлмай қолди. Сотувчи қиз уни бозор маъмурияти биносига олиб бориб, ички ишлар ходимларини чақирди.

Маржона ҳақиқатдан ҳам телефон ўғирлаганини, телефонлардан иккитасини сотиб, пулларини ўз эҳтиёжига сарфлаганини айтди. Уйида турган бир дона телефон аппаратини ИИБ ходимларига олиб келиб берди. Шунингдек, аёл судда қилган ишидан чин кўнгилдан пушаймонлигини, жабрланувчиларга етказилган зарарларни тўлиқ қоплаганини, уларнинг даъволари йўқлигини инобатга олиб, қонун доирасида енгиллик беришни сўради. Суд ҳукми билан Маржона жазога тортилди.