Фирибгар банкир

16:00 - 29.11.2021

5

Шербек “Агробанк” Шаҳрисабз филиали “Янги-Кеш” банк хизматлари маркази бош менежери лавозимида ишлаб келарди. Пул зарур бўлиб қолиб, таниши Сардорбек Эшонқуловдан 200 АҚШ доллари қарз сўраб борди. Сардорбек унга сўраганини бериб, ўзининг ҳам “дард”ини айтиб қолди:

— Банкдан имтиёзли кредит олиш учун қандай ҳужжатлар тайёрлаш керак?

— Бу масалани ўзим ҳал қиламан, ҳеч қандай оворагарчиликка ҳожат йўқ, – деди Шербек. – Паспортингиздан нусха ва СТИР маълумотномангизни берсангиз бўлди…

Сардорбек у айтган қоғозларни уйидан олиб чиқиб берди. Аммо бир ойлардан сўнг кредит масаласи нима бўлганини сўраганида Шербек ҳозирча кредит учун пул ажратилмаётганини, янгилик бўлиб қолса, хабар беришини айтди.  Орадан анча вақт ўтиб Сардорбекнинг уйига икки нафар банк ходими кириб келиб, уни саволга тутишди:

— Иссиқхона қуриш учун банкдан ўн саккиз миллион сўм кредит олган экансиз. Мониторинг қилиш учун келдик. Қани, иссиқхонангизни бир кўрсатинг?!

— Тушунмадим, қанақа иссиқхона? – деди ҳангу манг бўлиб қолган Сардорбек. – Менимча, сизлар адашаяпсизлар. Мен банкдан ҳеч қандай кредит олганим йўқ…

Банк вакиллари унга кредит ҳақидаги ҳужжатларни кўрсатишганида ҳайрати баттар ошди…

Сардорбекдан ҳам қарз, ҳам ҳужжатларини ундирган Шербек АТ “Халқ банки”нинг Шаҳрисабз филиали бошқарувчиси номига ариза, тегишли далолатнома, ҳисобварақ-фактура, шартнома ва дастлабки мониторинг ҳужжатларига С.Эшонқуловнинг имзоларини сохталаштириб қў­йиб, банкдан 18 млн. сўм имтиёзли кредит олган. У маблағни “Шаҳрисабз томорқа” МЧЖга пул кўчириш йўли билан ўтказишга эришиб, у ердан олинган иссиқхона учун бўлган қурилиш буюмларини қўлга киритган. Уларни сотиб, сотувдан тушган пул маблағини ўзининг эҳтиёжларига ишлатиб юборган экан.

Нафс қутқусидаги Шербек фақат бу билан чекланиб қолмаган экан. Қариндоши Мафтуна Бухорованинг имтиёзли кредит олиш ниятида юрганини билиб, унга танишлари орқали “Халқ банки”дан кредит олишида амалий ёрдам беришини ваъда қилди. Мафтунанинг ҳам паспорт нусхаси ва СТИР маълумотномаси қўлига тушгач, яна эски “ҳунар”ини қўллаб, унинг номига кредит ҳужжатларини расмийлаштирди. Бу сафар кредит олувчини алдаб, имзо қўйдириб олди. 18 миллион сўм кредит маблағи эвазига 5 та тикув машинасини қўлга киритиб, уларни пуллаб юборди. Пулни эса ўз эҳтиёжларига сарфлади…

Жиноят ишлари бўйича Шаҳрисабз туман суди томонидан ўтказилган очиқ сайёр суд мажлисида судланувчи Ш.Норхўжаевнинг жиноят иши кўрилди. Қайд этилишича, Ш.Норхўжаев 1990 йилда Шаҳрисабз туманида туғилган. Маълумоти олий, оилали, 2 нафар фарзанди бор.

Суд ҳукмига кўра Жиноят кодексининг тегишли моддаларига асосан тайинланган жазоларни қисман қўшиш йўли билан Ш.Норхўжаевга узил-кесил ўташ учун иш ҳақининг 20 фоизини давлат даромади ҳисобига ушлаб қолган ҳолда 2 йилу 2 ой муддатга ахлоқ тузатиш ишлари жазоси тайинланди. Етказилган моддий зарар ҳам судланувчи томонидан қопланди. Жабрланувчилар Шербекка нисбатан даъволари йўқ эканлигини қайд этишди.

Фирибгар банкир шу тариқа қилмишига яраша қонун олдида жавоб берди.