Ўғри дугоналар

14:30 - 29.11.2021

6

Тошкент вилояти “Олмалиқ КМК” АЖ Рух заводининг техник назорат бўлимида фаолият юритаётган Мунира Хаитова, Лобар Салиева ва Мастура Ахтамова ҳамда Жайрон Масалиевалар (исм-фамилиялар ўзгартирилган) гўё опа-сингиллардек тушликни бирга қилишар ва бир-бирлари билан сирлашишга одатланишганди. Кунларнинг бирида одатдагидек тушлик қилаётган Жайрон ҳамкасб дугоналарига пластигида пуллари кўпайиб қолганлигини айтиб мақтаниб қолади.

Пул миқдорини эшитган М.Хаитова, Л.Салиева ва М.Ахтамоваларни нафс балоси тинч қўймади. Бир неча кундан сўнг ҳасад ва нафс гирдобига ўралашиб қолган аёллар ҳамкасблари Жайрон Масалиеванинг ҳамёнидан унинг пластик картасини яширин тарзда олиб, пулларни ўзлаштириш режасини тузишади. Улар Тошкент шаҳридаги банкоматлар орқали пластик карта ҳисобида бўлган пуллардан 192 млн. 405 минг сўмини нақдлаштириб олишади.

Жабрланувчи Ж.Масалиеванинг ҳуқуқ-тартибот органларига қилган мурожаатидан сўнг ҳамкасб аёлларнинг кирдикорлари фош этилади. Нақдлаштирилган пуллардан қолган 122 млн. 745 минг сўм ашёвий далил сифатида олинади.     

Ушбу жиноятни содир этиш учун ғоя бериб, режа тузишда бош-қош бўлган М.Хаитова судда унга эълон қилинган айбловга тўлиқ иқрор бўлиб, Ж.Масалиева одамларга фоиз эвазига қарз бериб келишини айтиб, ўзи ҳам  ундан 10 млн. сўм миқдорида қарз олганлигини ва гаров эвазига тилла буюмларини берганини, аммо ушбу қарзни ўз вақтида қайтаролмай кечиктириб тўлаганини маълум қилди. У ўзининг бу ишини гўё қасос ўрнида бажаргандек айтади. Судда сўроқ қилинган ҳамкасб аёллар қандай баҳоналар қилишмасин уларнинг айблари далиллар билан ўз тасдиғини тўлиқ топган эди.

Жиноят ишлари бўйича Олмалиқ шаҳар судида Мунира Хаитова, Лобар Салиева ва Мастура Ахтамоваларга нисбатан ҳукм эълон қилинди. Унга кўра ҳамкасб аёлларга Жиноят кодексининг 169- ҳамда 57-моддаларнинг тегишли қисмига асосан 4 йилу 6 ой озодликдан чеклаш жазоси тайинланди.

Ҳукм қонуний кучга киргач эса, Тошкент вилояти ИИББ ҳузуридаги Тергов бошқармасининг депозит ҳисоб рақамига топширилган 122 млн. 745 минг сўм пул маблағлари етказилган моддий зарарни қоплаш учун жабрланувчи Ж.Масалиеванинг фойдасига қаратилди.