Ерга муносабатлар ўзгармоқда

12:30 - 29.11.2021

14

Аҳоли сони ўсиб, ишлаб чиқариш суръатлари кенгайиб бораётганлиги сабабли ер участкаларига эгалик қилиш, ундан фойдаланиш билан боғлиқ ижтимоий муносабатлар ҳам аввалгисидан бир мунча фарқ қилмоқда. 2021 йил 16 ноябрь куни Ўзбекистон Республикасининг “Қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ер участкаларини хусусийлаштириш тўғрисида”ги қонуни қабул қилинди.

Мазкур қонун билан бинолар ва иншоотлар жойлашмаган, ҳеч қандай мажбуриятлар ва тақиқлар ўрнатилмаган ҳамда жисмоний ва юридик шахсларга қонунчиликка мувофиқ ажратиб берилмаган, давлат мулки бўлган, қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ер участкаси бўш турган ер участкаси сифатида белгилаб қўйилди. Шу вақтга қадар юқоридаги каби бўш турган ер участкасининг аниқ ва тўлиқ таърифи мавжуд эмас, амалиётда бўш турган ер участкаларини аниқлаш ҳамда муносиб эгаларига топшириб, инвестиция киритиш, шунингдек қайта ишга туширишда бир мунча тушунмовчилик ва қийинчиликлар мавжуд эди. Мазкур қонун билан ер участкаларини хусусийлаштиришнинг асосий принциплари, шаҳарсозлик талаблари, ер участкаларини хусусийлаштириш соҳасида давлат бошқаруви органлари ваколатлари ва бошқа қатор муҳим нормалар акс эттириб қўйилди.

Қонуннинг 9-моддасида ер участкаларини хусусийлаштириш жараёни очиқ ва шаффоф бўлиши кераклиги, давлат органлари ва ташкилотлари ер участкаларини хусусийлаштириш тўғрисидаги ахборотдан давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисидаги қонунчиликда белгиланган усуллар орқали эркин фойдаланилишини таъминлаши шартлиги белгилаб қўйилди.

Бундан ташқари, мазкур қонун билан хусусийлаштирилмайдиган ер участкаларининг тоифалари ҳам мустаҳкамлаб қўйилди. Хусусан:

– фойдали қазилма конлари, қонунчиликка мувофиқ хусусийлаштирилмайдиган давлат мулки объектлари жойлашган ер участкалари;

– табиатни муҳофаза қилиш, соғломлаштириш, рекреация мақсадлари ва тарихий-маданий мақсадлар учун мўлжалланган ерлар таркибига кирувчи ер участкалари, шунингдек ўрмон ҳамда сув фондларининг, муҳандислик ва транспорт инфратузилмаси объектларининг муҳофаза зоналари, шаҳарлар ва шаҳарчаларнинг умумий фойдаланишдаги ерлари (майдонлар, кўчалар, тор кўчалар, йўллар, соҳил бўйлари, хиёбонлар, истироҳат боғлари);

– хавфли моддалар билан зарарланган биоген заҳарланишга дучор бўлган ер участкалари;

– қонунчиликда белгиланган тартибда махсус иқтисодий зоналар иштирокчиларига тақдим этилган ер участкалари – махсус иқтисодий зона фаолият кўрсатадиган даврда;

– кўп квартирали уйлар жойлашган, кўп квартирали уйларга туташ ер участкалари;

– давлат-хусусий шериклик лойиҳаларини, ижтимоий шериклик тўғрисидаги келишувлар ва шартномларни амалга ошириш учун берилган, шунингдек юридик шахсларга давлат ва жамият эҳтиёжлари учун берилган ер участкалари хусусийлаштирилмайди.

Бундан ташқари, ер участкаларини хусусийлаштиришда фуқаролик қонунчилигида назарда тутилган тартибда ўзганинг ер участкасидан чекланган тарзда фойдаланиш (сервитут) ҳуқуқи белгиланиши мумкинлиги ҳам мустаҳкамлаб қўйилди. Шу билан бирга, юқоридаги қонун билан ер участкаларини хусусийлаштириш жараёни иштирокчилари, яъни субъектлари ҳам тўғридан-тўғри белгилаб қўйилди. Унга кўра, Ўзбекистон Республикаси фуқаролари ва юридик шахслари хусусийлаштириш субъектлари эканлиги қайд этилди. Чет эллик фуқаролар, фуқаролиги бўлмаган шахслар, чет эл юридик шахслари, чет эл инвестициялари иштирокидаги корхоналар, шунингдек давлат органлари, муассасалари ва корхоналари хусусийлаштириш субъектлари бўла олмайди.

Юқоридагилардан кўриниб турибдики, ер участларини хусусийлаштириш сари қўйилган ҳар бир қадамда хайрли мақсадлар кўзланган.