Прокурорлар — очиқ дарсда

10:30 - 29.11.2021

5

2022 йил 8 январда Ўзбекистон Республикаси прокуратураси ташкил этилганига 30 йил тўлади. Шу муносабат билан таълим муассасаларида очиқ дарслар ўтказилмоқда. Фарғона вилояти прокуратураси томонидан Тошкент ахборот технологиялари университетининг вилоят филиалида талаба-ёшлар, ўқитувчилар, прокуратура ходимлари иштирокида бўлиб ўтган очиқ дарсда прокуратура органларининг шаклланиш тарихи ҳамда ҳозирги фаолияти хусусида батафсил маълумот берилди.  

1992 йил 9 декабридаги Ўзбекистон Республикасининг “Прокуратура тўғрисида”ги қонуни (2001 йилда янги таҳрирда қабул қилинган) билан прокуратура органларининг жамиятда қонун устуворлигини таъминлаш, қонунийликни мустаҳкамлаш, фуқароларнинг ҳуқуқ ҳамда эркинликларини, жамият ва давлатнинг қонун билан қўриқланадиган манфаатларини, конституциявий тузумни ҳимоялаш, жиноятчиликка қарши кураш, ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш ва профилактика қилишдаги асосий вазифалари белгилаб берилди.

Қонунда қайд этилганидек, прокуратура органлари томонидан вазирликлар ва давлат қўмиталари, идоралар, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, жамоат бирлашмалари, корхоналар, муассасалар, ташкилотлар, ҳокимликлар ва бошқа мансабдор шахслар томонидан қонунларнинг ижро этилиши, фуқароларнинг ҳуқуқ ҳамда эркинликларини таъминлашга қаратилган қонунлар ижроси назорат қилиб борилмоқда. 

Тезкор қидирув фаолиятини, суриштирувни, дастлабки терговни амалга оширадиган органлар томонидан қонунларнинг ижро этилиши устидан назорат ўрнатилган, уларнинг жиноятчиликка қарши кураш борасидаги фаолияти мувофиқлаштирилаяпти, жиноятлар  тергов қилинаяпти.  Судларда жиноят ишлари кўриб чиқилаётганида давлат айбловини қувватлаш, фуқаролик ишлари, маъмурий ҳуқуқбузарликлар ҳамда иқтисодий низоларни кўришда иштирок этиш, қонунга зид суд ҳужжатларига протест келтириш борасида самарали фаолият юритилмоқда.

2001 йилда ташкил этилган прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти  (Солиқ ва валютага оид жиноятларга ва жиноий даромадларни легаллаштиришга қарши курашиш департаменти) тараққиётга ғов иллатлар, коррупцияни келтириб чиқарувчи омилларни бартараф этиш борасида мунтазам иш олиб бормоқда.

2017 йилда Президент фармони билан ташкил этилган прокуратура хузуридаги Мажбурий ижро бюроси (МИБ) фаолияти давомида юридик ва жисмоний шахсларнинг фойдаланилган моддий ресурслар, банк кредитлари,  коммунал ва бошқа хизматлардан қарздорликларини камайтириш борасида сезиларли натижаларга эришди. Оиласидан ажрашган, фарзандлари олдидаги бурчини бажаришга лоқайд қараган кимсаларнинг суд қарорига амал қилиш, алимент тўловида масъулиятлари кучайтирилаяпти, қарзларни ундиришнинг қатъий чоралари кўзланган натижани бераяпти. Очиқ дарслар барча шаҳар ва туманларда ташкил этилмоқда.