Меҳнат низоси адолатли ҳал этилди

18:00 - 26.11.2021

6

Ҳар бир инсон ўзи орзу қилган касб билан шуғулланишни истайди. Фуқаро Ғ.Б. ҳам узоқ йиллик меҳнати билан вилоят божхона органлари тизимидаги юқори лавозимларга муносиб топилиб, соҳада ўз ўрнига эга бўлган ходим саналган. Ўз навбатида, у ташаббускорлиги учун бир неча марта рағбатлантирилган. Бироқ, Ғ.Б. ноҳақ айбловлар таъсирида эришган ютуқларидан маҳрум  бўлиб,  ғайриқонуний  равишда  ишдан  бўшатилган.

Аниқланишича, Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитасининг 2013 йил 25 апрелдаги тегишли буйруғига асосан Ғ.Б. божхона хизмати органларидан бўшатилган. Кейинчалик жиноят иши доирасида Ғ.Б. Ўзбекистон Республикаси ЖПКнинг 221-моддаси тартибида ушланган ва суднинг 2013 йил 5 апрелдаги ажримига асосан унга “қамоққа олиш” тўғрисидаги эҳтиёт чораси қўлланилган.

Жиноят ишлари бўйича Навоий вилояти судининг 2013 йил 5 июндаги ҳукмига кўра, Ғ.Б. Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 210-моддаси 3-қисми “б” банди ва 209-моддаси 2-қисми “а” банди билан айбдор деб топилиб, унга ЖКнинг 59-моддасига асосан 6 йил озодликдан ва 3 йил муддатга масъул мансабдорлик ва моддий жавобгарлик ишларида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилиш жазолари тайинланган.

Жиноят ишлари бўйича Навоий вилояти суди кассация инстанциясининг ажрими билан жиноят ишлари бўйича Навоий вилояти судининг Ғ.Б.га нисбатан чиқарилган ҳукми бекор қилиниб, у ЖКнинг тегишли банди билан айбсиз деб топилган ва ЖПКнинг 83-моддаси, 2-бандига асосан оқланган. Шундан сўнг, даъвогар Ғ.Б. реабилитация қилинганлиги сабабли етказилган моддий зиённи ундириш ва ишга тиклашни сўраб жиноят ишлари бўйича Навоий вилояти судига ариза билан мурожаат қилган.

Жиноят ишлари бўйича Навоий вилояти судининг 2020 йил 26 июндаги ажримига асосан даъвогар Ғ.Б.нинг аризаси қисман қаноатлантирилиб, давлат бюджети ҳисобидан даъвогарнинг фойдасига 143 млн. 859 минг 775 сўм ойлик иш ҳақларини ундириш белгиланган ва ишга тиклаш масаласида фуқаролик судига мурожаат қилиш ҳуқуқи тушунтирилган. Оқланганидан сўнг Ғ.Б. қўмитага мурожаат қилиб, хизматга тиклашни сўраган. Аммо унинг мурожаати рад этилган.

Ғ.Б. ўзига нисбатан қўзғатилган асоссиз жиноят иши натижасида хизматдан бўшатилганлигини маълум қилиб, жиноят иши бўйича оқланганидан кейин ишга қайтиб олинмаганлиги сабабли ҳуқуқларини ҳимоя қилишни сўраб судга мурожаат қилган. Ғ.Б. касбига бўлган муносабати ва адолат қарор топишига ишончи туфайли поймол этилган меҳнат ҳуқуқлари тикланишидан умидвор бўлган. Дастлаб фуқаролик ишлари бўйича Кармана туманлараро судининг 2020 йил 14 декабрдаги ҳал қилув қарори билан Ғ.Б.нинг даъво талаблари рад этилган. Сўнгра Навоий вилояти суди апелляция инстанциясининг 2021 йил 25 январдаги ҳамда Олий суд фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъатининг 2021 йил 10 июндаги ажримлари билан мазкур ҳал қилув қарори ўзгаришсиз қолдирилган. 

Жиноят процессуал кодексининг 301-моддасида оқлов ҳукми, шунингдек  ушбу Кодекснинг  83-моддасида  назарда тутилган ҳолатлар шахсни реабилитация этишга асос бўлиши кўрсатилган. Шунингдек, кодекснинг 312-моддасида реабилитация этилган шахснинг ўз ҳуқуқларини талаб қилиш муддати кўрсатилган бўлиб, унга кўра, меҳнат ёки бош­қа ҳуқуқларни тиклашни сўраб, бир йил мобайнида талаб қилиши мумкин. Бироқ судлар мазкур низони кўриб чиқишда юқорида қайд этилган қонун талабларига риоя этмасдан, Меҳнат кодексининг 270-моддасида қайд этилган муддат (бир ой)ни қўллаб, хатоликка йўл қўйган.

Бундан ташқари, Ғ.Б.нинг божхона органларидан ўз хоҳишига кўра ишдан бўшаш ҳақидаги аризаси ёки билдиргиси иш ҳужжатларида мавжуд эмас, балки унга нисбатан жиноят иши қўзғатилиб, тергов давомида тайинланган хизмат текшируви хулосасига кўра жиноят иши доирасида ишдан бўшатилган, яъни жиноят содир этганлигини рўкач қилиб, у билан тузилган меҳнат шартномаси бекор қилинган.

Фуқаро Ғ.Б.нинг ёзган шикоятига асосан Бош прокуратура томонидан ушбу суд қарорларига нисбатан Олий судга протест келтирилди.

Олий суд фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъатининг 2021 йил 21 сентябрдаги ажрими билан Бош прокуратуранинг протести қаноатлантирилиб, фуқаро Ғ.Б.ни божхона органларида ишлаган аввалги лавозимига қайта тиклаш ҳақида янги қарор қабул қилинди. Хулоса шуки, Ғ.Б.нинг бузилган ҳуқуқлари прокуратура аралашуви билан тикланиб, меҳнат низоси адолатли ҳал этилди.